Диёрим, мен сенга меҳримни берай,
Сен менга энг гўзал наҳорларни бер.
Ҳавоси сафоли шабнам тўкилган,
Нуқралар сочилган баҳорларни бер.
Қалдирғоч рақсида куйлари майин,
Эртаклари қувноқ овозларни бер.
Кўзни қувонтирган кўк осмондайин,
Оққушлари қучган парвозларни бер.
Диёрим, мен сенга муҳаббат берай,
Шеър берай, назмда наволарни бер.
Жаннати тўрт фасл садоқатидай,
Насим насиб этган саболарни бер.
Мен сенга ишқ берай, ойдай шукуҳли,
Муннажим ўқиган юлдузларни бер.
Ястанган тоғлардай виқорли, кўҳли,
Ҳар они фараҳбахш кундузларни бер.
Замини қутлуғдир тупроғи қадим,
Харсанг тошларида гуллари унган.
Сойлари ҳам жўшиб ташлайди одим,
Дардлари мавжида қирғоғин ўпган.
Диёрим, мен сенга дунёни берай,
Сен менга энг ноёб оятларни бер.
Дуру гавҳарларим сўзлардан терай,
Покиза тилакдан ниятларни бер.
ЯХШИЛИК
Яхшилик инсоннинг кўнгил нақшидир,
Энг ёруғ, энг гўзал ниятлар қилинг.
Дўмбирасин чертган дунё, бахшидир,
Беназир кунларни ғанимат билинг.
Тонгдаёқ тиланинг, поклаб дилингиз,
Фаришталар турар осмонингизда.
Яхшилик- ибодат, яхши билингиз,
Ниятлар тўкилар остонангизга.
Тангрим неъматлардан ноз-наво этди,
Бой бериб қўймангиз аълоларини?
Вақтнинг ғанимати – умрдан кетиб,
Олиб қолганингиз армонларими?
Не бир дилбар кунлар баридан тутиб,
Қургансиз улуғвор жаннатий суҳбат
Қадрига етмаган кунлардир ўша,
Армонга бергансиз билмайин навбат.
Кўнгилга бир уйни қурингиз бахтдан,
Тўла-тўкис бўлсин яхшилар иши.
Боғлар яратингиз ишқдан, беҳиштдан,
Ёнингизда туриб соғинсин киши.
Шарофат Турди Али.