Дунёни ухлатиб, ухлайди шоир...
Соҳибистиқлол Тожикистонда яшаб, ӯзбек тилида баракали ижод қилиб келаётган оташнафас шоирлар орасида ӯз сӯзи, сози, ёқимли овози бӯлган Холмурод Саттор номи қарийб чорак асрдан буён назм мухлисларига танишдир. Хуросон ноҳиясининг Ӯразбой қишлоғида дунёга келган Холмурод ёшлигидан гӯзалликка маҳлиё, нафосат шайдосидир.
Баҳорнинг илк кунларида ҳассос шоир Холмурод Саттор ӯзининг муборак 60 ёшини қайд қилади. Биз унга шеърият ихлосмандлари номидан эзгу тилаклар билдирамиз, сиҳат-саломатлик, узоқ умр, ижодда янгидан-янги баланд парвозлар тилаймиз.
«Халқ овози» таҳрир ҳайъати
ШОИР
Дийдаси қаттиқ, деб айбламанг уни,
Кӯз ёшсиз, юракдан йиғлайди шоир.
Ғаму андуҳларга беролмагай дош,
Пинҳон юрак-бағрин тиғлайди шоир.
Шоирлик – мажнунлик эмасдир, бироқ,
Қайссимон ошуфта кезар дарбадар.
Шу дардманд кичкина юраги билан
Баъзан кенг оламга сиғмайди шоир.
Ҳислари уйғоқдир, уйғоқдир онги,
Маъсул сезар ӯзни башар дардига.
Узун тунлар бӯлиб қалам ҳамрози,
Дунёни ухлатиб, ухлайди шоир.
Баъзида боладек қувнаб юради,
Баъзан кексалардек тортар оғир уф.
Олам ташвишлари унга қолгандай,
Эртадан кечгача тинмайди шоир.
Ишончдек собиту, умиддек собир,
Виждон каби уйғоқ, қалбидек соҳир.
Ҳақсизлик олдида эгилар баъзан,
Аммо ҳақиқатдек синмайди шоир!
ТАСКИН
Қуёшга мен этардим қиёс,
Ҳур сиймонгни, азиз онажон!
Қуёш янглиғ бир куни нохос,
Сӯндинг, тийра бӯлди бу жаҳон.
Яна қуёш чиқди-ю, аммо,
Сендан эса бӯлмади дарак.
Шунда сездим, абадий бизни,
Тарк этганинг, портлади юрак!
Қайга кетдинг, қуёшим дея,
Тӯрт томонга бӯзлаб, югурдим.
Кӯзларимга дунё тор бӯлиб,
Бошгинамни деворга урдим.
Қабринг узра кӯз ёшим тӯкиб,
Ғам-алам-ла йиғлаб, ӯкирдим.
Уйга қайтгач… жажжи неваранг
Кӯзларида боқишинг кӯрдим…
БОЙЧЕЧАК
Сени кӯрсам ёдга тушар илк севгим,
Илк севгининг рамзи ӯзинг, бойчечак.
Балоғатга етган сулув қизлардек,
Гӯзалликка, латофатга бой, чечак.
Сен – ишқ фасли навбаҳорнинг элчиси,
Ошиқмисан ёки ӯзинг, ҳой, чечак?
Талпинасан қор остидан қуёшга,
Бӯлмоқ учун оламга чирой, чечак.
Эзгуликни истар мурғак вужудинг,
Бошинг узра шӯъла сочар ой, чечак.
Ӯзлигингни намоён қил, яшнайвер,
Баҳор келмоғидан довруқ эй, чечак!
СОҒИНЧ
Туманлар сузади мовий самода,
Дарахтлар кӯринар элас ва элас.
Ҳарир парда ичра кӯз тикар қуёш –
Йӯқ, бу сен эмас.
Гиёҳлар баргида ярқирар шабнам,
Қуёшга боқади, қалбида ҳавас.
Ҳижрон оташида ловуллар лола –
Йӯқ, бу сен эмас.
Булбул хониш айлар гул бутоғида,
Куйиб-ёнишлари абасдур, абас.
Кимдир шеърларимга интиқ, интизор –
Йӯқ, бу сен эмас.
Навниҳол тераклар кӯз тутар йӯлга,
Йӯллар хомуш ётар, бирор сӯз демас.
Ҳув ана, энмоқда қирдан бир сулув –
Йӯқ, бу сен эмас…
Холмурод САТТОР, Хуросон ноҳияси