Йил бошидан буён мамлакатимизнинг 301 минг 654 нафар фуқароси Россияга меҳнат муҳожирлигига жўнаб кетган. Бу ҳақда Тожикистон меҳнат, муҳожирлик ва аҳолини иш билан таъминлаш вазири Сумангул Тағойзода жорий йил биринчи ярми якунига бағишланган матбуот анжуманида маълум қилди. С.Тағойзоданинг таъкидлашича, Тожикистоннинг Россия Федерациясига йўл олган фуқаролардан 6 минг 43 кишиси Қозоғистонга кетган.
Йил бошидан буён меҳнат ва аҳолини иш билан таъминлаш идораларига 72645 фуқаро мурожаат қилган бўлиб, шундан 45859 нафари иш изловчи сифатида қайдга олинди ва 30507 киши расман ишсиз мақомини олди. Аҳолини иш билан таъминлашга кўмаклашиш дастури тадбирларини амалга татбиқ этиш натижасида 23823 ишсиз фуқаро иш жойлари билан таъминланди. Жумладан, 1865 киши квота бўйича ва 2034 фуқаро хусусий корхоналарда иш жойлари ташкил қилиш орқали ишга жойлашди.
Бўш иш жойлари кўргазмаси ўтказилиши билан 5478 киши ишга йўлланма олган бўлиб, шундан 3227 фуқаро иш топди. Шу билан бир вақтда, бўш иш жойлари кўргазмаси асосида 4835 киши касб ўрганишга сафарбар этилиб, 1468 фуқаро маош тўланадиган жамият ишларига жалб қилинди. 5558 фуқаро ишсиз қолганлиги туфайли уч ой мобайнида ишсизларга бериладиган ёрдам пули олди.
Тожикистон Республикаси Президенти қошидаги Статистика агентлиги маълумотларига кўра, 2016 йилнинг январ-март ойларида жисмоний ва ҳуқуқий шахслар томонидан ҳаммаси бўлиб 35151та янги иш жойлари яратилди.
Сумангул Тағойзоданинг сўзлашича, 2016 йилнинг биринчи ярмида 267 минг 994 нафар эркак ва 40 минг 682 нафар аёл хорижга сафар қилган.
Меҳнат муҳожирларининг хорижга йўл олиши ўтган йил шу даврига нисбатан 27 минг 949 нафар ёки 8 фоизга камайган.
Ватанга қайтган 160 минг 434 фуқаро умумий сонидан 129 минг нафари эркак ва 31 минг 928 нафарини аёллар ташкил этади. Бу ўтган йилга нисбатан 27 минг 34 киши ёки 14 фоизга камдир.
Шу пайтгача 210 нафар фуқаро Россия Федерацияси ҳудудига кириш учун такрорий ижозатнома олди.
Айни пайтда Жанубий Кореяга меҳнат муҳожирлигини ташкил қилиш масаласи кўриб чиқилмоқда. Бу 2017 йилдан бошлаб йўлга қўйилиши эҳтимолдан холи эмас. Меҳнат, муҳожирлик ва аҳолини иш билан таъминлаш вазирининг айтишича, тил билмаслик меҳнат муҳожирлари йўлидаги энг асосий тўсиқлардан саналади.
С. Тағойзода Тожикистон фуқароларининг Россия Федерациясига меҳнат муҳожирлигига чиқиш ҳолатлари камайганини молиявий инқироз, Россия Федерацияси қонунчилигидаги ўзгаришлар ҳамда рубл қурбининг пасайиши ва Тожикистон фуқароларининг Россия ҳудудига киришларига тақиқлар сони ошгани билан изоҳлади.
Тожикистон Республикаси меҳнат, муҳожирлик ва аҳолини ижтимоий ҳимоялаш вазири 2016 йилнинг биринчи ярмида Россиядан юртимизга 436та (ўтган йили 438та) тобут келтирилганини маълум қилди. Бундай ҳолат, албатта, ҳеч кимни эътиборсиз қолдирмайди. 436та тобут – бу шунча хонадонга мотам келтиргани, шунча оила боқувчисини йўқотганини билдиради. Лекин ўлим – ҳақ. Ҳеч ким уни олдиндан кўра олмайди.
Тағойзоданинг айтишича, фуқароларимиз ўлими сабаблари турлича – қотиллик, ўз жонига қасд қилиш, бахтсиз ҳодисалар ва касалликлар.
Тожикистон Республикаси Меҳнат, муҳожирлик ва аҳолини иш билан таъминлаш вазирлигининг матбуот анжуманида иштирок этган журналистлар кўпчиликни ташкил қилишди. Залда бўш жойлар қолмаганлигидан ҳам бу очиқ-ойдин кўриниб турарди.
А. ГУЛФИНУР.