НАСР

Ота – бошпана, она – парвона

Муаллиф: Super user Категория: НАСР
Чоп этилган 28 Май 2015 Кӯришлар: 1026
Печат

 

ota-onaМен бу воқеани йўлда эшитдим. Машина бир маромда тебраниб борарди. Соат саккиздан ўтибди-ю ҳали ҳам атроф қоронғи. Йўловчилар бўйинларини ичига тортиб, жунжикиб ўтиришибди. Кўплари ўзларини ухлаганга солишган. Фақат орқадаги икки йигит гаплашиб кетяпти. Автобус Навобод довонига  чиқиб олгач, атроф ёришди. Ёнимда ўтирган чолнинг юзини яхши кўра бошладим. Иккаламиз ҳам бараварига бир-биримизга қарадик.

-Уйғоқмисиз ўғлим?-сўради ота вазмин оҳангда.

-Ҳа…

-Сўраганнинг айби йўқ дейдилар. Меҳмонликками ё хизмат билан?

-Онамдан хабар олиш учун келяпман.

-Э, баракалла, ўғлим, баракалла. Яшанг, жуда яхши қилибсиз. Ота-онани ҳурмат қилган киши кам бўлмайди.

Чол анча жойгача индамай кетди. Қордай оппоқ соқоли силкинади, кўзлари бир нуқтага қадалган, хаёли банд кўринади. Менга яна нимадир демоқчи экани билиниб турарди. Бир-икки марта оғиз ҳам жуфтлади-ю, дилидагини тилига чиқаришга журъат этмади.

-Ўзларига йўл бўлсин?-дедим, отанинг кўнглига қўл солиб.

Шу десангиз, ўғлим, -деди ота жавоб ўрнига,-туриб-туриб дунёнинг ишига ҳайрон қоламан. Дориломон замонда яшаймиз-у, қаердан пайдо бўларкин бу бағритошлар?

Бечора бир яхши кун кўрмади, шулардан…

-Ким экан у бағритошлар?

Узоқ бир қариндошимиз бор эди. Ўша қазо қилибди, тупроққа топширишга келяпмиз,-деди ота чуқур хўрсиниб ва бир воқеани айтиб берди.

***

-Уфф… Ўлмадики қутулсам. Жони тошданми дейман бу шумтаканинг?..

Тожихон тугунни жаҳл билан бурчакка ирғитди.

-Садқаи овора бўлганим кет-е! Осонми шунча йўлга бориб келиш?!

-Ғурбат қилма, қизим, қариш, ўлиш ҳамманинг бошида бор.

Ризвон хола аста ўрнидан туриб тугунни ечди, ичидаги маҳси, калиш, катта жун румол, узун белбоғ, рўмолчани олиб тахлаб қўйди.

-Тахлаб нима қиласиз, барибир бугун бўлмаса эртага ўлади. Мен яна қийналиб қидириб юраманми? Жойида тураверсин.

-Нафасингни иссиқ қил, қизим. Бировга ўлим тилама…

Рўзи Маллаевич кечқурун ишдан келгач, отасини сўради.

-Зинғиртдак,-деди Тожихон норози бир оҳангда.

-Отангиз «обиҳаёт» ичган, ўлмайди.

-Ҳа, ҳали бақувват бўлсалар керак,-деди катта ўғли мийиғида кулиб.

Кунлардан бирида райондан яна хабар қилишди.

-Бу сафар акам ҳам бирга келишсин,-деди Қодиржон. –Отамнинг аҳволи чатоқ, одам бўлиши гумон.

Тожихонга жон кирди. Тушдан кейин эр-хотин иккковлари учиб кетишди. Шариф отанинг аҳволи чиндан ҳам оғир эди.

-Келдингми, ўғлим,-деди у паст, бўғиқ овоз билан. –Дийдорингни кўрмай ўлиб қолмасам деб қўрқувдим. Шукур…

Энди ўлсам майли, кел, юзларингдан бир ўпай…

О…

Отанинг кўзларидан дувиллаб ёш оқиб кетди. Қўшматов бетини тутди.

-Одам жуда кўп яшаса бўлмаскан, ўғлим. Малол келиб қоларкан, киши. Отанинг овози қалтираб, кўз ёши тинмай оқарди. –Эрта-кеч ўзимга ўлим тилайман, қаники омонатини олса.

