Паёмни тинглар эканман, Тожикистон Ҳукумати, хусусан, унинг раиси томонидан истисодиётимизнинг етакчи соҳаларидан бири қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга бўлган эътиборнинг янада кучайганини ҳис қилдим.
Давлатимиз сарвари нутқида келтирилган далилларга кўра, кейинги беш йилда қишлоқ хўжалиги соҳасида сезиларли ривожланиш юз берган: боғу узумзорлар 20 фоизга, сабзавот экиладиган майдонлар миқдори 30 фоизга кўпайган. Натижада, мева ва сабзавот маҳсулотлари етиштириш ҳажми 50 фоизга кўпайган.
Соҳада соҳибкорликни ривожлантириш учун ҳам қулай шарт-шароитлар яратиб берилмоқда.
Тожикистон Ҳукумати ишлаб чиққан «Кўҳна боғ-узумзорларни тиклаш ҳамда янгиларини бунёд этиш тўғрисида»ги давлат дастури асосида 54 минг гектар янги боғлар яратилган бўлиб, бу давлат иқтисодиётининг ривожланишида муҳим туртки бўлиши, шубҳасиз.
Давлат сарвари ўз Паёмида соҳада кўзга ташланадиган камчиликларни ҳам очиқчасига айтиб ўтди. Хусусан, мева ва сабзавот сақланадиган совуқхоналар, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш корхоналари қурилиши талаб даражасида эмаслиги, ғалла, пахта ҳамда картошка етиштириш кўрсаткичларининг камайиб кетганлигини алоҳида қайд этиб ўтди.
Президент йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш учун ердан фойдаланиш маданиятини ошириш, уруғчилик, зотчилик, картошка етиштириш, янги ерларни ўзлаштириш масалаларига алоҳида диққат қаратиш кераклигини таъкидлади.
Албатта, бу кўрсатмалар ижроси учун, нафақат, раҳбарлар, балки қишлоқ хўжалиги ходимларининг ҳар бири масъулдир…
Мақсуда ҲАСАНОВА, Шаҳринав ноҳиясидаги
И. Меликмуродов номли деҳқон хўжалиги
бригадаси бошлиғи.