ИЖТИМОИЙ ҲАЁТ

МУСТАҲКАМ ҚЎРҒОН. Бешинчи суҳбат

Муаллиф: Super user Категория: ИЖТИМОИЙ ҲАЁТ
Чоп этилган 01 Октябр 2015 Кӯришлар: 836
Печат

 

Ассалому алайкум, азизлар!

qurgon 5Ўтган гал ишора қилганимиздек, бугун сиз билан оиланинг шаъни, обрўси, ор-номуси, келажагига таъсир этадиган ўта муҳим омил - тарбия тўғрисида суҳбат қурамиз.

Хўш, тарбия қачондан бошланади ўзи? Сиз азизлар, буни жуда яхши биласизлар. Лекин такрорлашнинг зарари йўқ, деганларидек, келинг, биргаликда бу саволга яна жавоб излайлик!

Қачон бўлмасин, айни шу савол кўндаланг бўлганда, мен ўзим ўқиган ривоятга ўхшаш бир ҳикоятни эслайман.

Хуллас, унда ёзилишича, бир киши уч ойлик боласини элда машҳур донишманднинг уйига олиб боради ва: -«Тақсир, фарзандимни қандай тарбияласам, у яхши инсон бўлиб етишади?» - дея сўрайди. Шунда донишманд маслаҳат сўраб келган кишига тарбия учун камида ўн икки ой кечикканини айтади. Ҳайрон бўлган ота боланинг эндигина уч ойлик бўлгани, донишманднинг эса, ўн икки ой кечикдингиз, деяётгани сабаби билан қизиқади. Шунда у донишманднинг ортиқча саволга ҳожат қолдирмайдиган жавобини эшитиб, хатосини англайди.

Азизлар, сиз бу ривоят-ҳикоятни ўқигансиз ё эшитгансиз ва албатта, мағзини ҳам чаққансиз. Тўғри, турли манбаларда бу ҳикоят турлича кўринишда бўлиши мумкин. Лекин ҳаммасининг асл мазмуни бир – бола тарбияси ҳали у дунёга келмасдан олдин бошланиши зарур. Ота-онаси ҳалол луқма еган фарзанд келгусида ҳалол инсон бўлиб етишади. Ёлғон, манфаатпарастлик асосига қурилган оилада туғилган бола феъл-атворида ёлғончилик, худбинлик зуҳур этиб туради. Кимдадир тез-тез, кимдадир гоҳ-гоҳ.

Бола туғилгандан кейин она сути қанчалик покиза бўлса, бола шунчалик пок бўлиб улғайиши ҳаётда минг-минг марталаб исботини топган. Оқ сутдаги бу покизалик эса, албатта, ҳалол меҳнат билан топилган нон туфайлидир. Аксинча, кимнидир алдаб, чув тушириб, кимнингдир ризқини қийиб, қўполроқ қилиб айтсак, муттаҳамлик, ўғрилик йўли билан топилган нонни еган онанинг сутини эмган болада ота қусурлари вақти келиб ўзини кўрсатгани ҳақида мисоллар ҳам кўп.

Гар шундай экан, нега бир оиланинг фарзандлари  ҳам ҳар хил бўлиб вояга етадилар? Улар бир оилада ўсиб-улғайишган, демак,  бир онани эмишган, бир ота топиб келган нонни еб катта бўлишган, устига ҳаммаси бир хилда тарбия кўрган бўлсалар?!

Сиз шундай саволларни қаторлаштирар экансиз, бир маънода, албатта, ҳақсиз. Лекин бундай яхшироқ ўйлаб кўрсак, бир бола отаси оилани ҳалол нон билан таъминлаётган пайтда, иккинчиси эса, отанинг шайтоннинг гапига учиб, қинғирлик билан топилган пулга сотиб олган егуликларни уйига олиб келганда туғилгани бир оиладаги фарзандларнинг турлича бўлиб улғайишларини кўрсатади. Бола туғилгандан кейинги тарбия эса... Бунда баъзан ота ё онанинг, ё икковининг ҳам болаларига турлича муносабатларда бўлиши, ё ўғил-қизларнинг кўчада, кино, телевизорда кўрганлари уйдаги тарбиядан устун келиб қолиши каби омиллар ҳам йўқ эмас.

 «Инсон тарбияси у туғилиши ҳамоно бошланади: чақалоқ ҳали гапирмайди, сўзга қулоқ солмайди, аммо ўргана бошлайди. Билиш тарбиядан келиб чиқади». Бу XVIII асрда яшаган машҳур фаранг адиби ва файласуфи Жан Жак Руссо - овруполик инсоннинг мулоҳазаси. Шарқда эса, юқорида айтганимиздек, бошқачароқ. Шарқ мутафаккирлари бола тарбияси ҳали у туғилмасдан олдин, она қорнида пайдо бўлмасидан бурун бошланишини уқтириб келишган.

qurgon 5 1Ва айни бир пайтда бола маълум бир ёшга етгандан сўнг унинг тарбияси ташлаб қўйилмайди. «Тарбия... ниҳоятда машаққатли иш. Мана энди ҳаммаси жойида бўлади, деб ўйлайсан! Қарасанг, ишлар бошқача: ҳаммаси энди бошланаётган бўлади». Гарчи 27 ёшида ҳалок бўлган, қисқа умр кечирган бўлса-да, ҳаёт маъносини теран англаб етган машҳур рус шоири Михаил Лермонтовнинг бу хулосаси ҳозиргача унинг ҳақлигини кўрсатиб турибди.

 

Салом берганга икки савоб ё норозиликка айланадиган ишончсизлик

Ҳали тилим  чиқар-чиқмас дадамлар салом беришга ўргатганлар. Ҳозиргача бир ярим-икки яшар болаларнинг «Ассалом» ё «Ассалому алайкум» дея ширингина салом беришларини эшитганимда, ўша олис болалик йилларимни эслайман.

