НАСР

Шеър ҳаёт ҳақиқати ва юксак бадиийликдан яралади

Муаллиф: Super user Категория: НАСР
Чоп этилган 19 Январ 2018 Кӯришлар: 968
Печат

       poeziya 2018Муҳарририятимиз почтасига ҳар куни турли мавзу ва жанрлардаги мактублар келиб туради. Республикамиз турли гўшаларидан келаётган ушбу мактубларнинг айримлари соф журналистик бўлса, баъзилари наср ва назмни ташкил қилади. Барчасини ҳам у ёки бу сабаб билан чоп этиш имкони бўлмагани учун, бир қисмига шарҳ бериб ўтишни зарур билдик.

Мана, қўлимизда олис Исфаранинг Хонобод қишлоғида истиқомат қилувчи ҳаваскор шоира Дилдора Худойбердиева қаламига мансуб "Исфара", "Менинг азиз фарзандларим", "Каптархона маҳалласи" номли шеърлари турибди. "Исфара" шеърини назардан ўтказамиз. Бир қарашда силлиққина, қофиялари ҳам жойидагидек кўринади: "сулола"га "лола", "тил ёрар"га, "ожиз қолар", "бобойи"га "гадойи" қофия қилинган. Бироқ шеър деганлари ёлғиз қофия билан яралиб қолмайди-да. Муаллиф Исфарани таърифламоқчи бўлади, уни машҳур этган ўриклари навларини тилга олади. Оддий гаплар.

Зархокдан бошланади,

Исфара сулоласи.

Тоғларини бир кўринг,

Гўзал гулу лоласи.

Ахир, "сулола" сўзи инсон авлодларига, юрт, кент, ватанга нисбатан эса, тарих сўзи ишлатилади. Масалан, темирчилар сулоласи, Исфара тарихи…

Муаллифнинг кейинги "Менинг азиз фарзандларим" шеърида ҳам фақат қофиябозлик кўзга ташланади.

Сизлар ору номусимсиз,

Юрак қоним-қомусимсиз.

Ўтиб кетсам, давомчимсиз,

Менинг азиз фарзандларим…

Шеърнинг илк икки мисрасида гарчи "номус" ва "қомус" сўзлари қофия бўлса-да, ўз ўрнида ишлатилмагани кўзга ташланади. "Юрак қоним-қомусимсиз" - "Юрак қоним-энциклопедиямсиз", демоқчими, шоира?

Кейинги "Каптархона маҳалласи" шеъри ҳам жуда жўн, поэтик меъёрларга тўғри келмайди.

Кейинги муаллифимиз - Акбар Олтиев, Кўлоб шаҳридан, педагог-шоир. Икки тилда ижод қилувчи, бир нечта китоблар муаллифи. Бизга "Мир Сайид Али каромати" ва "Қаён кетдинг, "Дарвишона?" номли шеърларини юборган экан. Биринчисида Шарқ мутафаккирларидан бири - Мир Сайид Али Ҳамадоний ҳазратлари  ҳокимликни талаб қилган, деган фикрни илгари сурилади. Аксинча, Амир Темур томонидан Кўлоб ҳокими этиб тайинланган Ҳамадоний буни марказдан четлаштирилгандай кўриб, ўзига малол олади ва Амир томонга так-такни улоқтиради. Авлиё каромати ила оддий так-так бошоғи кучли қурол каби Амир сари учади. Шунда бундан хабар топган Баҳоваддин Балогардон бобо   уни қайтариб қолади. Ноилож қолган Амир Темур бир ўғлини Ҳамадоний ҳазратларига назир қилади. Мир Сайид Али Ҳамадоний мақбараси атрофидаги қабрлардан бирининг соҳибқирон фарзандларидан бирига тегишли эканлиги буни исботлайди. Халқ оғзаки ривоятлари асосида ёзилган ушбу шеърнинг қофияланиш ва баён тарзи жуда яхши. Бироқ тарихий  ҳаёт ҳақиқати тафсилоти нотўғри талқин этилган. Агар ғоя "ҳақиқат суви билан" суғорилмаса, шеър ўз моҳиятини йўқотиб, суханбозликдан бошқа нарсага ярамайди.

