ИЖТИМОИЙ ҲАЁТ

Тожикистон Республикаси Ислом маркази Уламолар кенгаши бошқаруви қарори

Муаллиф: Super user Категория: ИЖТИМОИЙ ҲАЁТ
Чоп этилган 24 Апрел 2020 Кӯришлар: 2083
Печат

 

s. abduqodirzoda 2020Тожикистонда коронавирус (COVID-19) тарқалиши олдини олиш мақсадида 17 апрел куни Тожикистон Республикаси Ислом маркази Уламолар кенгашининг 2-қарори имзоланди. Қуйида унинг матни билан танишасиз.

- Коронавирус юқумли касаллиги тарқалишига доир вужудга келган вазият билан боғлиқ ҳолда, масжидларда намоз ўқишни ман қилган исломий мамлакатлар, жумладан, Саудия Арабистони, Туркия Республикаси, Эрон Ислом

Республикаси, Покистон Ислом Республикаси тажрибасига биноан, мамлакатимизда масжидларда намоз ўқишни вақтинчалик тўхтатиш зарурати юзага келди. Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон республикалари ҳам шундай тадбирни амалга оширишди. Ўзбекистон мусулмонлар идораси 2020 йилда Ҳаж маросимини тўхтатишга доир тегишли қарорни имзолади.

Бу барча тезкор ва ўз вақтидаги ишлар бугунгача минглаб кишиларнинг ҳалок бўлиши сабабига айланган коронавирус юқумли касаллигидан одамларни қутқариш учун амалга оширилмоқда. Бундан ташқари, кўп кишилар ушбу офатдан қутулиш учун ўз уйларидан чиқмай, бу балодан имкон қадар тезроқ қутулишга умид қилишмоқда. Биз ҳам асрнинг бу вабосидан ўзимиз, фарзандларимиз, ота-оналар ва умуман, мамлакатимизнинг барча аҳолисини қутқариш ҳамда азиз Ватанимизни барча хатарлардан ҳимоя қилиш учун барча чоралардан фойдаланишимиз керак. Ислом қоидаларига кўра, инсон саломатлиги ҳимояси биринчи ўринда туради. Бу ҳақда Қуръони Каримда шундай дейилади: "Ва ўзингизни ўз қўлларингиз билан ҳалокат (гирдоби)га ташламанг" ("Бақара" сураси, 195-оят).

Саломатликни ҳимоялаш фарз ва жамоат намози суннат бўлган бундай вазиятда ҳар бир мўмин кишининг саломатлиги ҳимоя қилиниши керак. Шу сабабли, тиб соҳаси мутахассислари тавсияларига риоя этиш ҳам муҳим саналади. Аллоҳ таоло айтганидек: "…агар билмайдиган бўлсангиз, зикр аҳлларидан сўранг" ("Наҳл" сураси, 43-оят).

Мавжуд шароитни инобатга олган ҳолда, "аср фожиаси" деб номланган коронавирус юқумли касаллиги тарқалиши олдини олиш йўлида Тожикистон Республикаси Ислом маркази Уламолар кенгаши қарор қилади:

1. Мамлакат масжидлари ва жамоатхоналарда жамоат намозлари - беш вақтли, жума ва таровиҳ намозлари ўқилиши вазият яхшилангунга қадар 2020 йилнинг 18 апрелидан ман қилинсин.

2. Рамазон ойида ҳар қандай тадбир - таровиҳ, ифтор, ҳайитлаш ва бошқа маъракалар ман қилинсин.

3. Закот, фитр садақаси ва бошқа хайр-садақалар муҳтож кишилар, етимлар, қаровчисиз қолганлар ва ногиронларга берилсин. Саховатли кишилар садақа ва закотларини мазкур юқумли касаллик олдини олиш учун махсус хазина ҳисоб рақамига ўтказишлари мумкин.

4. Ҳажни ният қилган фуқаролар Худонинг уйи "Масжид-ул-Ҳарам"ни зиёрат қилиш тўлиқ ёпилгани сабабли, бу ният учун йиққан маблағларини аввал ўз уй-жойларини обод қилиш, сўнгра сув келтириш, қудуқ қазиш, кўприк қуриш каби садақаи жория ҳисобланган хайру савобли амалларга сарф этишсин.

5. Рўза тутиш ва бошқа маросимларда дўхтирлар тавсиялари ҳамда Соғлиқни сақлаш ва аҳолини ижтимоий ҳимоялаш вазирлигининг тадбирлари талабларига қатъий риоя қилинсин.

6. Рўзадорлик ҳақида Уламолар кенгаши тавсияларини ўз вақтида тайёрлаб, муборак Рамазон ойи бошланишидан аввал уларни эълон қилсин.

 

Тожикистон Республикаси Ислом маркази Уламолар кенгаши раиси Саидмукаррам Абдулқодирзода.

2020 йил 17 апрелидаги 2-қарор.