-Нималар деяпсиз, сиз ўлган билан ер тўярмиди?-деди чолининг бошида ўтирган Мастон буви. У ингичка, чайир қўллари билан эрининг кўз ёшларини артиб қўйди.

-Худога шукур қилинг. Бир эмас икки баркамол ўғлингиз бор.

-Шукур, шукур,-деди чол йиғи аралаш.

Кўп ўтмай чол тилдан қолди. Кампир юзини юлди:

-Мени ҳам ўзингиз билан бирга олиб кетинг!-чолни қучоқлаб олиб, қон қақшаб йиғларди у.

Йиғига бошқалар ҳам қўшилишди. Лекин улар овозини ҳеч ким эшитмасди. Тўсатдан кўтарилган кучли шамол ҳамма ёғни ағдар-тўнтар қилиб юборди. Дераза ойнаси чил-чил синди. Хас-ҳашак, қоғозлар осмонга кўтарилиб, чанг-тўзон кўтарилди… Шариф отани дафн қилдилар. Гўристонга, қабр бошига бормаган киши қолмади.

Оналар ҳамиша «бошинг тошдан бўлсин, болам», дейишади. Бироқ баъзиларнинг юраги тошдан бўларкан. Тожихоннинг елкасидан оғир юк тушгандай бўлди. Лекин қандай бўлиб, ўзи дардга чалиниб қолди. У бир «дард»дан қутулса, бошқа бир «дард»га гирифтор бўларди. Мана орадан уч йил ўтдики, тузалмайди. Бутун умри шифо излаш билан ўтяпти. Мулла-ю, эшонлар ҳам қолмади. Айтишларига кўра, дарди бедаво эмиш. Бундай касалнинг ўлиши ҳам, тузалиши ҳам қийин бўларкан. Ҳар замон ўлди-ўлди, деган гап тарқалади. Ҳатто ўлишга ўзи рози бўлса ҳам ажалдан дарак йўқ эди.

Тириклигида  қилмадинг шод,

Ўлгандан сўнг хоҳ кул, хоҳи қил фарёд.

***

Чол ўлди-ю, кампир тамом бўлди. Шариф ота унинг кўз нури, қалб қўри, белидаги мадорини олиб кетгандай эди. Ҳафталаб ташқарига чиқмайди. Ахир ярим асрлик рўзғоридан ажралиш осонми? Бу давр ичида не-не воқеалар бўлмади, дейсиз. Ҳаётнинг бутун аччиқ-чучугини бирга тотган, пуштипаноҳ суянчиғи, оғир пайтлардаги мададкори, энг яқин кишиси энди йўқ. Ёниб турган чироғи энди сўнган. Мастон буви ишонгиси келмайди. Деворларни ушлаб баъзан ташқарига чиқади. Хиралашиб қолган кўзларини атрофга тикиб, чолини қидирарди.

Тўғри, бола она учун азиз, жондан ширин. Лекин умр йўлдошининг ўрни бошқа! Она юрагидаги энг соф, энг эзгу тилаклари, яшириб юрган гапларининг ҳаммасини ҳам ўғлига ёки қизига айтолмайди.

Рўзи Маллаевич онаси билан хайрлашиб кетди, лекин шу кетганича, бедарак йўқолди. Рост, бир марта телефон қилди…

Бу йил куз вақтли келди. Ҳавонинг авзойи бузилиб, тез-тез совуқ шамол эсади. Ҳар шамол эсганда, дув-дув барг  тўкилади. Мастон буви ҳам бир шамолга маҳтал. Унинг эшиги олди тўла хазон, умри ҳам хазон бўлаёзди. Қодиржон чой дамлаб кириб ҳайрон бўлиб қолди. Онаси – меҳрибон, ғамхўр, муштипаргина шунчалик ожиз, шунчалик майдалашиб кетган кўриндики, кўзларига ишонгиси келмасди. Сандалнинг девор томонида муштаккина бўлиб ўтирарди.

-Яхшиямки келдинг, ўғлим. Ўтир, гапим бор,-деди онаси хаста овозда.    -Акангдан дарак йўқ. Энди бутун умидим сендан. Тўрт кунлигим борми-йўқми, билиб бўлмайди. Қабр бошига бир бориб келайлик, отанг билан хайрлашмоқчиман,-деди у кўзига жиққа ёш олиб. Қодиржон машина топиб, онасини олиб борди.