Мен дадамлар уқтирганларидай ҳаммага, биринчи бўлиб салом беришга одатлангандим. Эсимда, ўн икки ёшда эдим. Қўшни кўчада борар эканмиз, паст бўйли бир киши қаршимизда пайдо бўлди. У дадамларга тавозе билан салом берди. Саломига алик эшитар экан, менга қараб чўзиб: «Ас-са-ло-му алай-кууум!»- деди. У ўтиб кетганидан кейин дадамлар менга танбеҳ бердилар: «Ўғлим, нега ўзингдан каттага салом бермадинг?» Мен дадамларнинг қарашларидан менинг ишимдан қаттиқ хижолат бўлганликларини билиб, қип-қизариб кетдим. Дадамлардан узр сўраганча у одамга ҳар доим салом беришимни, лекин у сира алик олмаслигини айтдим. «Ўғлим, салом бериш сенинг вазифанг, алик оладими-йўқми, унинг иши! Мен сенга ўргатганим ҳеч қачон эсингдан чиқмасин – салом берган киши икки савоб олади? Кичиклар ҳар доим катталарга аввал салом беришлари шарт!»

Раҳматли дадамнинг ўгитлари қулоғимдан кетмайди сира, худди бугун, ҳозиргина, жилмайганларича сўзлаётганларидек. Ҳозир ҳам дадамларнинг гапларини эслаяпман ва машҳур олим Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний ўгитларини қайта-қайта ўқишга киришяпман:

 «Эй, менинг ўғилгинам, сенга насиҳат қилайин, тақво (парҳезгарлик)ни ўзингга шиор қилиб ол, ибодат вазифаларини доимо бажар. Ўз ҳолатингни ҳар доим кузатувчи бўл. Ҳақ таолодан доимо қўрқувда бўл. Худои таолонинг, Расулуллоҳнинг, ота-онанинг ва барча машойихларнинг ҳақ-ҳуқуқларини адо қилувчи бўлки, бу хислатлар билан Ҳақ таолонинг розилигига мушарраф бўлурсан».

Раҳматли отам ўн бир болани (суҳбатлардан бирида эслаганимдай - Ислом акам тўрт ёшида вафот этган, лекин шу ёшгача ҳам ота-онам тарбияларини олган эди) тарбиялашда ҳеч қачон қуруқ насиҳатгўйлик қилмас эдилар. Улар ҳар бир яхши ишда ўзлари ибрат бўлар эдилар.

Мана энди, улғайганимда қадим Римдаги файласуф, шоир ва давлат арбоби Анней Сенеканинг «Насиҳатгўйлик билан яхшиликка етишиш қийин, ўрнак кўрсатиш орқали эса осон», деган доно сўзлари билан ота-онамнинг амалларини солиштираман. Эрамиздан олдинги IV асрда яшаган Сенека, албатта, бу хулосага кўп йиллик кузатишлари, таҳлиллар орқали келган бўлиши табиий.

Ва яна XVII асрда яшаган фаранг адиби Жан де Лабруйернинг «Болаларни қилмаган гуноҳлари учун қийнаш ёки лоақал арзимаган айблари учун қаттиқ жазо бериш уларнинг ишончи ва ҳурматидан бутунлай маҳрум бўлиш демакдир», деган сўзларини ўқиётиб, яна раҳматли отамларни эслайман.

Дадамлар менга, опаларим, акаларим, синглимга ҳеч қачон, ҳатто, бақирмаганлар. Тўғри, гиламнинг остида битта беҳи хивичи турарди. Лекин у ҳеч қачон ишлатилмаган. Агар тўполонни ҳаддан зиёд ошириб юборганимизда, барибир боламизда, юмшоқ сочиқнинг бир чети билан елкага аста уриб қўярдилар. Сочиқ сира оғритмасди, қайтага елкамни силаб-сийпаларди. Мен ишдан чарчаб келган дадамларни хафа қилиб қўйдимми, деб чўчиганча кўзларига қарардим. Лекин у кўзларда меҳр кўрардим. Жиндеккина пўписа аралаш меҳр!

Ўз жонига қасд қилмоқчи бўлган, лекин тасодиф туфайли тирик қолган бир йигит билан гаплашганимдан сўнг, оилавий зўравонлик мавзусида мақола тайёрламоқчи бўлдим. Йигитнинг айтишига қараганда, отаси ичкиликка муккасидан кетган, ичиб келгач, уйда бўлар-бўлмасга жанжал кўтараверар экан. «Ўн-ўн бир яшарлигимда ҳам отам мени аямай дўппосларди. Чақирганларида озгина кечикиброқ борсам ҳам, болалар билан кўчада копток тепсам ҳам, китоб ўқиб ўтирсам ҳам, бир камчилик топиб, аямай савалардилар. Мен отамни ранжитдим, дея индамасдан тураверардим. Бора-бора нима содир бўлмасин, ўзимни айблайдиган бўлиб қолдим. Лекин каттароқ бўлганимдан сўнг энди ўзимни эмас, мени ноҳақ айблаётган, ҳақорат қилаётган, ураётган отамни айблай бошладим. Энди отамнинг тўғри гапларига ҳам қулоқ солгим келмай қолди. Кўчадан уйга киргим келмас, ичиб олиб, оғзига келганини қайтармаётган отамни кўргим келмас эди. Ўртоқларимга ҳавасим келар, улар оталарини мақташганда, тилим ичимга кириб кетарди. Ичимга! Сиз менга инсон ҳар қандай шароитда ҳам ҳаётдан воз кечмаслиги шарт, деяпсиз. Буни мен яхши тушунаман.  Мен бир қизни яхши кўриб қолгандим. У билан тотув ҳаёт кечиришни, ширин-шакар болаларнинг отаси бўлишни, уларга ҳеч қачон қаттиқ гапирмасликни, эркалаб, суйишни орзу қилардим. Лекин дадам мен уйланадиган қизни... айтишга тилим бормайди... ёруғ дунёдаги энг ярамас, енгилоёқ, бузуққа чиқардилар. Ана шунда ҳаётимда биринчи марта отамга қараб тик гапирдим. Отам бақириб-чақириб қўлларига тушган нарсани менга қараб ота бошладилар. Худди шу пайт қий-чувни эшитган қўшнилар, кўчамиздан ўтаётган одамлар ҳовлига кириб келишди. Дадам мени... айта олмайман... ўшанга чиқардилар. Кўпчиликнинг олдида! Мен уйдан бош олиб чиқиб кетдим. Онамнинг оҳ-воҳлари, ялинишларига ҳам қулоқ солмадим. Яхшироқ бир ишга жойлашишни, ижарага уй топиб яшашни, вақти келиб, онамни боқиб олишни ўйладим. Лекин... Эртасига дадам ичволиб, мен уйланмоқчи бўлган қизникига борибдилар. У ерда мени «оқпадар»га чиқарибдилар, яна кечаги гапларини айтибдилар, энг ёмони бокира қизни ота-онасининг олдида ғирт ... га чиқариб қўйибдилар... Бу гапларни эшитиб, ҳаётдан буткул кўнглим қолди. Қабоҳат Эзгулик устидан кучлилик қила бошлади. У ҳадеб қулоқларимга пичирларди: ўзингни ос, исноддан қутуласан, ўзингни ос!»

