МАДАНИЯТ

СЎЗ ЭРКИНЛИГИ, ҚАЛАМ МАСЪУЛИЯТИ, ЖУРНАЛИСТ ҚАДРИ

Муаллиф: Super user Категория: МАДАНИЯТ
Чоп этилган 19 Март 2015 Кӯришлар: 2448
Печат

 

suz erkinligiЎтган ҳафта мамлакатимизда журналистлар касбий байрами кенг тарзда нишонланди. Илк марта бундан бир юзу уч йил илгари 11 мартда чопдан чиққан «Бухорои шариф» газетаси ташкил топган кун мустақилликка эришган Тожикистонимизда журналистлар касбий байрами санаси сифатида 1994 йилдан буён нишонланмоқда. Абулқосим Лоҳутий номли Давлат академик драма театрида ўтказилган тантанали йиғилишда республика Маданият вазирлиги, Журналистлар иттифоқи масъуллари ҳамда кўп сонли қалам аҳли - ижодкорлар иштирок этишди.

- Тожикистон Республикаси Конституциясида белгиланганидек, жамиятимизда демократия принциплари тўла ҳаётга татбиқ этиляпти, - деди мамлакат Маданият вазири Шамсиддин Орумбекзода журналистларни касбий байрамлари билан табриклаб. - Демократик тамойиллардан бири - сўз эркинлиги мамлакатимиз қаламкашларига яратилган муҳим имкониятлардан ҳисобланади. Айни пайтда республикамизда амал қилаётган 300 дан ортиқ нашрияларнинг 200 тасидан ортиғи, фаолият юритаётган 11 та ахборот агентликларидан 10 таси хусусий эканлиги ҳам Тожикистонда сўз эркинлиги таъминланганлигини тасдиқлайди. Ҳар йили янгидан-янги газеталар, журналлар қайддан ўтаётганлиги ҳам ахборот фазосининг кенгайиб бораётганидан далолатдир. Шунингдек, замонавий технология ютуғи - интернет тармоғидан ҳам мамлакатимизда кенг миқёсда фойдаланилади. Бугун ўз сайтига эга бўлмаган бирор-бир ташкилот ёки муассасани топиш қийин. Буларнинг барчаси сўз эркинлиги маҳсули эканлигини тан олмай илож йўқ.

Шамсуддин Орумбекзода журналистларни қутлар экан, демократик жамиятда сўз эркинлиги таъминланганлиги қалам аҳли зиммасидаги масъулиятни янада оширишини таъкидлаб ўтди. Вазирнинг айтишича, жаҳонда юз бераётган глобал ўзгаришлар ҳар бир журналистдан айтилаётган сўзга, ёзилаётган мисрага масъулият ҳисси билан ёндашиш лозимлигини уқтириб ўтди. Зеро, сўзнинг чексиз қудрати, қаламнинг ўткир кучи жамият ҳаёти учун жуда муҳим омил ҳисобланади.

Сўнгра мамлакат Маданият вазирлиги кўпгина нашриялар, фахрий журналистлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакилларига байрам муносабати билан совғалар тақдим этди. Бир қатор журналистларга «Тожикистон Республикаси матбуоти аълочиси» унвони топширилди.

- Мамлакатимиз тараққиётида таъсирбахш сўзлари, ўткир қаламлари ҳамда жасоратлари билан муносиб улуш қўшиб келаётган журналистлар меҳнати истиқлолият йилларида муносиб қадрланиб келмоқда, - деди Маданият вазири ўринбосари Бунафша Одиназода журналистларни қутлаб. - Қаламкашлар ўз навбатида бу рағбатга жавобан ўз вазифаларини астойдил бажаришмоқда. Ҳаётимизнинг барча соҳаларидаги янгиликларни ёритиш, жамиятдаги нуқсонларни очиб ташлашда қалам аҳлига ютуқлар тилайман.

- Қалам билан ишлашнинг ўзига хос заҳмати бўлади, - деди Тожикистон журналистлар иттифоқи раиси Акбарали Сатторов. - Журналистиканинг ана шу сўқмоқли йўлидан бориш, менимча, жасоратнинг серқирра кўриниши.

Акбарали Сатторов ҳамкасбларини табриклаб, бир қатор ёш журналистларга иттифоқ томонидан хотира тўҳфалари топширди.

Сўнгра тантанали йиғилишнинг энг муҳим ва ҳаяжонли лаҳзаси - Журналистлар иттифоқининг Аблуқосим Лоҳутий номли мукофотини топшириш маросими бошланди.

«Телевидение» номинациясида журналистларнинг бу юксак мукофотига ТВ «Сафина» телеканалининг диктори Нигинаи Мўъмин сазовор, деб топилди. «Радио» номинациясида радиожурналист Абдуғаффор Убайдуллоевга бу мукофот насиб этди.

«Публицистика ва журналистика» номинациясида Абулқосим Лоҳутий мукофотига Масрур Абдуллоев ва Сирожиддин Икромийлар лойиқ, деб топилди.

«Чоп бўладиган оммавий ахборот воситалари» номинациясида журналистлар Абдулвоҳид Маликов ва Эркин Шукуровлар А. Лоҳутий мукофотига сазовор бўлишди.

- Бу ерда тўпланган журналистларнинг ҳар бири мазкур мукофотни олишга лойиқдир, - деди ўз сўзини якунлаб А. Сатторов. - Келгусида ҳам муносиблар Журналистлар иттифоқининг юксак мукофоти билан тақдирланаверади…

Дарҳақиқат, журналистика заҳматини чекаётган ҳар бир қаламкаш энг юксак мукофотни олишга сазовордир.

Газетамиз таҳрир ҳайъати аъзолари ҳамкасбимиз Эркин Шукурнинг Тожикистон журналистлар иттифоқи Абулқосим Лоҳутий мукофоти билан тақдирланишини ҳар биримизга тегишли мукофот, деб ҳисоблайди. Ўтган йил бадалида «Тинчлик сўзи - нақадар азиз» рукни билан силсила публицистик мақолалар ёзган Эркин Шукурнинг меҳнати журналистлар иттифоқи томонидан муносиб қадрланганидан бошимиз осмонга етди.

Тожик матбуоти кунига бағишланган тантанали йиғилишда мамлакатимиз санъаткорлари томонидан дирабо куй, дилкаш қўшиқларнинг ижро этилиши унга байрамона руҳ бағишлади…

 

Искандар МАҲМАДАЛИЕВ,

«Халқ овози».