Улар бир сарой қурмоқчилар. Бу саройнинг номи бахт! Пойдевори –иффат, ҳаё, ғиштлари сабр ва шукр, девори – иймон, томи – ақл ва ирода. Безаклари – фаросат, саховат ва меҳр…
Инсон фарзандларининг ўзидан-да, бахтли бўлишини хоҳлайди. Аммо бу хоҳиш ҳар доим ҳам осонгина амалга ошавермайди. Оллоҳ барча маҳлуқотларни ўз жуфти билан яратди.
Биргаликда жуфти билан яшаш илоҳий қонун бўлиб, то қиёматгача давом этади. Инсон ҳам ўз жуфтини топиб оила қурса ва ана шу жамиятнинг энг кичик негизида ўзини бахтли ҳис этса, у ҳамма жойда бахтиёр бўлади. Турмушдаги муаммоларни, ҳар хил тўсиқларни енгишга куч топа олади. Агар оилада тинчлик бўлмаса-чи? У одамга кўчада ҳам, иш жойида ҳам ҳаловат йўқ. Тасаввур қилинг, оилалари тинч бўлган давлатлар нақадар кучли. Лекин бундай тинчликка эришиш осон бўлмаяпти. Айниқса, илм-фан, техника шиддат билан ривожланаётган ҳозирги асримизда ёш оилаларнинг ажралиши ҳам кескин тус олмоқда.
Ажралишлар олдини олиш учун давлатимиз барча чора ва тадбирларни кўряпти. Бу ишларга ҳаммамиз гувоҳ бўлиб турибмиз. Бу йил «Оила йили» деб эълон қилинди. Энг аввало, конституциямизнинг иккинчи боб, 33-34 моддалари орқали оила, она ва бола, бола тарбияси давлат ҳимоясига олинган. Янги бир оиланинг тузилиши ёшлардан, уларнинг ота-оналаридан, маҳалла-кўйдан катта маъсулият талаб қилади. Хўш, ёшларимиз шу масъулиятни ҳис этишяптими, оиладаги, жамият олдидаги, бурчларини тўлиқ бажара олишяптими?
Бу борада ёшларимизни кўп ҳам айбламаймиз. Зеро, улар ҳам оиласи учун ҳаракат қилишяпти. Фақат уларда озгина илмсизлик етишмаяпти. Илмсизлик иймоннинг сусайишига олиб келади, иймон сусайса, шайтон жуда тез яқинлашади ва қалбингизга васваса солади. Сиздаги шукрни, манманликни, сабрсизликни кучайтиради ва сизни хоҳлаган кўйига солади. Билингки, бир оилани бузиш шайтон учун катта байрамдир. Оиланинг мустақил бўлиши учун фақат дунёвий ишларнинг ўзи етарли эмас, агар шундай бўлганда олий маълумотли ёшларнинг турмуши бузилмасди. Ёшлар ҳар томонлама оила қўрғонини сақлаш учун шарқона одоб мажмуасини, шарқона урф-одатларни, оила, никоҳ тўғрисидаги шаръий илмларни, «Қуръон»нинг оилага оид оятларини, билишлари керак. Эркак аёл устидаги ҳақларини ва аёл эркак устидаги ҳақларини билишлари учун бу борадаги ҳадисларни ўргатишлари керак. Яқин ўн йил ичида оила мавзусида жуда кўп китоблар нашр қилинди. Афсуски,статистика маълумотларига кўра 6 фоиз ёшлар бўш пайтларида китоб ўқишар экан, 4 фоизи эса, бўш пайтларини интернет ва телевизорга сарфлашар экан.
Яна бир сабаб шуки, ёш оилаларнинг бузилишида аксарият ҳолатларда (аёллар мени кечиришсин-у) аёллар сабаб бўлишмоқда. Ҳар қандай оғир вазиятни юмшатиш аёлга, унинг билим малакасига, маҳоратига боғлиқ. Бу борада аёлларимиз ўта ҳушёр бўлишлари керак. Чунки эркаклар кўпроқ оиладан ташқарида бўлишади. Аёллар эса, уйдаги битта хабарни ҳам салбий, ҳам ижобий қилиб тушунтиришлари мумкин. Боя айтганимиздек, бу аёлнинг қанчалик билимли эканлигига боғлиқ. Хўш, аёллар айтингчи, уйингизда қимматбаҳо мебеллар, қимматбаҳо гиламлар, сўнгги модадаги кийимлар учун жой ҳам топилади, куч ҳам топилади. Китоб учун уйингизни бир бурчагидан кичкинагина жой топиладими? Оилавий кутубхонангиз борми? Фарзандларингизда китобга меҳр уйғота оласизми? Ўзингиз бир йилда неча китоб ўқийсиз? Ёш эрингизнинг ота-онаси, қариндош-уруғларининг ҳурматини жойига қўясизми? Эрингизнинг нигоҳидан нима демоқчи эканлигини тушуниб оласизми? Агар шу саволларга «ҳа» деб жавоб берсангиз, демак хўжайинингиз бахтли инсондир.
Пайғамбаримиз Муҳаммад (с. а. в.) эркакларга аҳли оилаларига хушмуомала ва меҳрибон бўлишга буюрадилар. Аммо ҳамма эркаклар ҳам оилаларига шу меҳрни бера оляптиларми? Момоларимиз, боболаримиз ҳаётига назар солсак, улар биздан кўра ночорроқ яшашган. Лекин ўрталаридаги меҳр-мурувват биздагидан кўра анча кучли бўлган. Улар шунчалик бир-бирларини ҳурмат қилишганки, ҳатто, исмларини айтиб чақириш ҳам уят ҳисобланган ва бош фарзандларининг исми билан бир-бирларини чақиришган.
Бахтли яшаётган оилалар ҳам озмунча эмас. Шундай оилалардан бири Маматжон бобо ва Лутфинисо момо оилалари. Улар бой-бадавлат яшашмади. Ўртамиёна кун кечиришди, саккиз фарзандга оталик қилишди. Бобо 100 ёшда, Лутфинисо момо эса, 96 ёшда ўтган йили вафот этди. Умрларининг охиригача бошқаларга ибрат бўлишди. «Намунали оила» конкурсида бир неча бор биринчиликни қўлга киритишди. Ҳозир тўрт фарзандлари ва набираю чеваралари эл хизматида.
Дилором Тошматова, Ашт ноҳияси,
Ошоба жамоати.