-Мамлакатимизга қандай олиб келиниши маълум бўлмаган, яъни контрабанда йўли билан киритилган ва ёш болалар ўртасида жуда танилган Хитой «витаминчиклари» давлат стандарти талабларига жавоб бера олмайди, - деди журналистларга олти ойлик якунига бағишланган матбуот конференциясида Тожикистон Республикаси Ҳукумати қошидаги Стандартизация, метрология, сертификация ва савдо назорати агентлиги директори Ибодулло Қурбониён.
– Бундай маҳсулотларни савдо тармоқларидан мусодара этиш ва йўқ қилиш билан муаммо ечимини топиб бўлмайди. Зеро, ходимларимиз савдо нуқтасидан кетиши билан, сотувчилар қаердандир айнан шу маҳсулотдан яна топиб келтириб, савдога чиқаришади. Жарима солишлар ҳам иш бермайди. Менимча, бозорларни истеъмолчилар тартибга солиши мумкин. Агар ота-оналар фарзандларига стандарт талабларига жавоб бера олмайдиган ва соғлиқ учун зарарли маҳсулотларни сотиб олиб бермасалар, ўз-ўзидан бу маҳсулотлар бозорларимиздан йўқолади. Истеъмолчилар маърифати ошиши – жуда кўплаб муаммолар ечимини топишига хизмат қилади.
«Тожикистандарт» давлат агентлиги бошлиғининг таъкидлашича, агентлик ходимлари 7-8 йилдан буён мамлакатимиз бозорларига Хитойда ишлаб чиқарилган ва болалар истеъмолига мўлжалланган ҳамда давлат стандарти талабларига жавоб бера олмайдиган «витаминчик»ларга қарши кескин кураш олиб борадилар. Аммо улар бу маҳсулотнинг мамлакатга киритилиши йўлини тўса олмаяптилар.
- Қонуний йўл билан бу маҳсулот Тожикистонга йўл берилмайди, - деб фикрини давом эттирди И. Қурбониён. – Зеро, биз стандарт талабларига жавоб бера олмайдиган маҳсулотларнинг ватанимизга киритилишига ижозат бермаймиз.
Истеъмолчилар фаоллигига тўхталган Ибодулло Қурбониён, мамлакатимиз истеъмолчилари ўз ҳуқуқларини билмасликлари, сифатсиз маҳсулотларнинг бозорларда сотилишига лоқайд муносабатда бўлишлари бундай маҳсулотларнинг бозорлардан жой олишига қўшимча имконият туғдиришини таъкидлади.
- Биргина назорат органлари ходимлари билан мамлакатда айни пайтда фаолият юритаётган қишлоқ хўжалиги ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари сотиладиган 228 та истеъмол бозорларида тартиб ўрнатиш жуда мушкул иш. Агар истеъмолчилар фаол бўлса, аҳолига хизмат кўрсатишимиз янада самарали бўларди. Ҳисобот даврида агентлигимизга истеъмолчилардан 80 та мурожаат тушди. Биз уларнинг барчасини ижобий ҳал этишга уриндик. Натижада, мурожаат этган 75 нафар истеъмолчи бизга миннатдорчилик изҳор этишди. Аммо аҳоли томонидан мурожаатлар ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 23 тага камайганлиги истеъмолчиларнинг ўз ҳуқуқларига лоқайдликларини билдиради.
Бундан ташқари, «Тожикстандарт» давлат агентлиги бошлиғи журналистларга агентлик ходимларининг олти ойда бажарган ишлари, мавжуд камчиликлар, эришилган ютуқлар юзасидан атрофлича маълумот берди.
М. ИСКАНДАР,
«Халқ овози».