ИЖТИМОИЙ ҲАЁТ

Ҳаж сафаридан олдинги хайрли амал

Муаллиф: Super user Категория: ИЖТИМОИЙ ҲАЁТ
Чоп этилган 14 Март 2019 Кӯришлар: 1470
Печат

 

makka 2019Мен бу олийҳиммат инсон ҳақида биринчи марта Жаббор Расулов ноҳияси раиси Комилжон Салимзоданинг матбуот йиғини пайтида эшитдим. Комилжон Салимзода ноҳиядаги ободончилик ишлари ҳақида сўзлар экан, ўзбекқишлоқлик Мустафоқул Суюнов ҳақида ҳам гапирди.

-Бу инсон қишлоқдаги кўчалардан бирини ободонлаштириш, асфалтлаш, ёритиш, арча ниҳоллари ўтқазиш борасида ўзи таклиф билан чиқди, - деди

Комилжон Салимзода.

Сўнгра паҳлавонжусса, кўзлари чақноқ инсон - Мустафоқул Суюнов билан учрашиб, узоқ суҳбатлашдик. Асли касби ҳайдовчилик бўлган Мустафоқул тақдир тақозоси билан Россияга ишга борган. У ерда қурувчилик касбини эгаллади. Эгаллаганда ҳам, маҳоратли қурувчига айланди. Ака-укалари билан бирга алоҳида қурувчилар бригадаси тузди. Тожикистонлик йигитларнинг ишини кўрган кўп қаватли уй қураётган ширкатлар раҳбарлари уларга бирга ишлашни таклиф этишади.

- Ҳозир кўп қаватли уйни бошдан-оёқ битказиб беряпмиз. Юз нафардан ортиқ қурувчи ишлаймиз. Уларнинг кўпчилиги қишлоғимиз ва ноҳиямиздан ишга борган кишилар. Шунингдек, қўшни ўзбекистонликлар ҳам бор. Янги келганлар тажрибали усталардан иш ўрганишади. Ким бўлмасин, ҳаммадан бир нарсани талаб қиламиз - иш сифати, ҳалол ишлаш, вақтни беҳуда ўтказмаслик, бир-бирини ҳурмат қилишни, - дейди Мустафоқул.

- Ака-ука Суюновларнинг ҳиммати билан уларнинг оталари номидаги кўча - бир километру юз метрлик йўл асфалтланди. Кўча четларига минг тупга яқин арча ўтқазилди. Замонавий чироқлар ўрнатилди. Энди бу кўча кечалари ҳам кундузгидай ёп-ёруғ, - деди Сомониён қишлоқ жамоатининг раиси Шукур Узоқов.

- Аслида бу фикр онамиздан чиқди, - деди Мустафоқул. - Мен онам билан бирга Ҳаж сафарига отланаётгандим. Онам муқаддас сафарга боришдан илгари ҳамқишлоқлар учун бирон эзгу иш қилсак-чи, деб қолди. "Нима қилсак, яхши бўлади", деб сўраганимда, онажонимиз: "Ўзбекқишлоқда отанг хотирасини эъзозлаб, катта кўчани унинг номига қўйишди. Шу кўчани обод қилсак, ҳамқишлоқларимиз ундан ўтганда қулайликдан хурсанд бўлишади",- деди. Мен ҳам қишлоқ аҳли учун бир яхши хизмат қилишни ўйлаб юрардим. Онажонимизнинг сўзлари бизни руҳлантириб юборди. Ва ишга киришдик.

Шу тариқа Суюнов номли кўча ободонлаштирилди. Орзу опа ва Мустафоқул эса, муқаддас Ҳаж сафарига ёруғ кўнгил билан отланишди.

Улар Ҳаж сафаридан қайтиб келишгач, яна бир савоб ишга қўл уришди. Қишлоқда яшаётган камтаъминланган оилалар фарзандларидан беш нафари ва яна бир етим боланинг хатна тўйларини ўтказиб беришди. Болаларга кийим-кечак, совғалар улашилди.

- Имконимиз бор, қўлимиздан келар экан, ўзимиз яшаётган қишлоқни обод қилмаслик яхши эмас, ночорлар бошини силамаслик эса, инсофдан эмас, - дейди ҳожи Мустафоқул.

Қишлоқ жамоати раисининг айтишича эса, ҳозир Сомониёнда хайрли ишларни бажариш истагидаги одамлар кўпаяётган экан.

 

Ў. Усмон, «Халқ овози».