Бу йигит ноҳақ айбловлар, ҳақорат, қийноқлар, йигит кишининг шаънини ер билан битта қилган исноддан қутулиш учун ширин жонидан воз кечмоқчи бўлибди. Хайрият, бу дунёда ўзганинг тақдирига бефарқ бўлмайдиган яхшилар бор. Адашган инсонни ўлимдан қутқариб қолишган, тўғри йўлга солишган. Лекин оиласида ноҳақлик, адолатсизликка учраган, камситилган, калтакланган кўп йигит ё қизларнинг ота ё оналари, баъзан ҳар икковини ёмон кўриб қолганликлари ҳақида мисоллар ҳам йўқ эмас. Ўз яқинларини ёмон кўриб қолган кўнгилда эса, бошқа одамларга нисбатан ҳам нафрат уруғи кўкара бошлайди. Бу  муносабат атрофдаги одамларга, жамиятга нисбатан ишончсизликка ва аста-секин норозиликка айланади.

Бизда эса, ҳали қийин вазиятга тушиб қолган болалар, ёшлар билан иш олиб борадиган психолог-руҳшунос хизмати тузук йўлга қўйилмаган.

 

Фарзандингизни толесиз қилмоқчимисиз?

У нима деса, хўп денг!

 «Отамнинг бир ўгити яхши эсимда турибди. «Ўғлим, невараларим ўсмирлик ёшига қараб боришяпти. Бу – боланинг ҳаётидаги энг нозик давр. Худди шу пайтда бола кўпроқ фикрлайдиган, тўғри йўлни излайдиган бўлиб қолади. Агар неварамга бирон нарса маъқул келиб қолса ё бир ишга қўл урмоқчи бўлса, аввал уни яхши эшит, кейин ётиғи билан, худди маслаҳатлашаётгандайин, фикри тўғри бўлса, қувватлагин, борди-ю нотўғри бўлса, нега нотўғри эканлигини ҳаётий мисоллар билан исботлагин. Агар оилада юз бериб қолган кичик муаммони ҳал қилишда неварамни ўзингга тенг кўриб, унинг фикрини сўрасанг, болада ўзига нисбатан ишонч мустаҳкамланади, сени эса янада кўпроқ ҳурмат қила бошлайди. Ҳеч қачон болаларинг олдида обрўнг йўқолмасин!»

Бу гапни айтган танишим отасининг сўзларига қулоқ солиб кам бўлмагани, фарзандлари мустақил ҳаётда тез тўғри йўл топа олганликлари, эл-юрт учун фойдали иш қилиб, ўзлари ҳам ёмон яшамаётганликларини мамнунлик билан сўзлаганди.

Бугунги суҳбатимизда яна бир марта фаранг файласуфи Жан Жак Руссога мурожаат қилайлик. «Фарзандингизни толесиз қилишингизнинг энг синалган усули қандайлигини биласизми  -  у нима деса, ҳаммасига хўп денг», деганди файласуф. Ва у яна «Агар болангизга ён бераверсангиз, у сизга ҳукмдор бўлади; ҳатто, уни итоат эттириш учун ҳам дақиқа сайин унинг айтганига кўнишингизга тўғри келади», деб айтган.

Ҳар бир ота-она учун боласи – азиз. Айтадилар-ку, қўнғиз боласини оппоғим, типратикан юмшоғим, деяркан деб. Лекин боланинг айтганини муҳайё қилиш, нима деса, нимани истаса, йўқ демаслик, эркалашнинг талтайтиришга айланишининг оқибати яхшилик билан тугагани борасида мисоллар бармоқ билан санарли даражада оз. Аксинча эса, бола тарбиясидаги бу катта хатонинг изтиробини чекиш, пушаймонлик борасидаги мисоллар тўлиб-тошиб ётибди.

Ҳаётимда, иш фаолиятим давомида, минг афсус, мен ҳам болага нуқул «хўп-хўп», дейишлар оқибатида юз берган нохуш вазиятга тушиб қолган ота-оналарни кўрганман. Яхшиси, ана шу воқеанинг бирини қисқача ҳикоя қилиб берайин.

«Мен ўғлимга душманлик қилдим!»

Бундан ўн уч-ўн тўрт йиллар муқаддам Хўжанд ва унинг атрофидаги шаҳарлар – Қайроққум, Чкаловда ва ҳатто, айрим қишлоқларда ҳам ёш йигитларнинг гиёҳвандлик боис жон таслим қилишлари кўпайди. Мутахассисларнинг фикрича бу ўлимларнинг аксарияти бир хил – игна орқали томирга героин қабул қилишда унинг «доза»си – миқдори ошириб юборилган.

