ШАЙТОННИНГ ХУДДИ ЎЗИ
- Эҳ, «Икки»-я, эҳ, «Икки»,
Ўқувчи сендан безор.
Шармандасан мактабда,
Сендан ҳамма қилар ор.
Десам, деди «Иккивой:
- Асил мақсадим ҳам – шу.
«Икки»чилар кўпайса,
Ахир, менга мазза-ку.
«Икки»чига пичирлаб,
Дейман, «5»-у «4» олма.
Улар ёмон баҳолар,
«2» олишдан қолма.
Ахир, «5»-у «4» учун
Меҳнат қилишинг керак.
Ундан яхши эмасми,
Ухласанг, тортиб хуррак.
- Э, - дедим, - бўлди-бўлди,
Бобом айтганди бир кун.
Шайтон деган бало бор,
Ғирт душман одам учун.
Адаштириб сеними,
Ёмон йўлга тортади.
Унинг йўлига кирган
Нақ ботқоққа ботади.
Энди билдим, рост экан,
Бобожонимнинг сўзи.
Ҳаммага айтай, «2»
Шайтоннинг худди ўзи…
Ҳарфларнинг онаси
Бир она бор – серфарзанд,
Фарзанди ўттиз учта.
Бир – биров билан аҳил,
Баб – баравар, тенг кучда.
Чарчамасдан ишлашар,
Ёнма-ён туриб улар.
Уларнинг хизматидан
Одамнинг бахти кулар.
Бу серфарзанд номини
«Алифбе», деб атаймиз.
Ҳарфлар онаси, деб,
Улуғлаймиз, мақтаймиз.
Меҳмонлар
Меҳмонлар келаверсин,
Меҳмонлар яхши, бироқ,
Ростин айтсам, баъзиси
Бошқасидан яхшироқ.
Яхшиси, кел, болажон,
Биз билан ўтир, деса.
Меҳмонларга қўйилган
Қандлардан роса есанг…
БИТТАМИЗ
Бошқа-бошқа давлату
Бошқа, ҳатто, қитъамиз,
Бўлса ҳамки, эй дўстлар,
Осмон – Ери биттамиз.
Она – Ер, деганимиз,
Барчамизга ҳам она.
Эртаю кеч айланиб,
Бошимизда парвона.
Демак, битта Ерга-ю,
Бир Осмонга фарзандмиз.
Ер юзида кимки бор,
Жондошу жигарбандмиз.
ЎРТОҚ
Қандай яхши, овқатни
Ўртоғинг билан есанг.
Қандай яхши, ўртоқжон,
Тортинмасдан е, десанг.
Қандай яхши, яхши-я,
Ўртоқ билан ўйнасанг.
Ўртоғингни ҳеч қачон
Хафа қилиб қўймасанг.
Ёнингда бўлса ўртоқ,
Ўйнагинг келган чоғи.
Қандай яхши, одамнинг
Бўлса яхши ўртоғи!
Султонмурод Ҳожибоев,
Истаравшан шаҳри.