НАЗМ

12 рубоий

Муаллиф: Super user Категория: НАЗМ
Чоп этилган 13 Август 2015 Кӯришлар: 1261
Печат

 

tadjikistanКўнгил ободлиги – бу Ватан, бу юрт,

Ватан бор, юртинг бор, кўнгиллар ҳам бут.

Ватангадолардай бўлмайин десанг,

Ватанни сев, хокин  кўзларингга сурт.

***

Қошу кўзинг десам, яноғинг қолур.

Найза киприкларинг, қабоғинг қолур.

Бўй-бастинг таърифин қай бирин сўзлай?

Бошинг десам, нетай, адоғинг қолур.

***

Дунёнинг бири кам, ками тўлмайди.

Бахт, омад гоҳ келар, гоҳи келмайди.

Кўнглимни ёзай, деб бир дўст қидирсанг,

Ким дўсту, ким душман билиб бўлмайди.

***

Тангрим сени бунча хушрўй яратгай,

Сумбул сочларингдан хушбўй таратгай.

Ҳуснингга юз боқиб, тўйдим, дейману,

Яна, қошу кўзинг сеҳри қаратгай.

***

Бир туп дарахт экдинг – омонлик, билсанг.

Экканни гар кесдинг – ёмонлик, билсанг.

Иккисин қилганда билдингми, ё йўқ,

Жаннату дўзахга равонлик билсанг.

***

Ноз билан лаб тутиб, бўса ол дейсан.

Лаб чўзсам қочасан, тутиб ол, дейсан.

Қочма, лабларингдан бир тотай десам,

Тутсанг, бири новвот, бири бол, дейсан.

***

Ким яхши, ким ёмон сўрама асло,

Иккисин жуфт қилиб яратган Худо.

Иккисин дилида не бор, билмайсан,

Бу сир Яратганга аёндир танҳо.

***

Баҳор қанча кўркам бўлмасин хушрўй,

Андозаси сендан, эркам, билиб қўй,

Гул деса, гули сен, ғунчаси лабинг,

Ифори, сочингдан таралган хушбўй.

***

Мол-дунё қолади сену мендан ҳам,

Ғам чекма гар тегса ризқу рўзинг кам.

Ўйлаб кўр, шоҳ ўтди, гадо ҳам ўтди,

Оқибат, тупроқни кўрдилар баҳам.

***

Тунлар уйқум қочар сени ўйласам,

Девона мен – машраб мен, сени кўрмасам.

Бу дардим давоси ўзингсан гулим,

Ўзга бир даво йўқ, қанча изласам.

***

Гадодин сўрдилар: -Асли не зотинг?

Гадо дер: -Гадоман, гадодир зотим,

Етти пушт ўтса ҳам, сўрсалар яна,

Ҳамон гадодирман, гадодир зотим.

***

Эс-ҳушим олибди бир ҳурлиқо қиз,

Хипча бел, соч сумбул, ширмой кулча  юз.

Найза киприкларга ярашиб тушган,

Икки қалам қошу, бир жуфт қора кўз.

 

Рашид Абдулла,

Қабодиён ноҳияси, «Чорбоғ» деҳқон хўжалиги.

Joomla блог