Ҳаётда инсоний фазилатлар қаторида саховатпешалик сўзи ўзгача, шукуҳли жаранглайди. Унинг тилга олиниб, талаффуз қилиниши ҳам қалбларга ором беради, ўзига хос таскин бағишлайди.
Чунки, бу сўзнинг замирида одам зотини улуғловчи меҳр-оқибат, ғамхўрлик, қўли очиқлик, камтаринлик ва хушхулқлик сингари олийжаноб башарий хислатлар мужассам…
Одамийлик дунёсида шундай бир мустаҳкам қалъа борки, у бани одамни хўрлик, қайғу-алам ва тушкунликлардан омон сақлайди.
Бу – Меҳр қалъаси…
Тожикистон Республикаси Ҳукумати ва унинг Раиси олиб бораётган ижтимоий сиёсатнинг асосий йўналиши етим-есирларнинг бошини силаш, камтаъминланган оилаларга кўмаклашишга қаратилганлиги бежиз эмас.
Давлатимиз бошлиғи Эмомали Раҳмон томонидан ҳар бир байрам ва улуғ айёмлар арафасида Болалар уйлари ва аҳолининг камтаъминланган қатламларига меҳрибонлик кўрсатиш –асосий омили инсонпарварлик бўлган мазкур сиёсатнинг ҳаётга татбиқ этилишида ибрат намунасидир.
Мамлакатимиз сарвари ташаббуси билан анъана тусини олган бу хайрли тадбир Ватанимизнинг кўпгина ҳиммати баланд кишилари ва жамоалари тарафидан қўллаб-қувватланиб келинмоқда.
Кириб келган янги мелодий – 2015 йил арафасида Россия-Тожикистон славян университети жамоаси Шаҳринав ноҳиясидаги Болалар уйи тарбияланувчиларига байрам совғалари улашишди.
Кўрсатилган инсонпарварлик ёрдами, асосан, озиқ-овқат маҳсулотлари: ун, ёғ, гуруч, макарон, товуқ гўштидан иборатдир.
Шунингдек, мактаб-интернатнинг юз нафардан ортиқ талабаларига совға-саломлар мажмуаси тортиқ қилинди.
-Россия-Тожикистон славян университети ўқитувчилар жамоасини ҳақиқий савобталаб инсонлардан жамланган, десам, муболаға қилмайман,-дейди Шаҳринав ноҳияси Болалар уйи директори Мушаррафа Шарипова.-Бу сахийлар жамоаси Янги йил арафасида бизга ўн икки минг сомонийлик инсонпарварлик ёрдами кўрсатди. Ва бу биринчиси эмас. Катта-катта байрамлар арафасида бундай меҳрибонликлар кўп кўрсатилган. Улар бизнинг ғамхўр ва беминнат ҳомийимизга айланиб улгуришди, десам, бор ҳақиқатни айтган бўламан.
Шаҳринав ноҳияси Болалар уйи тарбиячи ҳамда тарбияланувчилари номидан уларга ўзимизнинг чуқур миннатдорчилигимизни изҳор этамиз…
…Тақдир йўриғи ва тақозоси билан одам боласи бошига турли кўргуликлар тушади. Ана шу кўргуликлар қобиғидан паноҳ топган ғам-қайғу қузғунлари унинг қалбини тинсиз-тинимсиз кемираверади. Меҳрга бегона қилади, хўрлайди. Хўрлайверади…
Ва ана шу хўрлик қузғунлари хуружидан ўз вақтида ҳимоя қилинмаган, сақлаб қолинмаган мурғак қалб бир умрга маънан мажруҳ бўлиб қолиши турган гап…
Бориб-бориб бокира гўдакнинг кўзларига мунг «ин қўяди». Шу тариқа одам боласи дунёга мунгли кўзлар билан боқа бошлайди. У ўз қавмига меҳрга зор нигоҳлар билан зорланиб қарайди.
Зорлик назари- инсон маънавий дунёсида юз берадиган мудҳиш фожиа…
Маънавий фожианинг ибтидоси сезилмайди, интиҳоси эса, аянчли.
Жамиятда маънавий таназзулни келтириб чиқариши ҳеч гап эмас…
Одам боласи бошини эгадиган бу балодан сақланишнинг бирдан-бир чораси инсонлар қалбида Меҳр қалъасини бунёд этмоқликдир.
Қалъанинг тамал тоши инсонийликдан қўйилсин!..
Токи бу қалъанинг ғиштлари меҳрдан, оқибатдан, саховатдан, камтарликдан, хушхулқликдан «қуйилган» бўлсин!..
Мустаҳкаму устуворликда тенгсиз, барқарор бўлсин!..
Зеро, бу маънавий офату балолардан сақлагувчи Меҳр қалъасидир…
Меҳр қалъаси - бу, Меҳр қалъаси…
Абдуҳафиз МИРЗААҲМЕДОВ,
«Халқ овози».