ИЖТИМОИЙ ҲАЁТ

Мустақиллигимизга ҳеч ким путур етказа олмайди

Муаллиф: Super user Категория: ИЖТИМОИЙ ҲАЁТ
Чоп этилган 10 Сентябр 2015 Кӯришлар: 854
Печат

 

ulmas jЖорий йилда мустақиллигимизнинг 24 йиллигини  кўтаринки руҳда кутиб олдик. Бу кўтаринкиликнинг сабаби шундаки, истиқлолият байрами халқимизнинг  азалий орзуси эди. Худога шукур, биз бунга эришдик.

Жонажон Тожикистонимизда  тожик  биродарларимиз қатори турли миллат вакиллари, жумладан, ўзбеклар ҳам тинч ва тотув, аҳилликда умргузаронлик қилиб келишаётир.

Бу ҳамдўстлик самараси ўлароқ, дунё ҳамжамиятида  Тожикистон ўз обрў-эътиборига эга бўлаётир.

Бизга Худо томонидан ато этилган бу улуғ неъмат, яъни тинчлик қадрига етмоқлигимиз даркор.

Неча асрлардан буён бу сарзаминда бошқа миллатлар қатори ўзбеклар ҳам Ватан ободлиги, унинг осойишталиги борасида ўзларининг беминнат хизматлари ила улуш қўшиб келмоқдаларки, бундан фахрлансам арзийди.

Тожикистон халқлар дўстлиги маконидир. Бу дўстлик мустаҳкамланишида мамлакат Президенти, Жаноби олий, муҳтарам Эмомали Раҳмон ҳамда республикамиз Ҳукумати аъзоларининг хизматлари таҳсинга лойиқ.

Бироқ, республикамиз ҳаётида кейинги йилларда рўй бераётган баъзи бир салбий ҳолатлардан кишининг дили беҳузур бўлади.

Хусусан, Тожикистон Ислом тикланиш партиясининг баъзи хатти-ҳаракатлари одамлар норозилигига сабаб бўлаётир.

90-йиллар воқеалари ҳали халқимиз ёдидан кўтарилгани йўқ…

Тожикистон Ислом тикланиш партияси ва ўзларини «демократ» деб атаб юрган ўша давр партия раҳбарларининг бежо ҳаракатлари туфайли, Тожикистон халқлари бошига қаттиқ кулфат ёғдирган фуқаролик уруши бошланиб кетди. Одамлар қонга ғарқ бўлди, хонумонидан ажралди. Не-не алп йигитлар бевақт хазон бўлишди. Оилаларда болалар отасиз, етим-есир бўлиб қолишди. Ҳали ўн гулидан бир гули очилмаган ёш, навниҳол келинчаклар тул қолишди. Бу аччиқ ситамлар халқимиз хотирасидан ўчмасдан Тожикистон Ислом тикланиш партияси яна ўзининг хурмача қилиқларини бошламоқда. Бу эса хатарлидир.

Дайри фанода энг катта пасткашлик бу, Ватанга хиёнатдир. Ватанга хиёнат кечириб бўлмас гуноҳдир.

Куни кеча мустақиллигимиз байрами арафасида бўлиб ўтган террорчилик амаллари менинг қалбимни жуда қаттиқ азобга солди.

Ислом тикланиш партиясининг аъзоси, Тожикистон мудофа вазири собиқ ўринбосари Назарзода Абдуҳалим Мирзо (ҳожи Ҳалим)нинг хиёнати ҳаммадан ошиб тушди.

Бу мудҳиш террорчилик жинояти натижасида ватаннинг мард ўғлонлари дунёдан бевақт кетишди.

Бу қандай кўргилик!

Одамлар Ислом партиясининг тикланишини нега исташмайди? Сабаби, улардаги мансабга интилишлар туфайли қон тўкилишидан ҳамма безордир.

Менинг ёшим 82ни қораламоқда. Тожикистон менинг она-Ватанимдир. Бу ватаннинг лаҳзалик қора куни мени яна юз йилга қаритиб юборади, десам ажабланманг.

 Мен Тожикистонда яшовчи ўзбекларнинг кекса вакилиман. Шуни айтишим лозимки, тожик ва ўзбек миллатлари дўстлиги минглаб асрларга бориб тақалади.

 Тожикистон республикаси Президенти, Жаноби олий, муҳтарам Эмомали Раҳмоннинг халқпарвар сиёсати шу беғараз дўстлик булоғидан суғорилганлигига ҳеч шубҳа йўқ.

Тожикистон Ислом тикланиш партияси аъзолари томонидан Тожикистонда амалга оширилган террорчилик амалиёти, нафақат, бизнинг халқларимиз, балки дунё халқларнинг ғазабини келтирди.

Мен кекса бир кишининг гапим шуки, халққа тинчлик керак.

Тожикистонда яшовчи халқлар яна бир бор ўтган асрнинг 90-йилларида бўлиб ўтган фуқаролик урушига қайтишни хоҳламайди.

Қолаверса, ҳозирги Тожикистон давлати ва унинг раҳбарияти 90-йиллардаги давлатга мутлақо ўхшамайди. Энди давлатдорлик тизими яхши йўлга қўйилган. Ташқи ва ички душманлардан ўзини ҳимоя қила оладиган даражада кучли давлатга эгамиз. Баъзи бир эси пастлар шуни ҳеч қачон унутмасликлари керак.

Худога шукур, давлатимиз бошлиғи ва Ҳукумат аъзолари элу юрт, халқининг қадрига етувчи буюк инсонлардир.

Юртимиз доимо тинч бўлсин! Бошлиқларимизга Худо иқбол берсин!

 

Ўлмас ЖАМОЛ,  шоир,

«Дўстлик» ордени соҳиби.

Joomla блог