Мисол учун, муаллифнинг иккинчи шеъри халқ орасида ҳар йил эрта баҳорда бериладиган дарвишона - садақа ошларининг йўқолиши боис, "Кўлобимни сув урди", яъни сел босди, дея иддао қилади.

"Дарвишона", қаён кетдинг, унутилдинг ёдлардан,

Қачон кетдинг сен бизлардан, Кўлобимни сув урди.

Серчашмамни лой босди, эл тўлди офатлардан,

Қачон кетдинг сен бизлардан, офатлар даврон сурди.

"Дарвешона", дафъи кулли балолар.

"Садақа - радди бало" ҳикматига асосланган ушбу шеър ҳамма томонлама шеър талабларига жавоб бермайди.  Устига-устак  муаллиф йўқолиб кетди, дея даъво қилган «Дарвишона» Тожикистон Республикасининг "Тожикистон Республикасида анъаналар, тантаналар ва маросимларни тартибга солиш тўғрисида"ги қонуни асосида тақиқланган эмас. Аксинча, «Наврузлик» номи билан янгича шаклда амалга оширилиб келинаётир.

Яна бир муаллиф - Махсатой Ҳожимуратованинг  "Тожикистонсан" шеърига бир кўз югуртирайлик.

Ҳар қанча яшнаса, яна юрт доим,

Дадил қадам ташла, Истиқлол сари.

Бутун дунё бўйлаб, баралла куй ҳам,

Ватан деб аталмиш мағрур тожик Тожикистоним,

Қалбдаги интилиш, тандаги қоним,

Менинг Тожикистоним.

Юксак пафосли сўзлар. Бироқ юракни жиз эттирадиган нарса йўқ. Сабаби: бадиийликка "бегона". Шоиранинг кейинги "Онаизоримсиз" шеъридан:

Қидирганда излаб нимани,

Худо сизни яратди-ку, берувчи ҳам у.

Бор дунёнгиз ортиб кетару,

Волидаи меҳрубонни топинг-чи қани?

Ва ёки "Муҳаббат" номли шеъридан парчани олиб кўрайлик:

Муҳаббат у шундайин бевафо туйғу,

Ҳатто сени ташлаб кетаркан.

Ҳаётингга раҳна солиб у,

Кўзларингни ёшлаб кетаркан.

Юрагингга ғамни тўлдириб,

Пушаймонлар олиб келаркан.

Нохос тақдир эшигин ёпиб,

Оз муддатга алдаб кетаркан…

Шеъриятдан озгина хабардор бўлган зукко ўқувчи ҳали бу мисралар устида узоқ ишлаш лозимлигини англаб етади, албатта. Бу маслаҳатни муаллифга ҳам берган бўлардик.

Бизга ўз ижодидан намуналар юбораётганлар орасида бир неча китоблар муаллифлари, "таниқли" шоирлар ҳам бор, албатта. Шулардан бири - Бобожон Ғафуров шаҳридан Акмал Қаландар. У кишининг бизга юборган шеърларини кўздан кечирарканмиз, шундай таниқли бир "ижодкор"нинг бадиий савияси паст битиклар битганига ишонгиси келмайди кишининг. Ҳайрат бармоғини тишлаб қоласиз!!!

У кишининг Ўзбекистонда Тожикистон маданияти кунларига бағишланган "Тожигу ўзбегим" номли шеъридан лавҳа:

Тожик десам яйрар дилим,

Ўзбек десам ёруғ кўнглим.

