МАДАНИЯТ

«Мен жилғаман, дарё бўлиб тошгим келади…»

Муаллиф: Super user Категория: МАДАНИЯТ
Чоп этилган 02 Июл 2018 Кӯришлар: 909
Печат

 

dutorchi 2018Дуторнинг ҳазин оҳанги кузда япроқларнинг шивирлашидек, ариқда шилдираб оқаётган сув овозидек оромбахш ҳамда тингловчини гоҳ у, гоҳ бу ҳолга солиб, унга мозийдан хабар келтиргувчи садодек гўё.

Миллий мусиқа чолғуси – дуторнинг ана шундай сеҳрли оҳангини ҳаётининг мазмуни, деб билган ва нозик бармоқлари фақат дутор чертишга муносиб муғанний қизларимиздан Ҳуррият Ҳасановани суҳбатга чорладик…

- Муштарийларимизга ўзингиз ҳақингизда маълумот берсангиз.

- 1997 йилнинг 4 декабрида Турсунзода шаҳрида дунёга келганман. Оилада 5 нафармиз. Дадам Жўрабек Ҳасанов - уста. Онам Ҳанифа Ҳасанова - уй бекаси.

- Сўзларингизга қараганда, оилангизда санъаткорлар йўқ экан. Санъат соҳасига кириб келишингиз қандай кечган?

- Аслини олганда, оиламизда санъаткорлар йўқ, десам хато қилган бўламан. Авлодларимизда қўшиқчилар бор. Дадам ҳам санъаткор бўлишимни жуда хоҳлаган. Шу сабабли, дадам ёшлигимдан санъатга, айниқса, дутор-миллий мусиқа асбобини чалишга бўлган қизиқишимни англаб, ўқувчилик вақтимдаёқ санъат мактабига етаклаб борган. Санъат мактабидаги биринчи устозим - Анора Неъматуллоева мендан вақт ва меҳрини аямай дутор чалишнинг сир-асрорларини ўргатган.

Санъатга бўлган бу қизиқишим мени Т. Сатторов номидаги Тожикистон миллий консерваториясига етаклади. Ҳозирда бу санъат таълимгоҳининг тожик миллий мусиқаси факултети, анъанавий шашмақом созандалари бўлимининг 3-курсини битирдим.

- Биламизки, чолғу асбоб турлари жудаям кўп. Сиз нима учун айнан, дуторни танлагансиз?

- Ҳар бир сознинг ўз сеҳри бор. Уларни тингласангиз, куй орқали чолғувчининг нима демоқчилигини билиб оласиз. Миллий созларимиз оҳанги дилга яқинлиги билан мени мафтун этган. Айниқса, дутор. Қандай қилиб иккита тордан шундай чиройли куй таралиши мумкинлигини кўп ўйлаганман. Бу каби саволлар мени бу чолғу асбобини чуқурроқ ўрганишга ундаган.

- Ҳар бир ижодкорнинг илҳомчиси бўлади, дейишади. Сизнинг илҳомчиларингиз кимлар?

- Кўпроқ устозим Сирожиддин Жўраев ижоди ва ота-онамнинг қўллаб-қувватлашидан илҳомланаман.

- Ёш бўлишингизга қарамасдан бир нечта мукофотлар соҳиби экансиз…

- Ёшлар ўртасида кўплаб танловлар ташкил этилаётгани юртимизда санъатга, хусусан, мусиқага катта эътибор берилаётганидан дарак беради. Ёш авлодга берилаётган бу имкониятлардан тўлиқ фойдаланиш мақсадида, кўплаб танловларда иштирок этаман. Жумладан, «Истиқлол тараннуми» («Тараннуми истиқлол»), «Ҳунар бойлиги» («Ганжи ҳунар») ва бошқа кўрик-танловларда қатнашиб, 1-ўрин, мукофот ҳамда дипломлар билан тақдирланганман.  

- Келажакдаги орзу ва режаларингиз ҳақида ўртоқлашсангиз.

- Орзуларимга аста-секинлик билан эришаяпман, десам ҳам муболаға бўлмайди. Келажакда устозим Сирожиддин Жўраев каби дутор садоларини сайёранинг турли бурчакларида тараннум этиб, тожик миллий соз ва куйларини дунёга танитмоқчиман.

 

P.S.: Санъаткор асари орқали ўз қалбини очади ва шу йўсинда бизнинг қалбимизга кириб келади, дейишади. Редакциямизда меҳмон бўлган Ҳуррият Ҳасанова газетамиз ходимларини ўз созида ижро этган куйлари билан хушнуд этиб, ҳар биримизнинг қалбимизга илиқлик олиб кирди. Биз ҳам Тожикистонимизнинг шундай ёш истеъдодли фарзандлари борлигидан фахрландик.  

 

Суҳбатдош: Садоқат Абдуразоқова,

«Халқ овози».

Joomla блог