Мен бу муаммони ўрганиш учун туркум мақолалар тайёрлашга киришар эканман, жумладан, Суғд вилояти наркологик диспансерида ҳам бўлдим. У ерда шифокор-мутахассислар, бангиликка ружу қўйган кишиларнинг бевосита ўзлари, ота-оналари, бошқа яқинлари билан гаплашдим.

Аксар хоналарда учта-тўрттадан бемор даволанарди. Лекин бир палатага кирганимда  беморнинг ёлғиз ётганини кўрдим. Кўринишидан етмишдан ошиб қолган қария бемор йигит бошига энгашганича тикилиб ўтирарди. Отахондан бир нарса сўрамоқчи бўлдим. Шу лаҳза унинг кўзларидан милдир-милдир оқаётган ёшга нигоҳим тушиб, савол беришдан тийилдим.

Отахоннинг нигоҳи қадалган йигитга назар ташладим. Йигирма беш ёшлардаги келишган йигит. У кўзларини бир очиб, бир юмарди. Мен унинг маъюс кўзларида ялинишми, илтижоми, кўргандайин бўлдим. Бирдан у пичирлай  бошлади:

- Дадажон, жон дадажон, мени бу ердан олиб кетинг, ўлиб қоламан, ҳамма ерим қақшаб оғрияпти. Дадажон, менга раҳмингиз келсин, бу ердан тезроқ олиб кетинг! Фақат уйимизга эмас, мени... мени бу аҳволга тушганимни онам билмасинлар!

Милтиллаётган кўз ёшлар дув-дув тўкила бошлади. Ота ўғлининг пешонасидан ўпди. Қайта-қайта ўпди.

- Мени кечир, ўғлим!..

Ортиқ бу манзарага чидай олмадим. Ичкарига шифокор кирар экан, астагина ташқарига чиқдим.

Бирпасдан сўнг шифокор қайтиб чиқди. Унинг айтишича, йигитга тинчлантирувчи эмдори берибди ва у ухлаб қолибди.

   -Бу йигит Конибодомдан. Диспансерга олиб келишганига ўн кун бўлди. Ўн кундан буён отаси шу ерда. Дастлабки тунлари ўғлининг тепасида мижжа қоқмасдан чиқди. Негадир фақат ўзини айблайди. Ўғли Москвага ишлаш учун кетган экан. Ўша ерда ярамас бир даврага қўшилиб қолибди. Кайси бир қариндоши отасига қўнғироқ қилиб, ўғлининг героинга ўрганганлигини хабар қилибди. Ота Москвага учиб бориб, ўғлини олиб келибди...

Бу пайт ичкарига ҳалиги қария кириб келиб, шифокорнинг ҳикояси чала қолди.

- Келинг, отахон, ўтиринг, - шифокор қария томон курсини суриб қўйди.

- Духтур, ўғлимни уйга олиб кетай, дегандим, - қария оғир «уҳ» тортди.

- Отахон, яна уч-тўрт кунгина сабр қилинг, ўғлингизни биргаликда даволаймиз. Худо хоҳласа, у тузалиб кетади. Тўғри, қуриб кетгур «оқ»ига анча ўрганиб қолган экан. Энди ўрганган жисм қақшаб оғрийди, ҳалигини қўмсайверади, сўрайверади. Лекин агар ўғлингиз астойдил ўзи истаса, оғриқни енгиши, бангиликдан қутулиши мумкин. Фақат энди буёғига сиз ҳам қаттиқ турасиз-да, отахон!

- Раҳмат, духтур, бор умидим Худодан ва сизлардан!

- Отахон, бу киши журналист бўладилар, - деди шифокор менга ишора қилиб, - бангиворлик ҳозир бутун дунёда кўпларни ўйлантираётган, куйдираётган, қақшатаётган муаммога айланган. Бу акамлар ана шу муаммони ўрганиб, бошқа ёшларнинг бу йўлга кириб қолишлари олдини олиш мақсадида мақола тайёрлаш ниятидалар.

- Яхши, яхши. Қанийди, менинг ўғлим ҳам бу йўлга кирмасдан олдин яхшироқ мақола ўқиганда эди, ҳозир у ҳам, биз ҳам бунчалик азоб чекмасмидик, - деди қария яна «уҳ»лаб.

- Отахон, илоҳим, ўғлингиз тузалиб кетсин! Агар рози бўлсангиз, икковимиз гаплашиб олсак.

Мен шундай дея, қарияга у ва ўғлининг кимлигини асло ошкор этмасликка ваъда бердим. Қария ҳикоясини бошлади...

... Бешта қиздан кейин оилада ниҳоят ўғил туғилибди. Паҳ-паҳлаб ўстирила бошланган боланинг оғзидан чиққанини тезда олиб беришар экан. У нима деса, ота ҳам, она ҳам асло йўқ дейишмас, ўзлари емай, унга едиришар, ўзлари киймай, унга кийдиришар экан. Ёши катталашгани сари боланинг талаблари ҳам орта бошлабди. Агар айтган нарсасини бир кунгина кечикиб олиб беришса ҳам, у жанжал кўтарадиган бўлибди. Мактабни битиргач, ота ўғлини яхши бир олийгоҳга жойлаб қўйибди. Лекин у бир йил ўқир-ўқимас ўқишни ташлабди. Ўртоқларимнинг ҳаммаси Москвада, мен бир ўзим зерикяпман, Россияга бориб ишлаб келаман, дебди. Ота ўғлини Москвага бормасликка, у ерда пулни кўчадан супуриб олмасликларини, улкан, бегона шаҳарнинг қийинчиликлари борлигини тушунтиришга уринибди. Лекин ўғил уввало бораман, дея икки оёғини бир этикка тиққанча туриб олибди...

