НАЗМ

Қалбда ўсган тоза чечакдан eниб-ўсгай анвойи гуллар...

Муаллиф: Super user Категория: НАЗМ
Чоп этилган 12 Феврал 2019 Кӯришлар: 120
Печат

 

t sadullo 2019Толиб Саъдулло (Толибжон Ҳомидов) 1971 йилда Панжакент шаҳрининг Қизилжар қишлоғида туғилган. Шеърлари 1989 йилдан матбуот саҳифаларида чоп этилиб келинади. Бир туркум шеърларини эътиборингизга ҳавола этарканмиз, шоирнинг шеърий кечинмалари сизни ҳам бефарқ қолдирмайди, деган фикрдамиз.

 

ОНАМГА

Бевафо дунёдан кутдингиз вафо,

Қадоқ қўлларингиз дуога очиқ.

«Фарзандлар кўрмасин ҳеч қачон жафо»,-

Деб нола қиласиз, ҳўл бўлар сочиқ.

Ёш кетган отамнинг дарди дучандон,

Айрилиқ жабридан эзилар юрак.

Баъзан ночорликдан бўлар юрак қон,

Орзу-ю армонлар кетар бедарак.

Барибир чидайсиз ҳаёт қаҳрига,

Умид-ла яшайсиз бир умр, она.

Гулчамбар қўясиз отам қабрига

Йиғлайсиз, тутиб лек ўзни мардона.

Сиз чеккан ғамлардан эрийди тош ҳам,

Оҳ, маъюс боқасиз ҳаётга мудом.

Отажоним руҳи ҳамиша ҳамдам,

Сабр ҳам Худодан берилган инъом.

Қурбон ҳайитида қурбонлик қилар,

Имкону қудрати етган мусулмон.

Бугун кўздан дув-дув ёшим тўкилар,

Чунки сиз қилгансиз умрингиз қурбон!

 

ЯНА ИШҚИМ ЧОРЛАЙДИ ЙЎЛГА

Безовтадир телба хаёлим,

Яна ишқим чорлайди йўлга.

Етказарми мени иқболим,

Ғунча очган муаттар гулга.

Табассуми айлайди мафтун,

Қалбим унга қучоқ очадир.

Тушларимда жилмайса, бутун,

Кўзларимдан уйқу қочадир.

Лекин кўпдир унинг шайдоси,

Ундай гулга ошиқ бир талай.

Бўлиб унинг ишқин гадоси

Юрагимда илдиз олдирай.

Қалбда унган тоза чечакдан

Ўниб-ўсгай анвойи гуллар.

Мен айтаман бугун юракдан

Гулга лойиқ мендай булбуллар…

 

ОТАМНИ ЭСЛАБ

Ота, йиллар ўтиб кетган бўлса ҳам,

То ҳануз дилимни эзади қайғу.

Дилимда ҳасрату, кўзларимда нам,

Эсласам сиймонгиз қочади уйқу!

Қанчалик меҳрингиз юксакдир, ота,

Ҳатто, руҳингиз ҳам менга мададкор.

Чиқмагайдир асло ёдингиз ёддан,

Бўлсангиз ҳам, хок ичра мозор.

Дўстларингиз кўрганда қолмайди тоқат,

Отаси борларга қиламан ҳавас.

Қанчалик омадли улар – бахтиёр.

То ҳануз дилгинам ғам тўла қафас.

Ахир, сиз эдингиз биз учун баҳор.

Сизни ҳузурига чорлади Худо,

Сиз учун ҳамоно тутаб ёнаман.

Мен отаман, бугун, табрикланг аммо,

Руҳингиз олдида ҳамон боламан.

Сўзладим фақат мен бундан бир ҳисса,

Саноқсиздир ота, туйғум - маржоним.

Руҳингизга йўллай дуо-ю салом,

Қат-қатлаб ётибди дилда армоним,

Дилим тўридасиз, отажон, мудом!

 

НУРЖАҲОНИМ СЕН, ЎЗИНГ!

Нурли жаҳоним сен, ўзинг,

Нури жаҳоним сен, ўзинг,

Сирли маконим сен, ўзинг,

Нуржаҳоним сен, ўзинг.

Сўзларинг болдай ширин,

Мингта маъно яширин,

Ширинзабоним сен, ўзинг,

Нуржаҳоним сен, ўзинг.

Дилга чўғ солдинг яна,

Ёйга ўқ бўлдинг яна,

Тиру камоним сен, ўзинг,

Нуржаҳоним сен, ўзинг.

Биллур десам, ундан гўзал,

Нур десам, нурдан гўзал,

Ганжина – коним сен, ўзинг,

Нуржаҳоним сен, ўзинг.

Нақш олмадай ёноқларинг,

Олдир у ёноқ-дудоқларинг,

Ғунчадаҳоним сен, ўзинг,

Нуржаҳоним сен, ўзинг.

Билгил, омонат ушбу жон,

Ғаниматдир ҳар лаҳза-он,

Ул жону оним сен, ўзинг,

Нуржаҳоним сен, ўзинг.

 

***

Ёвуздан эдинг йироқ,

Ҳовузга чўкдинг бироқ,

Ўчди ёлғиз шамчироқ,

Наҳот, бўлдинг сен бежон,

Эҳ, Бобуржон, Бобуржон!

«Ово», деган сўзингни,

Сувга тўлган кўзингни,

Қайдан излай изингни,

Қолдирдинг мангу армон -

Жиянгинам, Бобуржон!

Жимирлайди бу этим,

Отанг ҳам қолган етим,

Икки ёшда… «оҳ», дедим,

Тўймай дунёга нолон

Кетдингми сен, Бобуржон!

Гарчи ўлим бу ҳақдир,

Шумиди, сенда тақдир?

Бунга не дей мен, ахир?!

Қалбимда портлар вулқон,

Эркатойим, Бобуржон!

Тўзим излаб сабримга,

Расминг босиб бағримга,

Жажжигина қабрингга

Гул қўярман нофармон -

Жаннатмакон, Бобуржон!

 

Толиб Саъдулло, Панжакент шаҳри.

Joomla блог