Кейинги вақтларда пойтахтнинг у ёки бу минтақаларида тез-тез ёнғин чиқаётганининг гувоҳи бўлаяпмиз. Айниқса, ёзнинг жазирама кунларида ёнғин юз бериши учун кичкинагина учқуннинг ўзи етарли. Ушбу учқундан келиб чиққан ёнғин эса, бутун бошли катта иморатларни ҳам аждаҳо каби ўз комига тортиб, теварак-атрофни қора дудга буркайди. Сўнгги бир-икки ой мобайнида пойтахтнинг «Султони Кабир» бозори, «Роҳат», «Мерве» қаҳвахоналари, «Сино»
хизмат кўрсатиш маркази, Фирдавсий ноҳиясининг Ҳосилот ва Канорий кўчалари, чунончи, «Шукрона» ресторани, Қараболодаги савдо маркази ва бошқа жойларда ёнғин вужудга келди. Бу ҳодисаларни ўз вақтида бартараф этишда Тожикистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Ёнғинга қарши давлат хизмати Бош бошқармаси ходимларининг ҳиссаси катта бўлмоқда. Бошқарма ходимлари ёнғин чиққан жойга тезда сафарбар этилиб, ўз вазифаларини юксак маҳорат билан ижро этишаяпти. Улар ўтни ўчириш билан бир қаторда, ёнғин майдони кенгаймаслиги учун ҳаракат қилишиб, фуқароларнинг мол-мулкини имкон қадар сақлаб қолишга интилишади.
Ушбу хизмат тарихига назар ташлайдиган бўлсак, у 1928 йилнинг 30 июлида таъсис этилган экан. Ёнғинга қарши давлат хизмати ходимлари қарийб бир асрдан буён, халқ хавфсизлигини сақлаш йўлида фидокорлик кўрсатиб, заҳмат чекиб келмоқда. Душанбе шаҳрида ўт ўчирувчиларнинг биринчи гуруҳи 1929 йилнинг 1 апрелида таъсис этилган.
Фёдор Иванович Зайцев ташаббуси билан ташкил этилган мазкур гуруҳ 10 нафар ўт ўчирувчидан иборат бўлган. Ёнғинни ўчириш учун ўт ўчирувчилар ўша замонда арава-ю от билан ҳодиса жойига боришиб, хатарни бартараф этишган.
Ўт ўчирувчилар гуруҳи битта қўл насоси, иккита сув идиши ва 180 метр ўт ўчириш шланги билан таъминланган. 1930 йилнинг 6 июнида биринчи ўт ўчириш автомашинаси республикага келтирилиб, ходимлар сони 12 нафарга етган. 30-йиллардан бошлаб, Хўжанд, Конибодом, Панж, Исфара ва Истаравшан каби шаҳру ноҳияларда ўт ўчириш гуруҳлари таъсис этилган.
1936 йили пойтахтда ўт ўчирувчиларнинг бошқа гуруҳи ташкил этилиб, худди ўша йили республика вилоятларида ўт ўчирувчилар гуруҳлари таъсис этилган. Улуғ Ватан уруши бошланишидан аввал, республикада ўт ўчириш гуруҳлари сони 20тага етганди.
Ёнғинга қарши давлат хизмати Бош бошқармаси ходимлари Тожикистонда Конституцион тузумни қайта тиклаш учун курашда ҳам фидокорлик кўрсатишган. Ушбу курашларда уларнинг 17 нафари Ватан тинчлиги-ю осойишталиги учун жонини фидо этган. Конституцион тузум қайта тикланганидан кейин, Ёнғинга қарши давлат хизматини ривожлантиришга собиқ Шўролар Иттифоқи олий мактаблари битирувчилари, жумладан, унинг бир қатор раҳбарлари – Н.Иброҳимзода, М.Каримов, М.Шарифов, Қ.С. Салоҳиддинзода, М.Қ,Ҳусейнзода, Х.Б.Назарзода, Р.А.Сўфизода, Р.К.Исмоилов, И.Ҳ.Назарзода, М.Н.Рўзиев, Ж.Б.Баротзода, М.Н.Аюбов, Т.З.Исломов, Н.Сафаров, Ш.Анварзода, Б.Умарзода, Ш.Шамиров, А.Шолангаров ва бошқалар муносиб ҳисса қўшишган.