- Мен ҳеч қачон уни Москвага боришга қўймаслигим шарт эди. Шарт! – қария кўзига ёш олади...

... Ўғил Москвага кетгач, бир ой ўтади... уч ой ўтади... ярим йил ўтади, ундан бир тийин ҳам пул келмайди, қайтага ота топганини унга юбориб туради. Орадан уч йил ўтади. Конибодомлик бошқа йигитлар уйига ойига камида тўрт юз-беш юз доллардан пул юбориб турганда, қариянинг ўғли отасидан тобора кўпроқ пул жўнатишни талаб қила бошлайди. Бир куни олис юртдан ўғилнинг гиёҳвандликка берилгани ҳақида хабар етиб келади...

- Мен жияним айтган бу хабарни эшитиб, чидаёлмадим. Қанот чиқариб, Москвага учмоқчи бўлдим. У ерга бориб, кўзим қароғининг аҳволини кўриб... Ётар ери абгор, кийими бир аҳволда, қорни тўйиб овқатланмас экан... Устига уч-тўртта одамдан қарздор экан. Ўша ердаги қариндошларни топиб, пул сўрадим, қарзларни тўладим. Ўғлимни зўрға кўндириб, уйга қайтдик...

... Ҳамма даҳшат Конибодомга қайтгач бошланади. Ўғил ўша куниёқ ерга юмалаб-думалаб, ғужанак бўлиб олиб, дори топиб беришни сўрайди. У айтган дори қаерда бўлишини тушида ҳам кўрмаган ота, шифохонада ишлайдиган қўшнисини чақириб чиқади. Қўшни қарияга тезда даволашга олиб бормаса, ўғлидан ажралиб қолишини айтади...

- Хайрият, ўша кунлар уйда онаси йўқ эди. У ўғлимнинг аҳволини кўрганда, билмадим, нима бўларди... – қария ютинади. - Мен ўғлимга душманлик қилдим. Дадамлар фарзандингга меҳр кўрсатсанг, озгина қаҳринг ҳам сезилиб турсин, аксинча, қаҳр қилсанг, барибир меҳринг билиниб турсин, боланинг айтганини қилаверсанг, бошингга чиқволади, кейинги пушаймон – ўзингга душман, дердилар. Нега ўғил кўрдим, деб дадамнинг бу доно сўзларини унутдим?! Мен ўғлимга ҳам, ўзимга ҳам душманлик қилдим!

Мен ҳеч бир уялмасдан йиғлаётган қарияга тасалли беришнинг уддасидан чиқа олмадим...

                                              

Тил кечикиб тишланганда

Мамлакатимизда бола тарбиясида ота-онанинг масъулияти борасидаги қонуннинг чиққанига бир неча йил бўлди. Бу қонун қабул қилинганда аслида у шартмиди, шусиз ҳам аслида ҳар бир ота-она фарзанд тарбияси учун масъул-ку, деган фикрлар ҳам янгради. Лекин айниқса, кейинги бир йилда юз минглаб ота-оналар мазкур қонуннинг нақадар долзарб ва зарур бўлганлигини англашди. Айниқса, «ўғлим Россияда ишлаб юрибди», дея хотиржам юрган оталарга бегона бир мамлакатдан бегона бир киши телефон қилиб, фарзандининг ўлими ҳақида хабар бергач, туман хиралаштирган ақл кўзлари ярқ этиб очилди. Беш-олти ой, ҳатто, бир-икки йил давомида меҳнат муҳожирлигидаги ўғил ё қизидан хабар бўлмаса-да, парвойи фалак юрган айрим ота-оналар хавотирга тушиб қолишди. Ва уларнинг айримлари катта пулга учганми, ширин алдовлар домига тушиб қолганми, ёмон ниятлилар тузоғига илинган фарзандларининг қайси бир мамлакатда бегуноҳ одамлар қони тўкилаётган жангларда қатнашаётганларини эшитиб, бутунлай довдираб қолишди. Ана шундагина фарзанд тарбияси учун масъулликларини унутишганини тан олиб, тил тишлашди. Лекин кечикиб тил тишлаш фақат эгасининг жонини оғритади, холос!

Айнан ота-она масъулиятсизлиги боис ҳали оқ-қорани яхши таниб олмаган ёшлар бошқа жиноят кўчаларига ҳам кириб кетишмоқда. Ана шундай адашган ёшлардан бирининг тақдири ҳақидаги бир воқеий ҳикоя билан танишишни сиз азизларга таклиф этмоқчиман.

                                                           

Тилла узук

Ота-онангиз тирик экан, улардан узоқ кетманг. Агар бориш зарур бўлиб қолса, қаерга боришингизни уларга маълум қилиб кетинг.

Конфуций

Шукур ҳар галгидек тонгги олтидан ўтганда уйга кириб келди. Ўғли ишга кирганидан буён тунлари кўзидан уйқу қочган, хавотирлик билан тонг оттирадиган Мастура тезда дастурхон ёзди, чой дамлаб келди. Устма-уст икки пиёла чой ичган Шукур шимининг чўнтагидан рўмолчасини олди. Рўмолчани авайлаб очди. Унинг ичида феруза кўзли, қайиқчага ўхшаш олтин узук бор эди. Шукурнинг ҳаракатларини кузатиб ўтирган Мастуранинг қувончи ўғли узукни узатганда, лабларига жилмайиш бўлиб тошди.

- Онажон, бу сизга, биринчи ойлигимдан атайлаб олдим, - деди Шукур узукни Мастурага узатар экан.

- Раҳмат, ўғлим! Аммо... менинг узугим бор-ку, нима қилардинг шунча пулни сарфлаб, - деди Мастура узукни айлантириб, у тўғри келадиган бармоғини мўлжаллар экан.

