МАДАНИЯТ

Шерали Жўраев: -Тожикистонликлардай меҳмондўст халқ дунёда топилмайди!..

Муаллиф: Super user Категория: МАДАНИЯТ
Чоп этилган 10 Май 2018 Кӯришлар: 891
Печат

 

sh juraev 2018Санъатга ҳеч қандай чегара ва тўсиқларни назар-писанд қилмайдиган қудратли куч, диллару элларни бир-бирига боғловчи сеҳрли ришта, дея баҳо беришади. Чиндан ҳам, санъат ва маданият халқлар ўртасидаги дўстлик, биродарликни мустаҳкамлашда салмоқли ўрин тутади. Жорий йилнинг 9 март куни муҳташам “Борбад” қасрида тожик ва ўзбек санъаткорлари иштирокида бўлиб ўтган “Дўстлик оқшоми”да бу қадим ҳақиқатга яна бир карра имон

келтирдим.

Қардош ўзбек ва тожик халқларининг азалий ва абадий дўстлиги тараннум этилган, икки халқ санъати ва маданиятининг муштарак жиҳатлари кўз-кўз қилинган ушбу тарихий концерт дастурида қатнашиш бахтига муяссар бўлганимдан хурсандман. Бу кун ҳаётимдаги унутилмас кунлардан бири бўлди, десам муболағага йўйманг. Бутун Марказий Осиёга донғи кетган забардаст доирачи, Тожикистонда хизмат кўрсатган артист, устоз Абдусаттор Фозилов “Дўстлик оқшоми”да чиқиш қиладиган доирачилар сафига мени ҳам таклиф қилганларида жуда қувондим. Ахир, олий мартабали меҳмонларнинг ҳузурида ўз маҳоратингни кўрсатишинг, қолаверса, эл ардоғидаги санъат дарғалари билан бир саҳнада туришинг олий шараф-ку. Хуллас, ўз ишининг устаси Абдусаттор ака раҳбарлигида биз доирачилар концертга тайёргарлик кўра бошладик.      

Ниҳоят, соғиниб кутилган кунлар ҳам етиб келди. 8-9 март кунлари “Борбад” қасри икки халқнинг санъат усталари, маданият ходимлари билан гавжум бўлди. Икки кун давомида қўшни Ўзбекистондан келган санъаткорлар билан ёнма-ён туриб ишладик. Тайёргарлик жараёнида машҳур ўзбек хонандалари Шерали Жўраев, Фаррух Зокиров, Озодбек Назарбеков, Юлдуз Усмонова, Матлуба Дадабоева ҳамда моҳир созандалар Абдуҳошим Исмоилов, Абдулаҳад Абдурашидов, Абдураҳмон Холтожиев ва бошқалар билан яқиндан мулоқот қилдик. Кўпчилик инсонлар билан дўст тутиндик. Хоразмлик санъаткорлар ака-ука Эшчоновлар, Бунёдбек Саидов, Дилмурод Султонов, шунингдек, Шарофиддин ва Ғуломжон каби доирачилар билан дўстлик, санъат, маданият ҳақида самимий суҳбатлашдик. Қайси бир ўзбекистонлик билан мулоқот қилмай, жонажон мамлакатимиз пойтахти – Душанбе таниб бўлмас даражада ўзгариб кетгани, шаҳарда амалга оширилган ободончилик ва бунёдкорлик ишлари ҳақида тўлқинланиб гапирарди. Уларни, айниқса, тожик халқининг меҳмоннавозлиги ва самимияти ҳайратга солганди.

-Кўп мамлакатларда гастролда бўлганман. Лекин ҳеч қаерда Тожикистонда бўлганидек қизғин ва самимий кутиб олишмаган. Меҳмонга иззат-икром кўрсатиш борасида сизнинг халқингизга тенг келадигани дунёда топилмайди,-дейди Ўзбекистон Халқ артисти Шерали Жўраев. Бошқа ўзбек санъаткорларининг юз-кўзларидан ҳам бу ҳақли эътирофни уқиш қийин эмасди.

Бир неча ойлик меҳнат ва изланишлар самараси бўлган ушбу маданий дастур томошабинлар ҳукмига ҳавола этилди. Бу қўшма концерт икки халқ санъати ва маданияти, урф-одати, кийиниши ва ҳаёт тарзи қанчалар бир-бирига уйғун эканлигини яна бир марта очиқ-ойдин кўрсатди. Ўзбекистон Халқ артисти Матлуба Дадабоева томонидан маромига етказиб ижро қилинган машҳур тожикча қўшиқ - “Муҳаббат” бой тожик санъатига чуқур эҳтиромнинг ёрқин намунаси бўлди. Ўзбекистон Халқ артисти Озодбек Назарбеков бобокалонимиз Абдураҳмон Жомий ғазали билан “Меҳри ў” қўшиғини куйлаб, тожик тили ва адабиётига ўз ҳурмати ва муҳаббатини изҳор этди. Айниқса, икки улуғ ҳофиз – Жўрабек Муродов ва Шерали Жўраев томонидан биргаликда куйланган тожик ва ўзбек тилларидаги тарона барчани тўлқинлантириб юборди. Концертнинг якуний қисмида биз – 30 кишилик доирачилар гуруҳи икки томондан саҳнага чиқиб, тожик ва ўзбек санъатида бирдек кенг қўлланиладиган, етакчи аҳамиятга эга мусиқий асбоб – доира ёрдамида ўз маҳоратимизни кўрсатдик. Уюштирган доирабазмимиз залда ўтирганлар томонидан яхши кутиб олинди.

Мана, орадан бир муддат вақт ўтган бўлса-да, ҳалиям ўша концертдаги ҳолат таъсирида юрибман. Икки халқнинг дўстона алоқаларида янги саҳифа очилгани муносабати билан ўтказилган бу шукуҳли концертни кўп йиллар эслаб юрамиз. Ўзбекистонлик ҳамкасбларимизни кузатар эканмиз, улар бизни ўз юртларига меҳмонга чорладилар. Қалбида сўнмас қуёш порлаган, руҳиятини ажиб бир мамнунлик ҳисси чулғаб олган, бир-бирини қўйиб юборишга кўзи қиймаётган тожигу ўзбек яна яхши кунларда учрашиш ниятида хайрлашдик.

Аллоҳга шукр, чегаралар очилди, энди бемалол борди-келди қиламиз, Худо хоҳласа. Ҳа, шундай. Эндиликда бирда мезбон бўлсак, бирда меҳмон бўламиз.    

 

Фарҳод МАЖИДОВ, Тожикистон

маданияти аълочиси.

Joomla блог