- Дунёнинг бир қатор давлатлари каби Тожикистон Республикасида ўлим ҳукми бекор қилинмаган бўлса-да, 2004 йилдан буён унга мораторий эълон қилинган, яъни ўлим ҳукми вақтинча тўхтатилган, - деди матбуот конференцияси жараёнида Тожикистон Республикаси Олий суди раиси Шермуҳаммад Шоҳиён.
Тожикистон Республикаси Олий суди раисининг айтишига кўра, дунё давлатлари ўлим ҳукмига нисбатан турлича муносабатда бўлишмоқда.
Айрим давлатларда ўта оғир жиноят учун ўлим ҳукми эълон қилинади. Аммо Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси – Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмоннинг инсонпарварона ташаббуси билан мамлакатимизда бу ҳукмга нисбатан мораторий эълон қилинган.
- Шахсан мен бу инсонпарварона қарорни ёқлайман, - деди Ш. Шоҳиён. – Тожикистон танлаган мавқе жуда муҳим ва ўринлидир.
Тожикистон Олий суди раиси ўта узоқ муддатга озодликдан маҳрум этилган жиноятчилар масаласига тўхталар экан, жумладан, шундай деди:
- Ўта оғир жиноят содир этганлар узоқ муддатга озодликдан маҳрум этилишлари табиийдир. Албатта, бугунги ўзгарувчан жамиятда жиноятлар тури ҳам ўзгариб бормоқда. Экстремизм, террорчилик ва давлатга хиёнат қилиш каби жиноятлар ўта оғир жиноятлар сирасига киради ва бундай ҳаракатни содир этганларнинг қилмишини оқлаб бўлмайди. Ватан – она, деган тушунча бор. Онага хиёнатни кечириб бўлмаганидек, Ватанга хиёнатни ҳам кечириб бўлмайди.
Шунингдек, Олий суд раиси журналистларни ёшлар ўртасида тарғибот-ташвиқот ишларини биргаликда олиб боришга, уларда ватанпарварлик ҳиссини юксалтириш, бегона ғояларнинг зарарли моҳиятини очиб беришда ҳамкорликка даъват этди.
Тожикистон Республикаси Олий суди раиси ўтган йили суд органларига Тожикистон Миллий университетида таҳсилни тугатган 16 нафар ёш мутахассислар ишга жалб қилинганлигини қўшимча қилди.
Искандар МАҲМАДАЛИЕВ,
«Халқ овози».