-Сен кириб ўтирма, шимларинг ифлос бўлади.

Ўғли унамади. Қўлтиқлашиб қабр бошига келишди.

«Ассалому алайкум ётибсизми, отаси? Мана, мен кенжангиз билан келдим, иккови соғ-саломат хавотир бўлманг. Менга  ҳам кам қолди, бугун эрта ёнингизга келиб қолсам ажаб эмас», дерди кампир ичида. Яна алланималарни пичирлади. Қалтироқ қўллари билан қабр устига чиққан тиканларни кўзидан ёш оқиб, юлиб ташлади.

-Сизларни жуда яхши кўрарди. Урушдан ҳам нуқул «Болаларимни эҳтиёт қил», деб ёзарди. Раҳматли жуда меҳрибон эди. Менинг гўрим бошига келмасаларинг ҳам оталаринг бошига тез-тез келиб туринглар,-деди Мастон буви ичидан отилиб келган вулқонни тўхтатолмай, хўнграб юборди. Бу унинг сўнгги йиғиси эди. Кўп ўтмай кампир ҳам оламдан ўтди.

Эртасига эрталаб Қодиржон ишга келишда онаси ётиб юрган хонанинг деразасидан (ҳар кунги одатидай) ичкарига қаради. Кутилмаганда юраги орқасига тортиб кетди – онаси жойида йўқ! Умрида биринчи бор ўксинди, кун бўйи қийналиб юрди.

Айниқса кейинги вақтларда онасини тез-тез эслайдиган бўлиб қолди. Етимлиги сезилиб борарди. Отаси ўлганда бунчалик бўлган эмасди. Аммо она – она эканда…

Юрса ҳам, турса ҳам кўз ўнгидан кетмайди. Айтган гаплари эсига келади. Баъзан қаттиқ тегиб хафа қилганлиги учун ўзини койийди. Агар ҳозир тирилиб келса ундай қилардим, онажонимни бошимга кўтариб юрардим, дейди ичида. Бироқ, буларнинг фойдаси бормиди энди? Олдин қаёқда эди?

 Рўзи Маллаевичнинг аҳволи ҳам шу: пушаймон қилгани-қилган. Ранги сарғайиб, юзидаги ажинлари кўпайган. Кўп ўйлайди, виждони қийналарди унинг. Ахир ота-онасини мудом чол-кампир деб, бирор марта отасини «ота» онасини «она», деб  чақирмаган, уларнинг кўнглини овламаган, йиллар ўтиб кетиб, бирор марта хабар олмаган, бутун умрида бир рўмолчадек нарса олиб бермаган ўғил – ўғилми?! Охирги марта укаси билан гаплашганда ҳатто, телефонга ҳам чақирмади. Ваҳоланки, Мастон буви кутиб турганди. Нима демоқчи бўлган экан, ўшанда у – онаизор?!

Мана энди у ўзини қаерга қўйишни билмайди. «Онамга қилган бепарволигим юрагимда армон бўлиб қолди. Бу армон ўлсам ҳам кетмайди» дейди, Қўшматов. Ана шу сўзни у тўғри айтди. Бола азиз дейишади, йўқ она азиз! Онанинг орзу-умиди, сўзлари азиз.

Ҳозир Қўшматов иложини топса-ю, жаҳон аҳлига эшиттириб нидо қилса: «Эсларингни йиғинглар, ҳой яхшилар! Ота-онанинг тириклиги ўзи катта бахт сизларга. Улар ҳаётлигида ҳурматини бажо  келтиринг. Ота-она қўларингга қарамайди, йўлларингга қарайди. Кўчадан кириб келишингизнинг ўзи катта бахт уларга. Бўйингизни кўриб хурсанд бўлишади. Тириклиги ғанимат уларнинг. Ўз ҳолига ташлаб қўйган бўлсаларинг, тезроқ хабар олинглар. Она меҳрибон, гуноҳларинг бўлса кечиради. Ҳар қанча орзу ҳавасларинг бўлса, ота-она тириклигида қилинглар. Улар вафотидан кейин «оҳ-воҳ» лозим эмас. Ҳа, ҳушёр бўлинглар, яна мендек армонда қолманглар!..»

 

Мухтор Бахриддинов.

Joomla блог