- Сизга ёқдими? Ёққан бўлса, пулини ўйламанг! Дадамлар айтадилару - пул қўлнинг кири. Дуо қилсангиз, ҳали бу узук нима, тилла билакузук, зираклар олиб бераман.

- Илоҳим, тупроқ олсанг, олтин бўлсин! Бахтимга бошинг тошдан бўлсин! – Мастура дуога қўл очди...

Кечқурун эри ишдан қайтгач, Мастура узугини кўз-кўз қилди.

- Ярашибди. Муборак бўлсин! Мендан яшириб йиғиб қўйган пулингга олдингми? – деди Маҳкам кулимсираганча.

- Вой, қаердаги гапларни топасиз-а?! Ўлибманми, сиздан пул яшириб? Шукуржоним совға қилди. Ҳа, нега, анграясиз? Шукуржоним биринчи ойлигидан олибди. Сиз бўлсангиз уни қаердаги тайини йўқ ишга кирган, деб айблаганингиз-айблаган!

- Қани менга берчи! – Маҳкам Мастура узатган узукнинг орқа-олдига кўз ташлади. – Энг юқори проба. Кўзиям тоза ферузадан экан. Бунақа узукни сотиб олиш учун Шукурнинг ойлиги отнинг калласидек бўлиши керак! Ойлиги қанчалигини сўрадингми?

- Вой, нима қиламан сўраб? Сиз  ота  бўлиб ўғлингизни кундузги ишга жойлаб қўймасдан, тунлари ишлашига индамасангиз! Шукуржоним ишдан қайтганча кўзларимга уйқу келмайди, кўнглим минг хил кўчага кириб чиқади.

- Э, бўлди-бўлди, кўз ёшинг доим тайёр туради. Сенга бир гапни айтиб қочиб кетиш керак!

Маҳкам қўл силтади-да, ҳовлига чиқиб кетди.

- Қаерга кетяпсиз? Яна чойхонагами?

Маҳкам ортидан келган овоз томон ўшқирди:

- Ҳа, чойхонага!

Маҳкам чойхонада шахмат ўйнаб, устма-уст ютқизаверди. Улфатларидан бирининг «Бугун шаштинг йўқми, Маҳкам» деганига ҳам эътибор бермади. Хаёлидан фақат «Бу бола менга бир оғиз маслаҳат солмай, сўрамай-нетмай ишга кирди. Мен аҳмоқ ҳам фақат тунлари ишлайдиган қанақа иш экан, нима қиласан ўзи, деб тузукроқ сўрамабман!», деган гаплар ўтарди. У Шукурнинг баъзан устма-уст ҳар туни ишга кетиши, баъзан эса, икки-уч тунда ишга боришини ўйлаб, ҳали хотинининг янги узугини қўлида айлантираётиб пайдо бўлган шубҳаси кучаяверди. Пиёлага қуйилган чойи ҳам қолиб, улфатларини ҳайрон қолдириб шартта ўрнидан қўзғалди.

Маҳкам ҳовлисига кирар экан, остонада ўғли билан тўқнашди.

- Қаерга кетяпсан?

- Қаерга бўларди? Ишга-да!

- Ишга?! Кеча тунда боргандинг, ишингда тутуруқ борми ўзи?

- Ҳамкасбларимдан бири ичкетар бўпқопти. Шунга катта мени чақирди. Ҳа, нима, менга ишонмаяпсизми? Мана, каттанинг ўзлари билан гаплашинг, бўлмаса, - Шукур қўлидаги телефонини отасига узатди.

- Керак бўлса, у билан гаплашаман ҳам! Керак бўлса, ишхонангга бориб, нима иш қилишингни, қанча ойлик олишингни суриштираман ҳам!

Маҳкам шундай дейиши билан ҳозиргина шашт билан гапириб турган Шукурнинг овози мулойимлашди, пасайди:

- Дада, мақсадингиз мени ишхонамдагилар олдида уялтиришми? Ана, анов куни биттасининг дадаси ишхонага борганди. Ўша куниёқ ўғлининг думини тугишди. Отаси ишонмайдиган ўғил бизга керак эмас, дейишди. Майли, мениям ишдан кетсин, дадасининг этагига осилиб юрган бир бола экан, деб устимдан мазахлаб кулишларини истасангиз, ҳозироқ қаерда ишлашимни айтганим бўлсин.

- Энди, ўғлим, ўқишга кир, дедим, кирмадинг, икки-учта яхши иш топдим, ёқтирмадинг, фақат тунлари ишлайсан, душман кўнгил ҳар хил кўчаларга кириб кетади-да.

- Майли, дада, сизга ёқмаса, эртагаёқ аризамни ёзаманда, ишдан бўшайман. Қайдасан, Россия, дея синфдошларимнинг олдига жўнаб кетаман. Ана кейин, Шукур Россияга кетаман деганда, Маҳкам қўймаганди. У ҳозир ўғлининг ўтган воқеани эслатаётганини, бу билан сиз нимага чидайсиз ўзи, дея писанда қилаётганини англади.

- Майли, ишдан кеч қолмагин, бўлмаса, - Маҳкам ўғлининг бошини силади. – Фақат қўнғироқ қилсам, телефонингни кўтаргин, онангни қон босими борлигини биласан, сендан тез-тез хавотир бўлиб туради.

Шукур шошганича чиқиб кетди.

Бора-бора Маҳкам ўғлининг тунги ишига кўника бошлади. Лекин ҳар гал унинг эгнида қимматбаҳо кўйлакми ё шим кўрганида яна кўнглига хавотирлик ораларди. Айниқса, Мастура Шукурнинг энди ишдан қайтгач, икки-уч соат ухлаб, кўчага чиқиб кетиши, у ёқдан ширакайф қайтиб келишини айтганда, бу хавотирлик оша бошлади. Бир куни Мастура қўлига бир гувоҳнома берганида ҳанг-манг бўлиб қолди. Гувоҳнома Шукурнинг номига ёзилган, унинг сурати ёпиштирилган эди. Маҳкам бунга унча ҳайрон бўлмаса-да, лекин милиция лейтенанти деган ёзувни ўқир экан, кўзларига ишонмади. Бирон ерда ўқимаган Шукур қачон лейтенант бўлиб қолди экан?

