НАЗМ

КЕЧМОҚ АЙБ...

Муаллиф: Super user Категория: НАЗМ
Чоп этилган 15 Октябр 2015 Кӯришлар: 812
Печат

 

ota-ona sherБаъзан кечмоқ мумкин ҳамма нарсадан,

Чексиз бойлигингу зеру зевардан.

Кечасан баъзида ғурур, кибордан,

Аммо кечолмайсан ота – онангдан.

Воз кечишинг мумкин севган ёрингдан,

Қўлда сайраб турган танбур, торингдан,

Ҳатто, зурриёдинг – эрка тойингдан,

Бироқ кечмоқ мушкул ота – онангдан.

Ширин хотиралар ёдингдан кетар,

Анвойи гулларинг боғинг тарк этар.

Аҳду паймонларинг поёнга етар,

Лекин кечолмассан ота – онангдан.

Чунки ота – онанг сенинг ҳаётинг,

Дунёга келтирган мўътабар зотинг.

Куй, ғазал, қўшиғу дилкаш баётинг,

Шул боис кечмоқ айб, ота - онангдан.

 

ИСТАК

(Ўғлимга)

Билиб қўй: дунёда боқий нарса йўқ,

Неки бор ҳаммаси, ахир, ўткинчи.

Шундай яшагинки, кўнглинг бўлсин тўқ,

Бўлмасин пок қалбнинг сира ўкинчи.

Ёнма – ён яшайди шодлик ва қайғу,

Бу туйғу инсонга азалдан қонун.

Қалбингда жўш урсин покиза туйғу,

Шундагина татир бу дунё – очун.

То ҳаёт эканмиз, тилаклар мўл – кўл,

Ҳар бир қадамингда тилак чақнасин.

Эзгу истаклардан муродимдир шул,

Бу фоний оламда Одам яшнасин.

 

ҚОЛАР ДУНЁ - БУ...

Келар кунимизнинг кетари ҳам бор,

Юрагинг кенг айла, қилма сира тор

Душманга хор бўлма, дўстга эса зор,

Сендан ҳам, мендан ҳам қолар дунё - бу.

На керак инсонга разолат, қабоҳ,

Афсус, надомат-ла ҳадеб чекма оҳ

Хоҳи бўлгин гадо, хоҳи бўлгин шоҳ,

Сендан ҳам, мендан ҳам қолар дунё - бу.

Доно бўлгин, манманликка берилма,

Мансабингу давлатингдан керилма,

Яхши қолиб, ёмонларга эгилма,

Сендан ҳам, мендан ҳам қолар дунё - бу.

Хоҳи олим бўлиб, ҳаёт сиррин еч,

Хоҳи оми бўлиб ишла эрта-кеч,

Дунё асрорига етолмайсан ҳеч,

Сендан ҳам, мендан ҳам қолар дунё - бу.

Мол – дунёнг камроқдир, ё ҳад зиёда,

Хоҳ асов отда уч, хоҳ бўл пиёда,

Барибир бўлмайсан устун дунёда,

Сендан ҳам, мендан ҳам қолар дунё - бу.

Кенгга кенг дунё бу, торга тор дунё,

Кимгадир ковагу кимга ғор дунё,

Кимгадир армону менга зор дунё,

Сендан ҳам, мендан ҳам қолар дунё - бу.

Мушфиқ онажонинг оқлагин сутин,

Қулоққа сирға қил отанг ўгитин,

Ҳеч он ярим бўлма, бўл бағри бутун,

Сендан ҳам, мендан ҳам қолар дунё - бу,

Бирорта кимсага вафо қилмас у...

 

Турсун Шамс, Суғд вилояти.

Joomla блог