ИҚТИСОД

Нусратулло ДАВЛАТЗОДА: -АМАЛИЙ ТЕКШИРУВЛАР - ФАОЛИЯТИМИЗ ТАҚОЗОСИ

Муаллиф: Super user Категория: ИҚТИСОД
Чоп этилган 26 Январ 2017 Кӯришлар: 667
Печат

 

n davlatzoda 2017- Фаолиятимиз асосий йўналишлари Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси - Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмоннинг мамлакат Олий Мажлисига йўллаган Паёмида кўрсатилган вазифалардан келиб чиқади, - деди Тожикистон Республикаси Ҳукумати қошидаги Солиқ комитети раиси Нусратулло Давлатзода ўтган ҳафта журналистлар билан ўтказилган матбуот конференциясида.

- Комитетимизда Паёмда белгиланган долзарб масалалар ва солиқ соҳасида кўрсатиб ўтилган камчиликлар юзасидан аниқ иш режалари белгиланди.

Конференция жараёнида комитет раиси Тожикистон Республикаси Ҳукумати қошидаги Солиқ комитети ва мамлакатимизда фаолият юритаётган мобил алоқа компаниялари ўртасида мавжуд эътирозларга муфассал тўхталиб ўтди.

- Дарҳақиқат, биз томондан ўтказилган текширувлар жараёнида "Tcell"  мобил алоқа компанияси 155 миллион сомонийдан ортиқ маблағга солиқни яширганлиги аниқланди, - деди Н. Давлатзода. -Компания солиқ муассасасининг эътирозини суд органларига мурожаат этиш орқали ҳал қилиш ниятида. Айни пайтда суд муҳокамаси давом этмоқда. Албатта, суд муҳокамасидан сўнг, компаниянинг солиғи ва жаримаси бюджет фойдасига ундирилиши чоралари кўрилади.

Солиқ комитети раисининг таъкидлашича, ўтган йили режадаги текширувлар жараёнида бошқа мобил компаниялари томонидан катта маблағ ҳисобида солиқлар яширилганлиги ҳолати аниқланганди. Жумладан, "Билайн" бренди остида хизмат кўрсатадиган "Таком" компаниясининг 151,3 миллион сомонийлик солиқни яширганлиги ошкор этилди.

Унинг сўзларига кўра, компания барча суд инстанцияларидан ўтди.

- Барча суд инстанциялари бюджет фойдасига қарор чиқарди, - деди Н. Давлатзода. - "Билайн" компанияси, аллақачон, солиқ умумий қарзи ва жарималарнинг 80 фоизини тўлади. Биз компания раҳбарияти билан қолган маблағни даврама-давра тўлаш юзасидан шартнома туздик.

Шунингдек, солиқчилар томонидан "Мегафон" бренди билан мамлакатда фаолият юритаётган "МЛТ" компаниясида ҳам 155 миллион сомоний маблағга солиқ яширганлиги ҳолати ошкор этилди.

- Бу маблағнинг бир қисми суд муҳокамаси жараёнида компания томонидан тўланди, қолган қисми эса, суд муҳокамасидан сўнг, бюджетга ўтказилди, - деди Н. Давлатзода. - Айни пайтда Солиқ комитетининг мобил алоқа компанияларига эътирози йўқ.

Шунингдек, матбуот конференциясида журналистлар ўзларини қизиқтирган бошқа саволларга Солиқ комитети раиси томонидан муфассал жавоблар олишди.

 

Искандар МАҲМАДАЛИЕВ,

"Халқ овози".

Joomla блог