(Истаравшанлик Меҳри Содиқова урушга кузатган турмуш ўртоғи Саидмурод Шукуровни салкам етмиш йил кутган… Айтишларича, ёрининг келиб қолиши умидида ҳар куни дарвозаси олдини супурар экан…)
Ҳа, кузатди ёрини,
Олти ойлик келинчак.
Ҳали тонгги шабнами,
Қуримаган гул-чечак.
Ҳали, ҳали келинлик
Гажаги бузилмайин.
Ҳали чимилдиғининг,
Ипи ҳам узилмайин.
Ҳали пардоз қутисин,
Бир чеккага қўймайин.
Ҳали, ҳали ёрининг
Бўсасига тўймайин.
Кузатди йиғлаб, йиғлаб,
Орқасидан қараб зор.
Кейин, кейин бир умр,
Кутди уни интизор…
Бир йил, беш йил эмас, йўқ
Салкам етмиш, етмиш… йил.
Сен бунчалик тоқатни,
Қайдан олдинг, шўрлик дил!..
Кутди келиб баҳорлар,
Ўрик оппоқ гулласа.
Ҳовлида мусичалар,
Қувлашиб, «ку-ку»ласа.
Кутар эди кун санаб,
Кутар эди ёз бўйи.
Ҳандалаклар пишганда,
Ёрида хаёл-ўйи.
Куз келса, уй шифтига
Беҳи, нок осар эди.
Келиб, ўз қўли билан,
Зораки, олса, дерди.
Кутар эди қишларнинг
Совуғида, қорида.
Олти ойлик келинлик,
Кунларин хуморида.
Бир йил, беш йил эмас, йўқ.
Салкам етмиш, етмиш… йил.
Бунчалар қаноатни,
Қайдан олдинг экан, дил!..
Ёлғиз қолгач, қўлини
Сўраганлар кўп бўлди.
Нечаларнинг умиди
Интизорликда сўлди.
Қандайин ҳам, ҳа, десин,
Ёрин қандай унутсин…
Чирқиратиб юрагин,
Ўзганинг қўлин тутсин.
Кетар экан, йиғлама,
Қайтаман, деган, ахир.
Бўлар фарзандларимиз,
Қуёшу ойга татир.
Назарида, сочини
Силаб турган кафти бор.
Лабларида лабининг
Ҳарорати, тафти бор.
Қулоғида жаранглар
Ҳамон унинг сўзлари.
Кўрингандай ортига
Қараб кетган кўзлари.
Сарғайган хатларини
Ўқирди такрор-такрор.
Уларда бир умрлик
Муҳаббат изҳори бор.
Бошқанинг ёстиғига,
Қандай қўйсин бошини.
Яратибсан, эй Худо,
Тоғданми бардошини…
Бир йил, беш йил эмас, йўқ,
Салкам етмиш, етмиш… йил.
Сен бунчалик бардошни
Қайдан олдинг, суйган дил!..
Кутар эди ёрини,
Бош ювиб, соч тараса.
Турарди кўз олдида,
У қаерга қараса.
Кўрпача тикар эди,
Келганда ўтқазгани.
Янгилар эди сочиқ,
Қўл ювса, тутқазгани.
Супурарди ҳар куни,
Дарвозаси олдини.
«Тиқ» этса, югурарди,
Дебки, келиб қолдими…
Ҳа, ёрининг йўлига
Зор-интизор боқарди.
Кута-кута қоп-қора,
Мум сочлари оқарди.
Беҳол бўлди ўсмадан,
Сув ичмаган қошлари.
Очаверди ажинлар,
Юздан оққан ёшлари.
Хина ҳам қўймас эди,
Ёр кўрмаса, нега, деб.
Байрамларни ўтказди,
Безанишни кўрмай эп.
Оппоқ, момиқ қўллари,
Айланди қоқ суякка.
Наҳотки, шунчалар ғам,
Бечора бир юракка…
Бир йил, беш йил эмас, йўқ,
Салкам етмиш, етмиш… йил.
Сен бунчалик қудратни
Қайдан олдинг, буюк Дил!..
Султонмурод Ҳожибоев.