Қайд қилиш жоизки, бошқа ютуқлар қаторида, Ёнғинга қарши давлат хизматининг бугунги раҳбарияти, хусусан, унинг бошлиғи, ички хизмат генерал-майори Нозим Иброҳимзода, чунончи, Ички ишлар вазири Рамазон Раҳимзода ва Тожикистон Республикаси Ҳукуматининг бевосита қўллаб-қувватлашида Шўролар Иттифоқи тарқалиб кетганидан кейин, республикада 27та ёнғинга қарши қисмлару алоҳида назорат пунктлари таъсис этилди. Жумладан, Хатлон вилоятининг Бохтар (ҳозирги Кўшониён) ва Қабодиён ноҳияларида Ёнғинга қарши давлат хизмати ҳарбийлаштирилган иккита мустақил қисми, Темурмалик, Шамсиддин Шоҳин, Ховалинг, Балжувон, Н.Хусрав ва Хуросон ноҳияларида 6та алоҳида назорат пунктлари ташкил этилиб, 266 нафар фуқаро доимий иш жойига эга бўлди. Шунингдек, Варзоб, Файзобод, Айний, Ашт ноҳиялари, «Арбоб» қасрида Ёнғинга қарши давлат хизматининг алоҳида назорат пунктлари фаолият юритаяпти. Душанбе шаҳрида эса, Ёнғинга қарши давлат хизматининг 6та: Сино ноҳиясида иккита, Шоҳмансур ноҳиясида иккита, Фирдавсий ва Исмоил Сомоний ноҳияларида биттадан қисмлари фаолият юритади. Жорий йилда давлат ҳокимияти Душанбе шаҳри ижроия органи қўллаб-қувватлашида Россия Федерациясидан биринчи марта нарвонли ўт ўчириш машинаси келтирилган бўлиб, унинг нарвони 60 метргача юқорига кўтарилади. Бундай машина ҳали минтақанинг баъзи мамлакатларида мавжуд эмас.
Мамлакат бўйлаб ёнғинга қарши курашиш борасида тушунтириш ишлари кенг олиб борилишига қарамасдан, ёнғин келиб чиқиши ҳолатлари тўлиқ бартараф этилгани йўқ. Бу эса, одамларнинг моддий жиҳатдан зарар кўриши билан кифояланибгина қолмасдан, балки қурбонларни ҳам келтириб чиқаради.
Мамлакат Ички ишлар вазирлигининг маълумотига кўра, республика миқёсида жорий йилнинг 27 июнигача 582та ёнғин ҳодисаси қайдга олинган. Улардан етказилган зарар 3 миллион 865 минг 676 сомонийни ташкил қилиб, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 9тага камдир.
Ўтган йил ҳисобот даври якунида мамлакат Ички ишлар вазири Рамазон Раҳимзода 2017 йили республикада 1508та ёнғин ҳодисаси рўй бериб, натижада 28 киши ҳалок бўлгани, шундан 11 нафари балоғатга етмаган болалар бўлганини айтганди. Ёнғиндан етган зарар 10 миллион сомонийдан зиёдни ташкил қилиб, фуқароларнинг 300 миллион сомонийлик мол-мулклари ёнғиндан сақлаб қолинган.
Ички ишлар вазирлиги Ёнғинга қарши давлат хизмати Бош бошқармаси ёнғин хавфсизлиги давлат назорати бўлими бошлиғи Фаррух Ҳалимзода ёнғин келиб чиқишининг асосий сабабларини кўпроқ электр ускуналаридан нотўғри фойдаланиш, электр энергиясидан фойдаланишда босимнинг ошиши, электр симларининг қисқа туташуви ва техник ускуналарнинг яроқсизлигида, деб билади.
Унинг маълум қилишича, жорий йилнинг 27 июнигача ёнғинлар умумий сонидан 326та ҳодиса фақат электр ускуналари ва электр симларининг қисқа туташуви, 24та ҳодиса газ ускуналаридан нотўғри фойдаланиш ва 24та ҳодиса қасддан ўт ёқиш орқали келиб чиққан бўлиб, кўрилган зарар миқдори 146 минг 149 сомонийни ташкил қилган.
Ёнғинга қарши давлат хизмати ходимлари ўз жонларини хатар остига қўйиб, хизмат вазифаларини фидокорлик билан ижро этишмоқда. Бу борада фуқаролар ҳам уларга ёрдамчи бўлишлари, ёнғин келтириб чиқарадиган омилларни бартараф этишлари зарур. Бунинг учун ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя этиш керак. Ана шунда улар ўз молу мулклари ва жонларини ёнғин фалокатидан сақлаган бўладилар. Зеро, халқнинг: «Ўт, сув ва туҳмат балосидан асрасин»,- деган мақоли бежизга айтилмаган.
Г. Аюпова,
«Халқ овози».