ИҚТИСОД

Бозорларда нарх-наво нега баланд?

Муаллиф: Super user Категория: ИҚТИСОД
Чоп этилган 05 Май 2017 Кӯришлар: 3012
Печат

bozor 2017 2

Кейинги пайтда бозорлардаги нарх-наволарнинг кўтарилиб кетиши мамлакат аҳолисининг ташвишига сабаб бўлаётир. Чинданам, бир килограмми 1 сомони-ю 80 дирамдан 2 сомонийгача бўлган картошка биратўла 4-4,5 сомонийга нархланиши кишини ўйга солиши турган гап. Апрел ойи бошларида эса, иккинчи нон саналган ушбу маҳсулотнинг нархи пойтахтнинг бир қатор бозорларида бешдан беш ярим сомонийгача баҳолангани рост.

Бугунги кунда эса, 3,5-4 сомонийни босиб турибди.

Шуларни ёзар эканман, бундан бир неча йил муқаддам ҳам картошка нархининг бирваракайига кўтарилиб кетгани-ю, собиқ Қишлоқ хўжалиги вазири Қ. Қосимовнинг матбуот анжуманида журналистларга, бу йил мамлакатда 1 миллион тонна картошка етиштирилди, деб қўйгани сабаб, роса "картошка ажиотажи" бўлганлиги ёдимга тушди.

Чинданам, ўша йили мамлакат ОАВ орқали республика картошкапарварлари томонидан жамғарилган ҳосил чўғи жуда баландлиги ёзилар, намойиш этиларди. Бироқ қишга борар-бормас собиқ вазирнинг ҳисоботидаги "бир миллион тонна картошка"нинг  уни ҳам, урвоғи ҳам қолмаганди…

Ҳойнаҳой, ҳурматли Қосимовдан кейинги вазирлар бироз эҳтиёткор бўлиб қолишди чоғи, эндиликда ҳисобот пайтида етиштирилаётган маҳсулотлар ҳажмини "юксалтирвормаяптилар".

Энди картошка ва бошқа кундалик эҳтиёждаги маҳсулотлар нархининг кўтарилиш  сабабларини имкон қадар ўрганиб чиқсак. Гипрозем минтақасидаги "Деҳқон бозор"га юк ташийдиган ҳайдовчилар билан суҳбатлашишга уринаман.

- Ҳе, қўйинг, газетга ёзиб нима қиласиз,- дейди журналист-газетачи эканлигимни билгач, ёши 60ларга бориб қолган қирқмасоқол ҳайдовчи.

Лекин ўзини Солижон Ангишт, дея таништирган 35-40 ёшлардаги ҳайдовчи фикр билдиришга рози бўлди ва:

- Нарх-навонинг қимматлашувига турли сабаблар бор. Масалан, бу йилги қиш мавсумининг ўта совуқ келиши-ю, жанубни шимол билан боғлаб турадиган довоннинг ёпилиши ортидан юк келмай қолди. Иккинчидан, Покистон томонлардан мева-чевалар, картошка ва шу каби маҳсулотлар келтирилаётган йўлнинг Афғонистон қисми нотинчлик туфайли ёпилиши ортидан ҳам нарх-наво кўтарилиб кетди.

… Ўзим ҳар куни ишга қатнайдиган йўлим - халқ тили билан айтганда, Ленинград поворотида "КамАЗ"ларда 70-80 дирамга сотилаётган сабзи ҳам қимматлашиб, бугунги кунда 3 сомонийга сотилмоқда. Тўғри, бугун гарчи "КамАЗ"лар кўринмаса ҳам, ушбу мавзедаги ўнлаб савдо нуқталаридаги нарх пойтахт бозорлариникидан қолишмайди.

- Сабзи неча пул? - гарчи нархини билсам-да, яна бир бор сўрайман.

- Уч сомоний.

- "Эркак"лаб-чўплаб кетганмасми?

-Йўғ-ей, ака, бу холодилникда сақланган. Холодилникда сақлангани "эркак"ламайди, - изоҳлайди сотувчи.

Ўйланиб қоласан, киши. Ўтган йили фалон-фалон минтақаларда фалон-писмадон миқдорда музлаткич-холодилниклар қурилганлиги ва уларда маҳсулотларни узоқ муддатда сархил ҳолда сақлаш мумкинлиги-ю, баҳорги иликузилди мавсумда эса, бозорларни ушбу маҳсулотлар билан арзон нархда тўлдиришга ваъда бермаганмидик?.. Ва бу ҳақда ОАВ орқали жар солган эдик-ку?..

Анорнинг четдан келтирилгани 50-60 сомоний бўлса, ўзимизники 18-20 сомонийдан пастга тушмаганлиги ҳам - ҳақиқат. Олмани айтмайсизми? Ўзимизда интенсив боғларнинг кўпайиши ортидан четдан олма, нок, нашвати каби мевалар кам келтирила бошланди. Расталарни безаб турганлари эса, ўзимизники! Аммо шу ўзимизникиларнинг ҳам нархи чақиб турибди-да.

Бозорчиларда нега нарх кўтарилган, деган саволга жавоб ҳамма вақт тайёр: доллар кўтарилган.

Тўғри, доллар курсининг кўтарилиши, эҳтимол, импорт товарларга таъсир қилар. Лекин ўзимизнинг мамлакатимизда етиштирилаётган маҳсулотга… ҳайрон қоласан.

Энди бозор иқтисодиёти даврида доллар курсининг пастлаб-юқорилаб туриши бор гап. Бир тушади, бир кўтарилади. Кўтарилганда, бозорларимиздаги нарх-наво ҳам маълум бир миқдорда ошади. Аммо доллар курси тушган, бозорларимиздаги нархлар  долларга қўшилиб тушмайди-да, тураверади муаллақ бўлиб… Ана шунисига ҳам ҳайронмиз-да.

Дарвоқе, 32-33 сомонийдан сотилаётган гўшт нархи бугунги кунда нақ 38 сомонийни уриб турибди. Гўштхоналар олдида харидорлар камайганлиги, унинг нархи ошганидадир, эҳтимол.

Нима бўлганда ҳам олма, анор, нок, ёғ, гўшт…борингки, барча кундалик эҳтиёждаги маҳсулотларни халқимиз озми-кўпми, еб туриши керак экан. Халқаро соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳам ўз баёнотларида бу ҳақда тез-тез эслатиб туради. Аммо нарх-наво бу тахлит осмонга чиқиб турганида халқаро ташкилотнинг ушбу кўрсатмасига амал қилолмай қоламизми, деб қўрқаман.

 

Абдулло Саидов,

"Халқ овози".