-Биз анчадан буён сизлар билан учрашишни, янги ташкил этилган комитетимиз ҳақида маълумот беришни ва шу кунгача келиб тушган саволларга атрофлича жавоб қайтаришни интиқиб кутаётган эдик,- дея сўз бошлади Тожикистон Республикаси Президенти қошидаги Маҳаллий ривожланиш комитети раиси Қосим Роҳбар.
Тожикистон Республикаси Президенти қошидаги Маҳаллий ривожланиш комитети 2013 йилнинг 19 ноябрида Тожикистон Республикаси Президентининг «Тожикистон Республикаси давлат ҳокимияти ижроия органлари тизимини такомиллаштириш тўғрисида»ги фармони асосида ташкил этилган.
Унинг асосий вазифаси минтақалар, хусусан, шаҳарча ва қишлоқ жамоатларини ривожлантириш, уларнинг келгусидаги фаолиятларини такомиллаштириш, маҳаллий бошқарув механизмини юксалтириш, аҳолини сифатли давлат хизматлари билан таъминлашга қаратилган.
Комитетнинг ўтган йилги фаолиятига тўхталган Қосим Роҳбар, Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси – Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмоннинг 2016 йил январидаги мамлакат Олий Мажлисига йўллаган Паёмида кўрсатилган мақсадларни амалга татбиқ этиш борасида Комитет коллегияси ҳайъатининг вилоят раислари ўринбосарлари, вазирлигу идоралар вакиллари иштирокидаги мажлисда Суғд ва Хатлон вилоятлари иқтисодий-ижтимоий тараққиёт дастури мониторинг натижалари кўриб чиқилиб, унга кўра, комитетнинг ТБМВ, Суғд, Хатлон, Хоруғ шаҳри, Ванж ва Ж.Расулов ноҳияларининг янги иқтисодий-ижтимоий дастурларига тавсиялари кўрсатилганлигини таъкидлади.
-Комитетимиз фаолияти кенг қамровли. Лекин янги ташкил этилганлиги боис, унинг фаолиятини тўлалигича йўлга қўйишда сиз –оммавий ахборот воситалари кўмагингизга таянамиз, ҳар доим сиз билан ҳамкорлик қилишга тайёрмиз,- деди Тожикистон Республикаси Президенти қошидаги Маҳаллий ривожланиш комитети раиси Қосим Роҳбар журналистларга қарата.
Зуҳриддин УМАРОВ,
«Халқ овози».