«Тожикматлубот» иттифоқи бошқармаси матбуот анжуманига ташриф буюрган журналистлар ҳар галгидай кўпчиликни ташкил этди. Ва бу анжуманда матлубот кооперациясига янги сайланган раис билан мулоқоту танишиш, савол-жавоб қилиш ниятида ҳамкасбларимиз янги раис - Идиев Ҳусейн Сафаралиевичнинг хизмат сафарига кетганлигини эшитгач, кейинги олти ойдан сўнгги дийдорга умид боғлашди.
Матбуот конференциясини юқорида эслатилган сабабга кўра, «Тожикматлубот» иттифоқи кооперацияси раиси ўринбосари Гулнора Кокова олиб борди ва ўтган 2014 йил давомида амалга оширилган ишлар кўлами ҳақида муфассал ахборот берди.
- «Тожикматлубот» мустақил ва озод Тожикистоннинг илк кунларидаёқ халқни лозим ўлароқ озиқ-овқат маҳсулоти билан таъминлаш, яшаш шароитини яхшилаш йўлида жонбозлик кўрсатиб келмоқда, - дейди Г. Кокова.
Бунга, албатта, йил давомида пойтахт Душанбенинг турли ноҳиялари ҳамда Шоҳмансур бозорларида муттасил ўтказилаётган ярмаркалар натижасида хўжалик маҳсулотлари арзон нархда харидорга етказилаётганлигини мисол қилиб кўрсатиш мумкин.
Бундан ташқари, «Тожикматлубот» кооперацияси томонидан қайта ишлов берилиб, савдога чиқарилаётган маҳсулотлар кўлами ҳам бир талай. Кокова хоним сўзларига кўра, шаҳарга кираверишда кўтара бозор ташкил этишларига ижозат берилса, яхши бўларди. Зотан, ушбу бозордаги нарх-наво бошқаларига қараганда анча арзон бўлиши назарда тутилган.
Шунингдек, Гулнора Кокова шаҳримизда ишбилармонлик билан шуғулланаётган кишиларнинг «Сихкабоби Хўжандий», «Оши Кўлоб», «Мантуи Ургут» каби турли брендлар остида фаолият юритишларига рози эмас. Зеро, бу кишиларнинг маҳалларга бўлинишига олиб келади.
- Истиқлолият илк йилларида маҳалбозлик қандай оқибатларга олиб келганлигини барчамиз яхши эслаймиз-ку, ахир… - деди у ички ачиниш билан ва қўшиб қўйди, - тожирлар орасида соф рақобат бўлмоғи лозим!
Анжуман ҳар доимгидек қизиқарли ва жонли ўтди.
Ўз мухбир.