Бир киши доим дунё кезар экан. Қайси шаҳар ва қишлоққа бормасин, биринчи галда шу жойнинг қабристонини зиёрат қиларкан. Ӯша киши бир қишлоққа бориб, ҳар галгидек аввал қабристонни зиёрат қилгани кирибди. Тиловат қилиб бӯлгач, қабрлардаги ёзувларни кӯриб ҳайрон қолибди. Қабр тошида шундай ёзилган эди. «Фалончи 60 йил умр кӯрдию, 35 йил яшади. Фалончи 40 йил умр кӯрди, 10 йил яшади. Фалончи 75 йил умр кӯрди, лекин яшамади».
Сайёҳ ҳар қанча уринмасин, бу ёзувларнинг мағзини чақолмабди. Ҳайрон бӯлиб қабристон қоровулининг олдига борибди. Ва ёзувларнинг маъносини сӯрабди.
Қабристон қоровули шундай жавоб берибди:
-Қабр тошидаги умр кӯрди, деган ёзув инсон неча йил умргузаронлик қилганини англатади. Яшади, деган ёзув эса умрининг неча йилини эзгу ишларга сарфлаганини билдиради…
Ҳа, ҳаёт кӯз очиб-юмгунча ӯтадиган вақт. Гӯё одам у эшикдан кириб, бу эшикдан чиққунича, умр поёнига етиб қолади. Вақт эса тинмай югураверади.
Мен бир оилани яхши биламан. Бу оила аъзолари ӯз умри азизларини эзгуликларга бағишлайдилар, доимо ватан равнақию ривожи йӯлида улкан ишлар пайидан бӯлишади. Уларнинг яхшилик йӯлида қилаётган ҳар бир хатти-ҳаракатлари барчага ибрат, десак муболаға бӯлмас. Қисқаси, бу оилани нафақат ноҳияда, балки вилоятда ҳам кӯпчилик танийди ва ҳурмат қилади.
Бизнинг бугунги қаҳрамонимиз Салимбек ота Бӯтаев ва уларнинг фарзандларидир.
Салимбек ота Бӯтаев 1940 йилда туғилган. Бир неча йил савдо соҳасида фаолият юритди. Ҳалоллик, поклик ҳамиша унинг ҳамроҳи бӯлди. Умр йӯлдоши Қурбоной Бӯтаева ҳам савдо ходими бӯлиб бир неча йил ишлади. Эр-хотин ҳамиша «Аҳил бӯлса хонадон, хазинаси бенуқсон» деган нақлга амал қилиб келишди. Улар уч ӯғил бир қизни тарбиялаб уйли-жойли қилишди. Фарзандлари ҳам ӯзлари каби халқпарвар инсонлар бӯлиб етишдилар. Қизлари Отиной савдо ходимаси, Комилжон Жаббор Расулов ноҳияси солиқ қӯмитаси раиси, Акмал «Ашроф» бозори раҳбари, Хусрав эса савдо ходими.
Салимбек отанинг юртни ободонлаштиришга ишқи баланд. Шунинг учун ҳам яқин йилларда Салимбек ота ва унинг фарзандлари ноҳиямизда бир қатор иншоотларни қуриб, фойдаланишга топширдилар. Айни кунларда мазкур иншоотлардан халқимиз кенг фойдаланмоқда. Шу ӯринда уларни санаб ӯтишни жоиз деб билдик. Дастлаб «Салимбек» меҳмонхонаси ишга тушди. Кейинроқ «Гиппократ» табобатгоҳи, «Диёрбек» тӯйхонаси, 2013 йилда эса 4200 ишчи ӯрнига мослашган «Ашроф» бозори ишга тушди.
Бундай улкан ишларни бажаришнинг ӯзи бӯлмайди, албатта. Табиийки, иншоотлар ишга тушиши билан ноҳиямиздан бир қанча кишилар иш жойи билан таъминланди. «Салимбек» меҳмонхонаси мана бир неча йилдирки, ноҳиямизга келган меҳмонларга хизмат қилади. «Гиппократ» табобатгоҳига эса нафақат ноҳия, балки бутун вилоятимиздан, республикадан беморлар келиб даволаниб кетишади. «Диёрбек» тӯйхонаси эса халқимизнинг яхши кунларига, яъни, тӯйларига хизмат қилмоқда.
Бирор халқнинг яшаш шароити қай даражадалигини билмоқчи бӯлсанг, унинг бозорини айланиб кӯр, деган гап бор. Шу ӯринда ноҳия кӯркига кӯрк қӯшиб турган «Ашроф» бозори ҳақида алоҳида тӯхталмоқчиман. Замонавий типда қуриб битказилган бозорда сотувчилар учун ҳам, харидорлар учун ҳам барча шарт-шароитлар яратилган. Савдо расталари орасидаги йӯллар 9 метрни ташкил қилади. Харидорлар сотиб олган маҳсулотларини бозор ичидан бемалол ӯз автомашиналарида олиб чиқишлари мумкин. Улови йӯқ харидорларга эса махсус юк ташиш хизмати мавжуд. Айтмоқчимизки, «Ашроф» бозорида сотувчи ҳам, харидор ҳам тирбандликдан азият чекмайди. Аравага эса ҳожат йӯқ.
Ҳа, халққа хизмат – олий ҳиммат, дейдилар. Салимбек ота Бӯтаевга фарзандлари бир неча бор ҳаж зиёратига бориб келишни таклиф қилдилар. Лекин Салимбек ота бу таклифни қатъий рад этди. Бу ҳақда у кишининг ӯғли Комилжон шундай дейди:
-Аввало, қилган барча ишларимизнинг бошида падари бузрукворимиз турибдилар. Дадамлар топшириқ берадилар, биз ижро этамиз. Уларнинг сӯзлари биз учун қонун. Энди ҳаж сафарига келсак… бир неча бор бу таклифни айтдик. Улар эса рози бӯлмадилар. Бу сафарнинг харажатига халққа хизмат қиладиган обод масканларни барпо қилсак, шу тӯғри бӯлади,-дедилар.
Салимбек ота ҳамда фарзандларининг келгусидаги режалари кӯп. Улар ҳозир чиройли бир болалар боғчаси барпо этишни олдиларига мақсад қилиб қӯйганлар. Рост-да, келажагимиз бӯлган ёш авлоднинг ҳар томонлама баркамол улғайишида бундай масканнинг нақадар зарурлигини ҳамма ҳам тушунавермайди.
Халқимизнинг Салимбек ота ва уларнинг оиласидай тадбиркорлар ҳақида қанча ёзмайлик озлик қилади.
Тилагимиз шуки, орамизда мана шундай ватанпарвар, халқ учун, юрт равнақи учун хизмат қиладиган оилалар кундан-кунга кӯпаяверсин!
Шоира ПИРМАТОВА, Ж.Расулов ноҳияси