Асомиддин Собиров... Бу инсонни Турсунзода ноҳиясида ҳамма танийди. У ўзининг хушмуомалалиги билан кишилар қалбидан жой олган.
Асомиддин - халқпарвар йигит. 1967 йили Турсунзода шаҳрининг Чиртак қишлоғида туғилган Асомиддин 1985 йили 59-ўрта умумтаълим муассасасини тугатгач, Душанбе шаҳри Қ. Жўраев (ҳозирги С. Айний) номли педуниверситет филология факултетига ҳужжат топширди.
Ўқув жараёнида ўзининг ташкилотчилигию илмга чанқоқлигини намоён этди. Ва олийгоҳни 1992 йили аъло баҳолар билан тугатди.
Асомиддин Собировнинг меҳнат фаолияти Турсунзода шаҳрининг 25-ўрта мактабидан бошланди.
Ёш авлодга таълим берар экан, аввало, уларнинг ватанпарварлик руҳида тарбия топишида тинимсиз меҳнат қилди.
Талотўмли ўша даврда ёш авлод таълим-тарбияси янада муҳимроқ аҳамият касб этишини А. Собиров ва унинг касбдошлари янада тийранроқ тушунишарди.
Ўқитувчилар ҳар қандай замонда ҳам жамиятнинг олдинги сафларида туришган. Ва жамиятда рўй бераётган ўзгаришларни соғлом ақл-идрок билан англаб етишган.
Жамият осойишталигини сақлаш, унинг ривожу равнақига ҳисса қўшишни олдига мақсад қилиб қўйган Асомиддин Собиров 1998 йили Турсунзода шаҳар ички ишлар бўлимига ишга ўтди. Асомиддиндаги соғлом фикр ва жасоратни тўғри англаб етган бўлим бошлиқлари уни минтақа нозирлигига тайинлашди.
А. Собиров ўз киндик қони томган бу муқаддас заминни чин юракдан севади. Шу Ватанга бўлган чексиз муҳаббати ўз касби масъулиятини теран ҳис этишга ундайди. Ва шу боис, касбий мажбуриятларни ҳалол бажаришга ҳаракат қилади.
Бу борада, яъни ўзининг ҳуқуқ ҳимоячиси сифатидаги иш фаолиятида ҳам маълум ютуқларга эришди.
Милиция майори А. Собиров ўз ҳаёти давомида одамийлик одоби ва муомаласини биринчи ўринга қўйиб келди. Унинг бу меҳнат фаолиятидаги ютуқларидан бири одамлар билан муносабатни доимо яхшилашида бўлди. У кишилар билан муомалада дағалликдан қочади ва ота-боболардан мерос бўлиб қолган миллий ҳалимликни доимо эъзозлашади.
Турсунзодаликлар Асомиддин Собировни одоб-ахлоқли, ўзлари билан доим яхши муносабат қилувчи, уларни қонун доирасидаги муаммоларни ҳал этишда, ёрдам қўлини чўзиб келаётган милиция ходими сифатида танишади.
-Баъзи бир инсонлар қонунни тушунмасдан, қилаётган ишларининг оқибатини англамасдан жиноят кўчасига кириб қолишади. Қонун масъулиятини ҳис этмаслик ва ҳуқуқий саводсизлик натижасида жиноятга қўл уришади. Шу нуқтаи назардан, аҳоли ўртасида ҳуқуқ-тартибот борасида профлактик ишларни йўлга қўйиш муҳим, деб ўйлайман,-дейди биз билан суҳбатда милиция майори А. Собиров.
Жамият осойишталиги жорий этилган тартиб-интизомни сақлашда милиция ходимларига жуда катта масъулият юклайди.
Республика Ички ишлар вазирлиги томонидан йўлга қўйилган ва милиция ходимларининг аҳоли билан яқиндан муносабатда бўлиш, ҳамкорлик қилишлари ўзининг ижобий натижаларини бермоқда.
Уюшган жиноятларни ошкор қилиш ҳамда жиноятчиларни жиноий жавобгарликка тортиш ишларида ватанпарвар ва ватанни жон-дилидан севувчи, унинг ҳар қарич тупроғини кўз қорачиғидек асраш каби ҳисларни такомиллаштириш милиция ходимларида юксак билим ва юқори малака бўлишини талаб қилади.
Худди шундай хусусиятларни ўзида мужассамлаштира олган, милиция майори Асомиддин Собиров каби ўғлонлар бор экан, Ватан хавфсизлигига ҳеч қандай куч дахолат қила олмаслигига ишончимиз комил.
Мақолага нуқта қўярканмиз, 10 ноябр – Тожик милицияси куни муносабати билан бу соҳа ходимларининг масъулиятли ва заҳматли фаолиятларига баркамоллик тилаймиз.
Эркин Шукур.