- Буни қаердан олдинг? – деди Маҳкам гувоҳномани Мастуранинг кўз олдида силкиганча.

- Шукуржон кўйлагини ювишга берганди, чўнтагидан чиқди.

Худди шу лаҳза кўча эшик очилиб, ичкарига шошганча Шукур кириб келди.

- Онажон, кўйлагимни ювганингиз йўқми?

- Ювдим.

- Чўнтагидан бирон нарса...

- Мановими? – Маҳкам Шукурнинг гапини бўлди.

- Ҳа, шу, - Шукурнинг ранги оқариб кетди. – Хайрият, онам ювиб юбормабдилар.

- Қайси хизматларинг учун дарров лейтенант бўлволдинг? – Маҳкам қўлидаги дафтарчага ғазаб билан тикилди.

- Дада, ҳозирча, буни сизга айта олмайман. Фақат бир нарсани айта олишим мумкин -ярим йилдан буён тунлари уйқумни ҳаром қилиб, бажараётган муҳим ишларимни ҳисобга олишди-да.

Худди шу онда Маҳкам Шукурнинг сир тутган иши милициянинг ошкор этилмайдиган муҳим хизмати экан-да, деган ўйга бориб, ўғлини қаттиқ сўроқ қилиш, суриштириш аҳдидан қайтди.

Шукур ҳужжатни олди-да, чўнтагига жойлаб, ҳали қандай шошганича келган бўлса, ана шу тарзда шошганича чиқиб кетди.

Барибир Маҳкамнинг кўнглига ғулғула тушди. Ўйлаб-ўйлаб, акасининг яқин бир таниши милиция бошқармасида ишлашини эслади. Хотинига «мен бир соатда келаман», деди-да, тўғри акасиникига қараб жўнади. Унга Шукурнинг тунги иши, чўнтагидан чиққан ҳужжат – ҳаммасини айтиб берди. Фақат онасига совға қилган тилла узукни айтмади. Айта олмади.

-Маҳкам, ука, эсингдами, болани кичиклигида ҳам, катталигида ҳам тергаб тургин, қаерга боради, ким билан ўтириб-туради, билишинг шарт, дердим, - ака ётиғи билан гапирар, лекин ҳар бир сўзи Маҳкамнинг нақ миясини пармалаётгандек эди. – Сен, айтганингизни қилиб – қаерга кетяпсан, ўртоқларинг ким, нима қиляпсан, нима қўйяпсан, деб тергайверсам, ўғлим менга дадам ишонмайдилар, деб ўйлайди, дегандинг. Эсингдами? Майли, болага эркинлик ҳам керак. Лекин ҳатто, боғбонлар ҳам янги ниҳолнинг ёнида нималар ўсаётганлигига эътибор беришади. Энди индаллосини айтсам, сен ёлғиз ўғил деб, бутунлай эркига қўйиб бердинг. Ишқилиб, кечикмаган бўлайлик – Шукур ёмонларга қўшилган бўлмасин.

- Ака, нималар деяпсиз, оғзингиздан шамол учирсин!

- Мен ишқилиб, деяпман. Сен дарров хафа бўлма, агар менинг ўғилларим ножўя иш қилишса, бутун уруғимизнинг бошини эгишади, агар сенинг ўғлинг, Худо кўрсатмасин, мабодо... ҳаммамиз ташвишда қоламиз.

- Ака, кечиринг мени, бошим қотиб қолган, баъзан нима деётганимни ҳам билмайман. Сиз милиция бошқармасидаги танишингиздан Шукурнинг у ерда ишлаш-ишламаслигини  билиб берсангиз. Унга қараб иш қилардик, кейин.

- Бўпти, Маҳкам, лекин айтиб қўяй, ҳамма нарсага тайёр туришимиз керак. Ўша танишимнинг айтишига қараганда, кейинги ойларда шаҳарда, унинг атрофида тунда машиналарни тўхтатиб, қароқчилик қилиш ҳодисалари кўпайган. Йўқ, дарров жаҳлинг чиқмасин, мен тунги йўлтўсарларнинг бири жияним, демоқчи эмасман.

... Икки кундан кейин Маҳкамнинг уйига акаси кириб келди. Танишидан суриштиргани, милицияда Шукур деган ходим йўқлигини аниқлаганини айтди.

Эртаси куни Маҳкам ишга бормади. Шукурнинг келишини кутиб турди. Отасининг авзойини кўрган Шукур саломлашди-да, аста ичкари уй томон йўналди.

- Тўхта!

Отанинг шиддатли овози уни ортга қайтарди.

- Дада, мен кийимимни алмаштириб олайин. Ҳа, бугун ишга бормабсиз?

Маҳкам ўғлининг вазиятдан чиқиб кетиш учун гап топишга усталигига тан берди.

- Қани, ёнимга ўтир! – Маҳкамнинг овози ҳалигидан ҳам шиддатли чиқди. – Аввал сен билан яхшилаб гаплашиб олайлик, иш эса, қочиб кетмас.

- Дада, шунчалик зарил гапми, кийимимни алмаштирганимча, ёнғин чиқадими?

- Ҳа! Ҳаммаёқ ёниб кетади! Айт, бугун кимларни тунаб келдинг? – Маҳкам ўзини тута олмади.

- Дада, нималар деяпсиз? Биз – милиция ходимлари айнан ўша жиноятчиларга қарши курашяпмиз.            

Маҳкам ўғлининг бу гапларни қаердан, қачон ўрганиб олганини ўйларди.

