Жорий йил республикамизда мустақилликнинг 25 йиллик юбилейини кенг қамровда нишонлаш кўзда тутилган. Чорак асрлик бу вақтда бу кўҳна заминда салмоқли ишлар амалга оширилди.
Тожикистоннинг ижтимоий ва иқтисодий ҳаётида жиддий ўзгаришлар рўй берди.
Ўтган асрнинг 90-йилларида қисқа муддат рўй берган фуқаролик урушидан сўнг, бу тоғли юртда бу қадар ривожланишни ҳеч ким хаёлига ҳам келтирмаганди.
Асосийси, юртда эзгулик ғалаба қилди. Эзгулик ғалаба қилган жойда тараққиёт ривожи тезлик билан амалга ошиши ўзини исботлади.
Тожикистон тарихида, тожик давлати ва давлатдорлигини мустаҳкамлашда Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмоннинг хизмати катталиги тарих саҳифаларидан жой олди.
Муҳтарам Эмомали Раҳмон, Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси, Миллат пешвоси, деган даражалари табиий равишда тилга олинади.
Бу эса, тарихнинг ҳақиқий баҳоси ва Тожикистон халқининг буюк эҳтироми ўлароқ кўрилмоқда.
Дарҳақиқат, Миллат пешвоси Эмомали Раҳмоннинг саъй-ҳаракати туфайли, Тожикистонни дунё аҳли танимоқда.
Мамлакатнинг ички ва ташқи сиёсатида қадимий тожик давлатининг нафаси сезилиб туради.
Тожикистонликлар дунёнинг барча давлат халқлари билан дўстона алоқада бўлишни хоҳлайдилар.
Тожикистонда эса, «очиқ эшиклар сиёсати» амал қилмоқда.
Тожик давлатдорлигини 3000 йиллик, балки бундан ҳам узоқ тарихга эга эканлиги айни замонда ҳеч кимга сир эмас.
2015 йил қадимий Ҳисорнинг 3000 йиллик юбилейи қайд қилинди.
Бу қадимий ўлкада жойлашган Ҳисор қалъаси ва бошқа минтақалардан топилган қазилма ёдгорликлар Ватанимизнинг кўп йиллик тарихга эга эканлигидан далолат беради.
Юртимиздаги ҳунармандчилик, айниқса, кулолчилик соҳаси ва унинг ривожига алоҳида тўхталишни истардик.
Миллат пешвоси ўзининг ҳар бир чиқишида халқ ҳунармандчилигига жиддий эътибор беришни талаб қилади.
Ва бу борада Республика Ҳукумати томонидан кичик бизнесни ривожлантириш борасида бир қатор қарорлар қабул қилингани фикримиз далилидир.
Мустақиллик йилларида халқ хунармандчилиги тараққий этиб бормоқда.
Республика миқёсида гилам тўқиш, зардўзлик, кулолчилик соҳаси мунтазам равишда ривожланиб бораётир.
Турсунзода шаҳрида жойлашган Тожик чинни заводида чинни маҳсулотлари ишлаб чиқариш билан бир қаторда кулолчилик соҳаси маҳсулотларини ишлаб чиқаришни ҳам йўлга қўйишган.
-Кулолчилик бу қадимий соҳа,-дейди биз билан суҳбатда кулолчилик цехи бошлиғи Шукуржон Қараев.
Миллий дизайнда ишлаб чиқарилаётган қарийб 100 хилдан ортиқ кулолчилик маҳсулотлари истеъмол бозорига чиқарилган.
Кулолчилик цехида ишлаб чиқарилган турли хилдаги вазалар, гултуваклар, 4 хил ҳажмдаги товоқ ва лаганлар, чойнак пиёлалар, эсдалик суванер совғаларини томоша қиларкансиз, ҳозирги замон янги руҳдаги тожик кулолчилигининг амалдаги ривожини кўриб, кўзингиз қувнайди.
Собиқ Иттифоқ даврида Турсунзодада жойлашган Чинни заводига хомашё четдан, хусусан, Ўзбекистон, Украина республикаларидан келтириларди. Бу ҳолат иш унуми ва сифатининг ошишида муаммо туғдирарди.
Айни пайтда мазкур корхонада ишлаб чиқарилаётган чиннидан тайёрланган маҳсулотлар маҳаллий, аниқроғи, Қаратоғ мавзеси тупроғидан тайёрланаётганлиги таҳсинга сазовордир.
Ҳозирги кунда, мазкур кулолчилик цехида 22 киши фаолият юритмоқда.
Ушбу цехда иш фаолияти уч қисмдан иборат бўлиб, маҳсулот даставвал қуювчилик бўлимида тайёрланади. Қуювчилик бўлими мутахассислари: Мавлуда Муродова, Раънохон Топилдиева, лаган тайёрлаш бўлими ишчилари: Олимжон Эргашев, Орифжон Қосимов, Муҳаммадсодиқ Асроров, Файзулло Назаров, рассомлар: Зулфия Сатторова, Шаҳло Раҳимбоева, Зарина Абирқулова, Абдулҳамид Жоматов, Фотима Йўлдошева, Гулрафтор Холматова, Наргиза Долиева, Абдулло Яҳёев, Тўтихон Яҳёева, Мунира Манноноваларнинг меҳнат натижаларини кўриб, инсон қўли мўъжизакор эканлигига ишонасиз.
-Бу йил жонажон Республикамиз мустақиллигининг 25 йиллик тўйини ўзимизнинг ҳалол меҳнатимиз билан кутиб оламиз,-дейди турсунзодалик кулолчилар устози Шукуржон Қараев.
Шукуржон акадаги бу шижоат ва ғайратни кўриб, тинч ва осуда, бетакрор Ватан – Тожикистонда яшаётганингга шукрлар қиласан киши.
Олимжон
БОЙИРЖОНЗОДА.
Суратларда корхона ишчилари фаолиятидан лаҳзалар акс этган.
Суратларни муаллиф ишлаган.