НАЗМ

ТОЖИКИСТОН, ДЕГАН ЮРТ БОР ЖАҲОНДА…

Муаллиф: Super user Категория: НАЗМ
Чоп этилган 07 Сентябр 2018 Кӯришлар: 1685
Печат

 

s pulatov 2018Шаҳритуз ноҳиясининг «1-май» қишлоғида туғилиб, камол топган Сирожиддин Пўлат қалами қайралиб келаётган ёш шоирларимиз сирасига киради.

Рўдакий ноҳиясидаги коллежнинг журналистика факултетини тамомлаб, бир муддат бу касб билан шуғулланишига қарамай, она-юрти

меҳри устунлик қилиб, туғилган жойига қайтиб кетди. У айни пайтда қишлоғидаги ўрта умумтаълим муассасада ёш авлод таълим-тарбияси билан машғул.

Унинг шеърларида қатор камчиликлар бўй кўрсатиб турганига қарамай, содда, самимий, дилнишин сатрлар ҳам учраб туради. Нима бўлганда ҳам, шоирликни қисмат, деб тан олган Сирожиддинга шеъриятнинг заҳматли ва пурмашаққат довонларини забт этишига оқ йўл тилаймиз.

Абдулла Саид.

 

ҲУНАР

Биргина ганжина, тугамас, битмас,

Бир хазина - тўла кони зар.

Эгасини ҳеч ҳам хор этмас,

Зориқтирмас ҳеч қачон ҳунар.

 

Ҳунар билан танилар инсон,

Ҳунарлининг мақоми - юксак.

Дўстим, ҳунар ўрган ва ишон,

Бари бир кун бўлади керак.

 

Қиз подшога ҳунар ўргансин, -

Деб тегмаган қадим бир замон.

Шоҳ-чи, гилам тўқиш ўрганиб,

Бир ўлимдан қолганмиш омон.

 

Бу-ку майли, эски ривоят,

Ҳунарсиз айт, қайга борасан?

Борадирсан ва лек ниҳоят,

Аро йўлда толиб, ҳорасан.

 

Бир йигитга қирқ ҳунар ҳам оз, -

Деган ҳикмат беҳуда эмас.

Ҳунар - қанот, этарсан парвоз,

Ҳунарсиз ҳеч маррага етмас.

 

ФАХРИЯ

Тожикистон, деган

                       юрт бор жаҳонда

Ор-номус халқи-чун

                       улкан чинордир.

Юрт бунёд этарлар

                       Ватан яшнатар,

Шербилак қўлида

                       юз ҳунар бордир.

 

Бобои деҳқонга

                       таъзимлар бўлсин,

Заминни онадай

                       эъзозлаб бу он,

Нурларни эмдириб

                       экин суғорар,

Қалбида меҳр бор,

                       сурур, шуҳрат-шон.

 

Субҳи содиқ бунда

                       завқ-шавқ-ла отар,

Боғларда капалак

                       масрур ўйнайди.

Арилар ғизиллаб,

                       бол йиғар ҳамда,

Қушлари халқимга

                       қўшиқ куйлайди.

 

Елкаси ер кўрмас

                       сорлари қўрда,

Белига белбоғин

                       тортганча маҳкам.

Ватаним, деганча

                       наъра тортади,

Қалбида ғурур бор

                       чиндан, чинданам.

 

Шундай, бу элимнинг

                       эртаси пойдор,

Бундан ҳам шуҳратинг

                       халқим, зўр бўлсин.

Кимларки, кўролмас

                       сенинг камолинг

Илоҳо, кўзлари

                       басир-кўр бўлсин.

 

ТИЛАГИМ

Шеърият - тубсиз бир денгиз,

Чексиз фалак, ҳадсиз коинот.

Ва у менга ёрдайин тенгсиз,

Чунки қайта бағишлар ҳаёт.

 

Оппоқ булутларга айланиб,

Осмонларга учиб кетсам гар.

Қўшиқларда исмим янграса,

Ҳасратимда сасим туйсалар.

 

Баён этай, шеър-ла тилагим,

Хаёллардай этайин парвоз.

Толиқма ҳеч, толма юрагим,

Муҳаббатдан ўтли шеърлар ёз!

 

Шеърият - тубсиз бир денгиз…

 

Сирожиддин Пўлат, Шаҳритуз ноҳияси.