- Қанақа милиция, қандай жиноят? Ҳой бола, ақлингни йиғ, ойни этак билан ёпиб бўлмайди. Яхшиси, ҳаммасини ўзинг айт, тан ол. Ана шунда сенга ҳам, бизга ҳам яхши бўлади. Йўқса, изингга тушганлар бу ерга кириб келишса, тўнғиз қўпади. Ҳа, тўнғиз қўпади!

Бирдан Шукур тутақиб кетиб, сирини ошкор қилганини билмай қолди.

- Дада, нима қилмоқчисиз? Мени милицияга тутиб бермоқчимисиз? Ўзингизнинг ўғлингизни-я?! Ундан кейин одамлар орасида қандай бош кўтариб юрасиз? Ўтган-кетган бармоқ нуқиб, анови сотқин, ўғлини қаматган, деса ерга кириб кетмайсизми?

Маҳкам ич-ичидан отилиб келаётган фарёдни босишга уринди. Ўғлининг кўзларига тикилганча осойишта сўзлашга ҳаракат қилди.

- Ўғлим, демак, нималар қилиб юрганингни ўзинг ҳам тан оляпсан. Ўша сенлар тўхтатиб, қўрқитиб, пулини, телефонини, тақинчоқларини олганларинг ҳам менга, онангга, опангга ўхшаш инсонлар. Улар ҳам кимгадир ота, она, опа, ака-ука, ўғил, қиз бўлишади!

- Мен ҳеч кимни қўрқитганим йўқ! Ҳеч кимни урган-сўкканим ҳам йўқ.

- Улар сенинг эгнингдаги милиция кийимидан қўрқишган. Қўлингдаги ясама ҳужжатингдан қўрқишган. Ўғлим, ҳалиям кеч эмас, эгилган бошни қилич кесмайди, милицияга бориб, айбингга иқрор бўл!

- Айбимга иқрор бўлайин, шерикларимни сотайинми? Биласизми, кейин мени нима деб аташади?

- Дадаси, ёпиғлиқ қозон ёпиғлигича қолсин! Бугундан бошлаб Шукуржон остонадан нари ўтмайди. Ёш болани ёмон йўлга бошлаганлар жавоб беришсин! Ўғлим қамалиб қолса, мен қандай чидайман?!

   Маҳкам Шукурнинг олдини тўсган Мастуранинг билагидан ушлади.

 - Тилла узук бармоғингни сиққани, оғритгани йўқми? Унинг қайси бир шўрлик аёлнинг бармоғидан чиқариб олинганини ўйламаяпсанми?

- Бармоғимни эмас, томоғимни сиқяпти. Бўғилиб кетяпман. Дадаси, дадаси...

Мастура бўйнини ушлаганча гилам устига ёзиғлиқ кўрпача устига йиқилди. Унинг юрак уришига қулоқ солгач, Маҳкам Шукурга ўшқирди:

- «Тез ёрдам»га қўнғироқ қил! Онангни қон босими ошиб кетди. Нега қаққайиб турибсан?! 

Шукур телефонда гаплашар экан, Маҳкам хотинининг бармоғидан қайиқчага ўхшаш тилла узукни авайлаб чиқариб олди. Олди-да, Шукурнинг бетига қараб отди...

х  х  х

Азизлар, келинглар, бу ҳикоядан сўнг яна доноларнинг ҳикматга айланган сўзларига қулоқ тутайлик:

Агар одамлар болаларинг ҳақида ёмон гапиришса, улар сени ёмонлаётганларидир.

В. А. Сухомлинский

Ўз ўғлини ҳеч бир фойдали ишга ўргатмаган одам ўғри боқаётган бўлади.

Т. Фуллер

Халқнинг бахт-саодати болаларни тўғри тарбиялашга боғлиқ.

Ж. Локк

Болаларимиз — бизнинг кексалигимиз. Яхши тарбия — бизнинг бахтли кексалигимиз, ёмон тарбия — бўлғуси ғам-аламларимиз, кўз ёшларимиз, бошқа одамлар олдидаги, бутун мамлакат олдидаги айбимиз демак.

А. С. Макаренко

Бола тарбияси учун давлатни бошқаришдан кўра ҳам теранроқ мушоҳада, ундан ҳам чуқурроқ донишмандлик керак.

У. Ченнинг

Мезанадан туриб ваъз айтиш, минбарда ҳаммани оғзингга қаратиш, ўртага чиқариб сабоқ бериш биттагина болани тарбиялашдан кўра хийла енгилроқдир.

А. И. Герцен

Тарбия масаласида майда нарса йўқ.

Н. И. Пирогов

Болаларингизга яхшиликни сингдириб ўстиринг, унга бахтни фақатгина шу беради.

Л. Бетховен

Азизлар, биласизларми, бу ҳикматлар ота-она хоҳ ёш бўлсин, хоҳ кекса бўлсин, ҳар куни, ҳар соат асқотади. Агар энг охирги ҳикматга мурожаат қиладиган бўлсак, қайси ота-она фарзандининг бахтли бўлишини истамайди. Албатта, бахт кўп омилларга боғлиқ. Халқимиз эса, «болангизнинг тўрт мучаси соғлом бўлсин», дея дуо қилар экан, бу бахтни, жумладан, соғломликда ҳам кўради. Фақат тан эмас, руҳ соғломлигида ҳам.

Соғломликка, фарзанднинг соғлом бўлишига кўп нарса боғлиқ. Аммо бу энди келгуси суҳбатимиз мавзусига айлана қолсин. Нима дедингиз? Оила ва соғломлик ҳақидаги суҳбатга иштиёқингиз бор экан, Иншааллоҳ, учрашамиз, деган умидда хайрлашиб қоламиз.

Ўринбой УСМОН,

Тожикистон ёзувчилар иттифоқи ва  Тожикистон журналистлар иттифоқи аъзоси.

Joomla блог