ИЖТИМОИЙ ҲАЁТ

Сўнгги пушаймон – ўзингга душман

Муаллиф: Super user Категория: ИЖТИМОИЙ ҲАЁТ
Чоп этилган 27 Апрел 2017 Кӯришлар: 2043
Печат

 

sunggi 2017Жамиятда яшовчи ҳар бир шахс ўзи яшаб турган муҳит удумларига, қонуниятларига бўйсуниши шарт. Шу жамиятда яшаб,  унинг қонуниятларига бўйсунмаслик -  жиноят. Бу гапларни айтиш ёхуд англаш учун олим бўлиш шарт эмас.

Душанбе шаҳри И. Сомоний ноҳияси суди Тожикистон Республикаси Жиноят кодексининг 32-моддаси, 3-4011 қисмига биноан, фуқаро М. Бўтаевни 12

йилу 6 ой муддатга озодликдан маҳрум этди. Бу шахс, экстремизм ва терроризм билан шуғулланувчи,  фаолияти бутун дунё аҳли томонидан  қаттиқ қораланаётган «Ислом давлати»  террористик ташкилоти билан алоқадорликда айбланиб, қонун олдида жавоб берди.   М. Бўтаев ўз қилмишларига биноан, озодликдан маҳрум этилди. Мен бу хабардан  оммавий ахборот воситалари орқали огоҳ бўлдим. Манбанинг келтиришича, М.Бўтаев Россия Федерациясининг Самара шаҳрида муҳожирлик пайтида «Ислом давлати»га тегишли «Зелло», «Ислом давлати сари йўлбошловчи» интернет тармоғига кириб, у ерда Муҳаммад Мовия номли шахс билан танишади. Унинг даъвати билан Сурия Араб Республикасига бориб, «Ислом давлати» террорчи ташкилоти жангчилари сафига қўшилишга ҳаракат қилади.  Бўтаевни Сурияга осонгина етиб олишига кўмаклашган,  интернетдаги таниши Муҳаммад Мовия, Самара-Москва-Кишинёв-Истанбул йўналиши бўйлаб учувчи рейсга электрон чипта жўнатган. М.Бўтаевнинг бу орзу-истаклари амалга ошмади. Чунки у 2016 йилнинг 27 декабр куни Самара аэропортида ҳуқуқ-тартибот ходимлари томонидан қўлга олинди. Боши берк кўчага киришнинг оқибати шу тахлит тугади.

Ўтган ҳафтада Санкт-Петербург шаҳрида қирғизистонлик ёш йигит-Акбаржон Жалилов томонидан амалга оширилган ва унинг оқибатида ўзи билан бирга ўн тўрт инсон умрига зомин бўлган террор ҳужуми кенг жамоатчилик ва бутун дунё аҳли томонидан таҳқирланмоқда. Ер юзида рўй бераётган худкушлик ҳужумлари ортидан минглаб одамларнинг ёстиғи қуриди.  Швеция ва Мисрдаги хунрезликлар ҳам шулар жумласидандир. Террор зулмнинг энг жирканч ва аянчли кўринишидир.

Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси-Миллат пешвоси, Тожикистон Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон дунёнинг турли юқори минбарларидан туриб, террорчининг Ватани, миллати ва дини йўқлиги ҳақида айтган гапларини доим ёдимда сақлаб келаман. Телевидение орқали у ёки бу жойларда террор ва унинг кўнгилсиз оқибатлари кўрсатилганда, муҳтарам Президентимизнинг сўзлари қулоқларим остида жаранглаб кетади.  Россияга ишлаш учун бориб, интернетдаги  номаълум кишилар даъватига учиб, «Ислом давлати» сафига қўшилмоқчи бўлганда қўлга олинибди, деган хабарлар эса, кишида таассуф ҳиссини уйғотади. Зеро, бундай мудҳиш жиноятга қўл ураётган террорчиларнинг аксарияти  ҳали ўн гулидан бир гули ҳам очилмаган ёш йигитлар. Буларнинг қалбида оқибати ниҳоятда хунук бўлган жиноят қилишга майл қаердан пайдо бўлмоқда?

Инсоният тарихида мисли кўрилмаган бундай жиноятлар олдини олишнинг имконияти борми?!...

 Халқаро таҳлилчиларнинг таъкидлашларича, «Ислом давлати» зўравон ташкилотининг ёш қурбони сифатида кўрилаётган Акбаржон Жалилов каби  йигитлардан ўзларининг манфур ниятлари йўлида фойдаланишга ҳаракат қилишмоқда.  Халқаро террорчи гуруҳ ҳисобланган «Ислом давлати» Яқин шарқ ва Ироқда мағлубиятга учрай бошлаганидан сўнг, хусусан, Европа ва ер юзининг кўпгина давлатларидаги қўпорувчиликлар оқибатида одамлар юрагига қўрқув сола бошлади. Бу шунчаки чўпчак бўлмай, аниқ режалар асосидаги  стратегик мақсадни эслатади.  Террорнинг  одамлар хаёлларига келтирмайдиган турлари билан ҳаракат қилиш, содда ва оддий инсонлар ҳаётига хавф туғдирмоқда.

Қизиғи шундаки, муқаддас Ислом дини номидан ҳаракат қилинмоқда, аслида, дин таълимотида  ноҳақ одам ўлдириш, ўз жонига қасд қилиш гуноҳи азимдир. Улар эса, ўзининг нопок мақсадлари йўлида Ислом дини номидан фойдаланишади.

Айтиш мумкинки, йигирма биринчи аср террор ва совуқ урушлар кўланкаси соя солиб турувчи аср сифатида тарихдан ўрин олса ажабмас.

Ҳаётий тажрибага эга бўлмаган ва эҳтиросга тез берилувчи ёшлар эса, ИШИДга  жалб этувчи махсус гуруҳлар домига тезлик билан илинишмоқда.

Нима қилмоқ керак?...

Аввало,  «Ислом давлати» террорчи гуруҳининг, аслида, муқаддас Ислом дини билан мутлақо алоқаси йўқлигини, аксинча, Ислом дини ғояларига зид эканлигини ёшлар онгига сингдирмоқ лозим. Илгари кўрмаган, билмаган одамнинг биргина имоси билан  унинг ортидан эргашиб кетавериш мумкинми, ўзи?

Фарзанд оилада тарбияланган бўлиши керак. Ота-она ўз фарзандига эга чиқмаса, унга бегоналар эгалик қилишади.   Оқибатини эса, кўриб турибмиз.  Фарзанднинг дунёқараши оилада шаклланади. Қуш уясида кўрганини қилади, деган ҳикмат бекорга айтилмаган, ахир. Террор ва унинг сир-асрорлари тўғрисида газета ва журналларда таҳлилий мақолалар бериб турилса, фойдадан холи бўлмасди. Пайдо бўлаётган бўшлиқдан террорчи гуруҳлар ва уларнинг гумашталари оқилона фойдаланишмоқда. Ва усталик билан ёшларимизни йўлдан уришаяпти. Айни пайтда террорчилик бутун инсониятга хавф туғдирар экан, унга қарши уюшқоқлик билан курашмоқ керак. Аввало, зийракликни қўлдан бермаслигимиз айни муддао. Токи, сўнгги пушаймонлик ўзимизга душман бўлиб қолмасин!

 

Зафар Сулаймоний, ўқитувчи.