- Ўтган 2014 йили Тожикистон Республикаси Президенти қошидаги Давлат хизмати агентлиги адресига 4508 мактуб келиб тушган бўлиб, улар, асосан, фуқаролар мурожаати, давлат хизматчилари сонига оид давлат органлари таклиф-мулоҳазалари, аттестация натижалари, фаолиятга баҳо бериш, ротация, кадрлар захираси рўйхати тавсияси, ижтимоий кафолатлар татбиқи, давлат хизматчилари таҳсили ва соҳага тегишли масалалардан иборат,-дея ўз сўзини бошлади мазкур агентлик директори биринчи ўринбосари Қосимзода Гурези Журахон йил якунига доир матбуот конференциясида.
Унинг сўзларига кўра, агентликка 401 фуқаро мурожаат этган бўлиб, 39 давлат расмий органлари, давлат хизматчилари, оддий фуқаролар ёзма мурожаати кўриб чиқилган.
Қосимзода, шунингдек, давлат хизматчилигига қабул қилиш асносида унинг ҳар томонлама мукаммаллиги ҳамда саводлилиги, одоби-ю, хуш рафтори эътиборга олиниши ҳақида айтиб ўтаркан, «Ҳозирги дунёвийлашиш даврида давлат хизматчисининг ўз она тилидан ташқари чет тилларни ҳам билишлиги хуш қабул қилинади.»,-деди.
Агентлик директори ўринбосари Қосимзода Гурези Журахон ўтган йили мамлакат Президенти Фармони билан бошқарманинг агентликка айланиши оқибатида идора вазифалари кўпайганлиги ҳамда ҳисобот йилида барча давлат хизматчилари аттестациядан ўтганликлари ҳақида тўхталиб ўтди.
У, шунингдек, журналистлар саволларига жавоб берар экан «Озодагон» мухбирининг «Давлат мансаблари сотиладими?»,-деган саволига жавобан Қосимзода: «Бизда давлат мансаблари сотилмайди. Бу ҳақда бирор бир шикоят ва ёки хабар ҳам агентликка келиб тушмаган»,-деди қатъийлик билан.
Қосимзода конференцияда иштирок этаётган бошқа ахборот воситалари вакиллари саволларига ҳам муфассал жавоб берди. Анжуман ўзаро тушуниш руҳи ҳамда қизиқарли ўтди.
С. АБДУЛЛО,
«Халқ овози».