Юртимиз мустақилликка эришгандан кейин Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси-Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон Жаноби олийларининг бевосита ташаббуси билан 2010 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси ўзининг 64-сессиясида 21 мартни "Халқаро Наврўз куни", деб эълон қилиш тўғрисидаги резолюцияни қабул қилди.
Унга кўра ҳар йили 21 март Халқаро Наврўз байрами сифатида дунё бўйлаб кенг нишонланади. Биринчи марта 2012 йил Халқаро Наврўз байрами мамлакатимиз пойтахти - Душанбе шаҳрида олий даражада нишонланди.
ЭРОНДА
Эрон Ислом Республикасида совуқ кунларнинг охирлашиши билан Наврўз байрамига тайёргарлик кўрилади. Исфандмоҳ (феврал) ойнинг биринчи ўн кунлигиданоқ эронлик аёллар буғдой ва бошқа донларни кўкартиришни бошлашади. Кўк, кўзгу ва қирмиз балиқ Наврўз байрами учун ясатиладиган дастурхонга қўйиладиган асосий нарсалардан саналади. Бундан ташқари, байрам дастурхонига еттита "с" ҳарфидан бошланувчи гул қўйилади.
Наврўз кириб келиши билан одамлар кўзгуларни рўпарасига қўйиб, чироқларни ёндириб, хонадонларининг баракаси учун Қуръон тиловат қилишади.
ТУРКМАНИСТОНДА
Туркманистонда қадим-қадимдан Наврўз байрами одамларнинг ризқу рўзлари сабабчиси бўлган деҳқонларнинг байрами ҳисобланади.Шу сабабли Капетдоғ этаклари Амударё соҳилидаги деҳқонлар Наврўзни тантанали равишда байрам қилишади.Туркман халқига хос бўлган айрим урфу одатлар ушбу байрамга миллийлик бахш этган. Масалан, Наврўзгўжа, Наврўзбома таомларини пишириш ҳамда сумалакни тайёрлаш ва ёшлар томонидан манжуқ отди каби ўтмишдан расм бўлган турли ўйинларни бажариш бунга мисол бўла олади. Туркманлар орасида йил бўйи ўтказиладиган от пойгаси мусобақаси Наврўз пайтида ўзгача шукуҳ касб этади. Шунинг учун ҳам, от пойгаси мусобақаси туркманларнинг наврўзий расм-русумларининг таркибий қисми ҳисобланади.
ЎЗБЕКИСТОНДА
Ўзбекистонликлар Наврўзни Марказий Осиёнинг бошқа халқлари қаторида шаҳарларнинг улкан боғлари, майдонлар, маданият марказлари, қишлоқларда эса, очиқ ҳавода, табиат қўйнида, наврўзий сайлгоҳларда байрам қилишади. Баҳор фасли кириб келиши билан ўзбек аёллари тўпланишиб, эндигина майса урган буғдой ширасидан сумалаклар тайёрлашади. Наврўз байрамида одамлар сайилгоҳларда миллий куй-қўшиқларни ижро этишади, ўлан-лапарлар айтилади. Наврўз қайд этиладиган жойлар одамлар орасида Наврўзбулоқ, Наврўзсой, Наврўзтепа деб аталади.
АФҒОНИСТОНДА
Афғонистон Ислом Республикасида бошқа давлатларга қараганда, Наврўз анча шаҳомат билан қайд қилиниб, 40 кун давом этади. Наврўз байрами, асосан, Мазори Шарифда ўзига хос тарзда нишонланади. Деҳқонлар мўл-кўл ҳосил олиш мақсадида экин-тикин ишларини бошлаб юборишади. Боғбонлар эса, ниҳол ўтқазишади. Байрам арафасида кураш ва улоқ мусобақалари уюштирилиб, халқ Наврўз сайлига чиқади. Ҳар бир хонадонда яхши ниятлар билан сумалак пиширилади. Афғонистон ва тожикистонликларнинг сумалак пишириш пайтида айтадиган қўшиқлари бир-биридан деярли фарқ қилмайди. Наврўз байрами ҳар бир қишлоқ, шаҳар ва вилоятларда навбат билан ўтказилади.