Иккови ҳам менинг элим,

Жаҳонда йўқ тенги элим…

Наҳотки, муаллиф оддий сўз тизмаларини шеър, деб атаётган бўлса? Боз устига, "дил" билан "кўнгил" бир нарса эмасми? Шеър мутолаасида давом этамиз. Рўдакий ва Сино, Жомий ва Навоий бирлигини иддао қилган шоир дабдурустдан:

Тожик, ўзбек дўпписи бир,

Чопонлари бўлмайди кир… -деб қолади. Бу даражадаги паст савияли мисраларни Акмал Қаландар ёзганига шубҳа уйғонади кўнглимда. Зеро, кир чопон ювилса, мағзава ҳосил бўлади. Шеър эса, мағзава билан ҳеч қачон келишган эмас.

Муаллифнинг кейинги - Ўзбекистон Қаҳрамони, шоир Абдулла Ориповнинг "Ўзбегим тожик билан" шеърига назира сифатида ёзган "Тожигим ўзбек билан" шеърига эътибор беринг.

Деворлари биттадур, тожигим ўзбек билан,

Алёрлари биттадур, тожигим ўзбек билан.

Саломлари ҳам бир хил, юраклар тўла меҳр,

Дил торлари биттадур, тожигим ўзбек билан.

Бир қарашда ажабтовур сатрлар. Мазмунан ҳам тўғридай: тожик ва ўзбек -  девордармиён қўшни. Бироқ алёру қўшиқлари ҳам бирмикин? Икки тилда сўзлашувчи бир халқ саналган бу икки миллат вакиллари назаримда, ўз тилларида алёру қўшиқлар куйласалар керак. Ўзбек ва тожик миллатининг дил торлари бир эканлигига, шубҳа йўқ. Аммо саломлари бир хил дейиш бизга қўшни бошқа халқлар саломлашувини савол остига қўяди… Салом, ассалому алайкум! Бу тахлит саломлашув, нафақат, тожик ва ўзбек, балки қозоғу қирғиз, туркман, борингки, барча мусулмонларда бор, улар шундай саломлашишади.

Давом этамиз:

Бир майизни қирқ бўлиб, юришади тўй қилиб,

Йўқ-борлари биттадур, тожигим ўзбек билан.

Бир майизни қирқ бўлиб ейиш чинданам Марказий Осиё халқларига хос хислат. Лекин ушбу мисраларда бу нажиб хислат яхши очиб берилмаган. Масалан, "Бир майизни қирқ бўлиб, юришади тўй қилиб…" мисраси  ўрнига «Бир майизни қирқ бўлиб, ейишар баҳам кўриб…» - дейилганда эҳтимол, мақсадга мувофиқроқ бўларди, балким. Бир майизни қирқ бўлиб, баҳам кўриш мантиқан ҳам дуруст. Бу билан биз шоирга ақл ўргатмоқчи эмасмиз. Бу фикрдан фарсахлар йироқмиз.

Гап шундаки, муҳарририятга келиб тушаётган баъзи «ашъор»ларни азбаройи бадиий савияси пастлигидан андишага бориб, чоп этмагандик. Баъзи муаллифларимиз эса, ўзининг «зўр»лигини билдириб қўйиш ниятида: «Мана, кўриб қўйинглар, мен давлат тилида ҳам ёза оламан», қабилида ўша шеърларининг тожик тилидаги вариантини ҳам йўллабдилар. Газета таҳрир ҳайъати ўз ўрнида ушбу шеърларни тожик тили мутахассислари, адабиётшунослар эътиборига ҳавола этди. Уларнинг жавоби эса қуйидагича бўлди: «Ин(ҳо)ро шеър гуфтан нашояд. Ба ягон жанр рост намеояд!»

Кези келганда, бир нарсани таъкидлаб ўтмоқчиман: муҳарририятга келган юқори савияли, ўқимишли ҳар қандай бадиий асар, албатта, чоп бўлади. Аммо, ҳаминқадарлари эса, архив бўлишга "маҳкум" ёки шарҳлардан ўрин олишга ярайди, холос.

Абдулло Саидов,

"Халқ овози", Маънавият бўлими муҳаррири.

Joomla блог