ИЖТИМОИЙ ҲАЁТ

Ҳаромхўрлик – виждоннинг фалаж бўлгани

Муаллиф: Super user Категория: ИЖТИМОИЙ ҲАЁТ
Чоп этилган 28 Июн 2019 Кӯришлар: 162
Печат

 

harom 2019Парвардигор одамзотни ўзига энг яқин мавжудот қилиб яратган ва уни маънавий дунёсини обод қилиш учун иймон, виждон, номус, инсоф, ҳалоллик ва адолат сингари покиза ҳамда улуғ инсоний фазилатлар билан сийлаб қўйибди.

Аллоҳнинг бу марҳаматини тўғри фаҳмлаб, ундан имкон қадар баҳра олган одам боласи ўзининг "умр қасри"ни юқорида зикр этилган, ота-боболар бошларига тож қилган зийнатлар билан нақшу нигор айласа, ҳаёти том маънода

гўзал бўлиб, ҳалол одам мақомини олади, икки дунё саодатига эришади. Ва авлодлар учун ўзидан Холиқнинг назари тушган бандаларга хос ибрат бўладиган хотиралар қолдиради.

Буни инсонийликдан сабоқ берувчи ҳаёт мактаби, дейдилар…

Ҳалол одамга на мол-дунё, на амалу мартаба, на дабдабали ҳаёту қасрга менгзайдиган уй-жой керак. Унинг учун Одам деган олий унвон - ҳаммасидан афзал.

Таассуфки… бани одам бандаликнинг шундай нурафшон йўллари туриб, ҳаромхўрлик, ўғрилик, бировнинг, айниқса, етиму есирнинг, нафақахўрнинг ҳаққини ейишдек, нафсга қул қилувчи нопок ҳамда мўмину мусулмонлик шаънига доғ туширувчи иллатларнинг зулумотга чулғанган кўчасига кириб кетаётгани кишини ҳам ҳайрон қолдиради, ҳам ранжитади.

Астағфирулло!..- дея ҳайрат ёқасини ушлайсиз. Беихтиёр хаёллар дарёсига ғарқ бўлиб, бу қусурларни кўпайтирадиган манбалар ҳақида бош қотирасиз.

Бу нима?!.

Одамнинг ўз инсоний фазилатларидан тобора йироқлашиб кетаётганими?!. Ёки унинг назари паст бир махлуққа айланиб бораётганими?..

Нима у!!!

Киши табиатини қуёш нурига солиб текширсангиз, у қабоҳату разолатларга тўла кўринади. Ва ана шу қабоҳату разолат, очкўзлигу суллоҳликлар йиллар ўтган сайин, инсоннинг шаъну шавкатини қумурсқадек ёппасига талаб, ер билан яксон қилмоқда. Шайтоний нафснинг измига тиз чўктириб, иймондан олислаштириб, жиғилдоннинг қулига айлантириб қўймоқда, гўё.

Аслида, шайтон ҳам бир замонлар фаришталарга дарс берган эъзоздаги зот бўлган, ўзида орттирган номақбул, нопок, исқирт хислатлари учун қувғинга учраган…

Тинчлик ва миллий бирлик   асосчиси - Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам   Эмомали Раҳмоннинг яқинда молия, солиқ, божхона ва банк идоралари ходимлари билан учрашувда сўзлаган нутқини синчиклаб ўқисангиз, унда келтирилган далилу рақамлар сизга жамиятимиздаги жуда кўп номатлуб хислатлар ҳақида кенг кўламли маълумот беради.

Далилу рақамлар билан яқиндан танишаркансиз, устухонингизгача зир қақшатиб юборадиган нуқталарга дуч келасиз. Туйқусдан бир савол миянгизга яшиндек уради: - Наҳотки, суллоҳлигу ҳаромхўрлик инсонларнинг суяк-суягига шунчалар чуқур сингиб бораётган бўлса!?.

Эҳ-е-е-е… У порахўрлигу пул ўзлаштиришларни қаранг!?. Энг ёмони ва инсон шаънига иснод келтирадиган, покланмас доғ бўлиб тушадигани: марҳумлар нафақасини ейишдир.

Давлат раҳбарининг чуқур таҳлил қилиб, ўрганиб чиқишига кўра, тегишли идорада 211та инсонийликка мутлақо тўғри келмайдиган бундай далиллар қайдга олинган.

Бу дунёни тарк этган бир марҳуманинг 20 минг сомонийлик "ҳаққи"ни нафс ўпқони ими-жимида, билдирмайгина ямлаб юборган. Энди бу рақамни икки юзу ўн бирга кўпайтиринг!!!

Бунинг учун бутун бошли ҳисобчи керакмасми?!.

Бунча нарсани "ҳалол луқмага" айлантириб, ҳазм қилиб юборганларнинг жиғилдонига ҳам "қойил қолмай" иложингиз йўқ. "Отасига раҳмат!!!"

Ана шундай "ўткир"лар наинки ўтганлар, балки тириклар ҳақининг гуноҳига қолишмадимикин?!.

Агар шу жараён виждон амрига қулоқ тутиб, касбий бурч ва масъулиятни ҳис этган ҳолда амалга оширилганида, ўз вақтида нафақаларини олган отахону онахонларнинг: - Тупроқ олсанг, олтин бўлсин, болам. Фарзандларингнинг орзу ҳавасини кўр. Юртбошимизнинг боши тошдан, Ватанимиз бундан-да ободу фаровон бўлсин,- дея алқашларига нима етсин!?.

Йўқ… Улар ҳалолликдан юз ўгиришган: гўр куйса куйсину, қозон қайнасин.

Ҳаётнинг нопок йўлларидан "шахдам одимловчи" ярамас иллатлар соҳибларининг бош ғояси - шу.

Норасида, кўзларида бокиралик балқиб турган гўдакларининг ёзмиши нима эдики, фарзандларининг луқмасини ҳаром қилиб, ўз гуноҳларига шерик қилишга жазм этишди.

Уларнинг амалларига нафақахўрларнинг: - Ҳаром луқма тешиб чиқсин. Топганинг яхши кунингга ярамасин,- деган дуоибадлари муҳрланиб бўлди.

Энди кеч… Тавба-ю тазаррунинг заррача фойдаси йўқ…

Ҳаромхўрлик виждонсизликдан урчийди ва сурбет, муттаҳам, каззобларни парваришлайди, "оқ ювиб, оқ тараб вояга етказади."

Иймонсизларнинг қилмишлари эса, элу юртни хароб қилмай қўймайди…

Миллат пешвоси ҳар дафъа чиқишларида кадрлар зиммасига, албатта, юксак ишонч ила элу юртга садоқат билан виждонан хизмат кўрсатиш масъулиятини юклайди. Ва уларни ҳалол, халқнинг ҳақиқий хизматкори бўлишга ҳидоят қилади.

Афсуски, у "шоввоз"лар бунинг тескарисини қилиб, ўзларининг қинғир ишлари билан Давлат бошлиғининг ҳам, она- халқи-ю жонажон Ватанининг ҳам ишончига хиёнат қилишади.

Ҳа, ҳаромхўрлик - виждоннинг фалаж бўлгани. Виждони фалаж одам эса, тубанликнинг ҳар қандай кўчасига тап тортмай киришдан уялмайди.

Нафсиламрини айтганда, инсон учун энг оғир жазо унинг ўз виждони олдида жавоб беришидир…

Бу ёғига олий ҳакам - вақт ҳукм чиқаради…

 

Абдуҳафиз МИРЗААҲМЕДОВ.

Joomla блог