ҚОЗОҒИСТОНДА
Қозоғистон халқи Наврўзни баҳор байрами, деб билади. Уларнинг фикрича, Наврўз куни само юлдузлари бошланғич нуқтага етиб келадилар ва Ер юзида шод-хуррамлик барқарор бўлади. Наврўз қозоқлар учун ҳам йилнинг ибтидоси ҳисобланади. Улар орасида Наврўз йил давомида орзиқиб кутилган кундир.Наврўзда файз-барака осмондан ерга тушади, деган ақида ҳам мавжуд. Қозоқлар йил алмашадиган лаҳзаларда уйларининг покиза бўлишини ёқтиришади. Янги йил кириб келишида уй ва ҳовлилар тоза ва озода бўлса, оила аҳли ўша йили касаллик ва бахтсизликлардан омонда бўлишади, деб билишади. Наврўз куни қор ёки ёмғир ёққан тақдирда, қозоқлар йил файзли келади, деб қувонишади.
ХИТОЙДА
Хитой Халқ Республикасининг ғарбий ҳудудларида Наврўз нафақат мазкур байрамни нишонлайдиган миллатлар, балки хитойликлар томонидан ҳам кенг нишонланади. 21 март куни одамлар ёрқин либосларга бурканишиб, қўлларида гулдаста ва лойдан ясалган ҳўкизларнинг ҳайкалчалари билан ибодатхонага йўл олишади. Байрамнинг энг улкан - бош ҳўкизи эса, бамбук ва қоғозлардан ясалади. Жонивор олов, сув, темир, дарахт ва ер рамзларини англатувчи - қора, оқ, қизил, яшил ва сариқ рангларга бўялади. Байрам қизиган бир паллада барча ҳайкалчалар майда-майда қилиб синдирилиб, бамбукдан ясалган улкан ҳўкиз оловда ёндирилади.
ПОКИСТОНДА
Бу мамлакатда Наврўз байрами минг йиллардан буён нишонланиб келинади, деган фикрлар ҳам бор. Покистонда Наврўзнинг биринчи кунини "Нур дунёси" ҳам дейишади. Чунки мазкур байрам кириб келиши билан бутун оламни ўз нурлари билан мунаввар айлайди. Наврўз айёмида шеър ва само рақси кечалари ўтказилади. Наврўз Покистонда "Қизил гул байрами" деб ҳам аталади. Тақвимларда эса, "Наврўз байрами" сифатида белгиланади. Шунингдек, халқ орасида "Басант"-"Баҳор байрами" сифатида ҳам юритилади. Қариндош-уруғлар қабрларини зиёрат этиш, яқинлар ва дўстлар ҳолидан хабар олиш бу мамлакатда Наврўз айёмида бажариладиган амаллардан саналади. Бундан ташқари халқ орасида қизиқарли ўйинлар ўтказилади.
ОЗАРБАЙЖОНДА
Наврўз Шарқ халқларининг севимли ва бош байрами ҳисобланади. Жумладан, Озарбайжонда ҳам Наврўз кенг нишонланади. Байрамнинг биринчи куни одамлар дарё ёки булоққа бориб, унинг сувини бир-бирларига сепадилар. Озарбайжонликлар сувни поклик ва тозалик рамзи сифатида кўришади. Шу тариқа улар янги йилда бир-бирларига бахт-саодат тилайдилар. Шундан сўнг, бир-бирларини ширинликлар билан меҳмон қиладилар. Наврўз куни, албатта, ширинлик истеъмол қилиш уларнинг азалий одати ҳисобланади.
Зуҳриддин Умаров тайёрлади.