Бундан кўпроқ ким азият чекади?
Тожикистон Республикаси Ҳукумати қошидаги Хотин-қизлар ва оила комитети раиси Идигул Қосимзода эр-хотиннинг орасидаги тушунмовчиликлару жанжаллар туфайли кўпроқ уларнинг фарзандлари азобланишларини таъкидлади. Шунингдек, оилаларнинг бузилиб кетишлари оқибатида маълумот ва касб-ҳунарга эга бўлмаган аёлларнинг жиноятга қўл уриш ҳолатлари ҳам учрашини айтди.
Шунинг учун, ҳар бир қиз турмуш қуришидан аввал ўқиб, бирон касбнинг эгаси бўлиш зурурлиги қайд қилинди.
-Мамлакат бўйлаб аёллар орасида жиноятга қўл уриш ҳолати камайган бўлса-да, аммо ҳали ҳам ташвишланарлидир,- деди Идигул Қосимзода жорий йил биринчи ярмига бағишланган матбуот анжумани чоғида.
Хотин-қизлар ва оила комитети раисининг маълум қилишича, бу даврда аёллар томонидан 917та жиноят содир этилган бўлиб, бу ўтган йилнинг шу давридан 160тага камдир. У аёлларнинг жиноятга қўл уришларига ижтимоий масалалар сабаб бўлаётганини айтди.
Идигул Қосимзода республикада оилаларнинг бузилиши ҳақида шундай фикр билдирди: «Жорий йил биринчи олти ойи мобайнида 4,5 мингдан зиёд оила ажрашди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 15тага камдир. Оилаларнинг тарқалиб кетишига асосий омиллардан бири - бу ёшларнинг мустақил ҳаётга тайёр эмасликлари, ижтимоий вазият, эру хотин орасида бир-бирига нисбатан ҳурмат-эҳтиромнинг йўқлиги, ота-оналарнинг аралашуви ва эрта турмуш қуриш билан боғлиқ.
Матбуот анжуманида бир неча нафар аёллар ўзлари билан биргаликда фарзандларининг жонларига ҳам қасд қилганликлари қизғин муҳокама қилинди. Тўрт қизалоғи билан ўзини сувга отган Норак шаҳридан Зуҳро Маҳмуродованинг ўлимида мамлакат Хотин-қизлар ва оила комитети раиси унинг турмуш ўртоғи, оиласи ва атрофидаги кишиларни айблади.
Ўтган қиш мавсумида юз берган ҳодиса ҳақида тўхталар экан, Идигул Қосимзода аёл турмуш ўртоғининг гапларидан кейин ўз жонига қасд қилганини иддао қилди. Маълум бўлишича, 24 ёшли Зуҳро Маҳмуродованинг эри уни фақат қиз фарзанд таваллуд қилаётганликда айблагани бундай фожиага олиб келган.
-Бу аёл эридан бундай таънани кўп марталаб эшитган. Сўнгги марта эса, қўпол тарзда такрорланганидан кейин, тўрт қизи ва ўз жонига қасд этишга қарор қилган. Унинг эри менга ҳазиллашганини айтди. Аммо ҳаёт, кўриб турганингиздек, ҳазил эмас. Ҳеч бир аёл ўз жигарбандини ўлдириш ҳақида ўйламайди. Чунки уни тўққиз ой мобайнида юраги остида кўтариб юриб, дунёга келтиради. Оқ ювиб-оқ тараб вояга етказади. Болагинамнинг кўзлари кўрармикан, қулоқлари эшитармикан, деб беҳаловат бўлади. Турмуш ўртоғининг бундай таъна-ю маломатлари жон-жонидан ўтиб кетганидан кейин шундай ишга қўл урган. Лекин ҳеч бир аёл калта ўйламаслиги керак»,- деди Қосимзода.
Хотин-қизлар ва оила комитети раиси, шунингдек, атрофдагиларнинг лоқайдликларидан ташвиш билдирди. Унинг сўзларига кўра, воқеа юз бергунга қадар кўп кишилар Зуҳрони кўприк устида кўришган. Аммо ҳеч ким уни тўхтатмаган. Қосимзода ҳодиса жойида бўлганини ва кўприкда турган 10 дақиқа орасида 100га яқин машина ўтганини айтди.
-Ўша куни жуда совуқ эди. Бу лоқайдликни қаранг: тўртта кичик фарзанди билан аёл совуқ обу ҳавода кўприк устида турган ва биронта машина тўхтамаган, уни ҳеч ким қутқармаган. Ахир аёл у ерда қарийб икки ярим соат турган,- деди Қосимзода.
Комитет раҳбарининг сўзларига кўра, ўша ҳодисадан кейин, у Норак шаҳрининг 500 аҳолиси билан суҳбат ўтказиб, оталарнинг қиз фарзандларни менсимаслиги бундай фожиага олиб келганлигини тушунтирган.
Хотин-қизлар ва оила комитети раиси сифатида ярим йилдан зиёдроқ фаолияти даврида Идигул Қосимзода бир талай ишларни амалга оширишга улгурган. Республика турли минтақаларида бўлиб, хотин-қизлар билан турли мавзуларда учрашувлар ўтказган. Шу билан бир қаторда, миллий либосларни тарғиб этиш йўналишида ҳам ишлар олиб бормоқда. Буни жорий йил биринчи ярим йиллик натижаларига бағишланган матбуот анжуманига комитет ходимларининг миллий либосларда ташриф буюрганликларидан ҳам билиш мумкин.
Гулфинур Аюпова,
«Халқ овози».