НАСР

ДАРВИШЛИК ТУНИ

Муаллиф: Super user Категория: НАСР
Чоп этилган 12 Январ 2017 Кӯришлар: 898
Печат

 

abdumanonzodaТуннинг қаро кунлар руҳидай ғамангез арвоҳи ҳақида хаёл суриш нечоғлик оғир. Кузакнинг дилгир тунлари менинг хотирамда маҳзун кечади...

Кузак туни...

Телбавор синоат сукутнинг оёғига чалкашиб ётган девона ўйлар...

Мезон торлари...

Хаёл сар-сари кезинган дайди-бадал дунё қўйнидаги вужуд.

Мен кузакнинг оппоқ ёғдулар тўкилиб ётган оқ шомларини, дилингга бир лаҳзада даҳшат солиб кетадиган тийра шомларини севаман ва уларга муштоқ кўз тикканимча бор. Боиси - У ана шу сониялар дунёга келганди. Ва менинг ҳам жунунлар водийси қўналға топган руҳимда илк дафъа У ҳақдаги  сокин хаёллар уйғонганди. Шу лаҳзалар ибтидоси бўшлиқларида мен унинг мажнунтолдай шокила-шокила қўнғир кокилларини ўзимни мудом телба қилиб юрган тунга менгзаб, Унга нимадир ёзиб жўнатмоқчи бўлдим. Бироқ... унинг тотли ўйлари бора-бора қутқули хотиралар бино эта бошлади. Ҳар тун ташқарида, совуқ ҳўмрайган тароватсиз қоронғулик бағрида кезинган мавҳум шарпалар аста-аста миямга жойлашиб олиб, аёвсиз таъқибга ўтди. Мен Уни тушимдан бўлак дунёда ҳеч қачон учратмаган эдим, фақатгина тунги ёғдулар сачраган зимистонларда итдай изғиб ҳориганим қоларди. Зеро, булар ҳаммаси аҳамиятлидан кўра, кучлироқ бинолар устида турарди. Бас десанг тобора авжига минаётган ўкиришлар, таъқиблар қутурган чоғларнинг бирида мен шамойилсиз ўтмиш ҳақида сароб хаёллар суриб, ёлғизликнинг бадбўй исларидан донг қотиб қолдим. Ҳамма ташвишу оромларни шум тақдирнинг ҳамма қоқилувчи кечаларига тўнкаб, яна Унинг изидан тушмоққа тутиндим. Борлиқ зулматлар қаърига беланиб ётарди. Тин олган жонзот борки, унинг белгиланган дақиқаларига қараб судралиб борарди. Телбавор тун бўлса, пинак қоқмай, ҳамон Унинг заҳил башарасига боқиб, сукунат аломатларининг боисини ахтаришга уринарди. Ҳаммаёқ мавҳумлашиб, бир оздан сўнг, гавжумлашиб кетди. Видо айтажак тунларим ҳам қат-қатига кириб, биқиниб олишди. Бадфеъл манзара... Ҳайҳотдек туннинг бағрида яна ўзим қолдим. Тентираб, девонаваш изғиган қўтир бўшлиқ, ҳамон Унинг қотма гавдасига бақрайиб турарди.

Сен дарвишмисан? - деди унинг хаёлидай жиннича.

Нурсиз олам яна нурсизлашиб, ёт шарпалар унсиз бўзлаб кела бошлаганда, борлиқ  туманлардан тунд бўлиб қолди.

darvishlik tuni...Кузакнинг бир дақиқалик  куни-ю сим сиёҳ тунлари доим менинг ғафлатлардан мосуво бўлмаган дилимда ғамгин кечади.

Ҳар йил борлиққа андуҳли заъфарон ис югуриб, олмазор боғлар шовуллаб, кўз ёшлардай хазон тўкканида, сукунатнинг азалий ва абадий бўлмаган қўнғироқлари янграб турган кўҳна мозорлар узра кузги қарғалар фарёд  кўтариб учганида руҳимга ўша қайғули оқшомлар чўкади. Ботинимга чангал урган ёввойи ҳислар бир дам қўниб ўтган даракчи қушлар галасидай бу фасл мени девонавор хаёллар қанотида кузак нафасидан ҳувиллаб ётган боғларга, афсунгар тун қароқчиларининг базмига етаклайди.

...Мен яна қўрқинчли туш кўриб, зулматлар ўкириб ётган ярим кечада, туйқус уйғониб кетдим. Жимжитлик қаърида мудраб ётган тун юрагимда ваҳималар қўзғай бошлади. Хонам мунғайган куйи сукунат билан тиллашиб ётганди. Уларнинг сўзини бўлмаслик учун оёқ учида юриб, деразадан ҳовлига боқдим. Олам ҳамон зулматлар бағрига чўкиб ётарди.

Негадир, анчадан бери бошим оғирлашиб қолган.

Сим-сим оғрийди.

Руҳимда нимадир безовта чинқиради.

Миям худди бурғиланаётгандай зарб билан қақшайди.

Вужудим...

Вужудим азоб чекади бу дарддан.

Нега ҳамон хазон босган ҳовли қоронғуликка кўмилиб ётибди?! - дейман ўзимга ўзим безовта савол бериб.

Шу маҳал узоқ-узоқлардан, сиёҳ туннинг комидан тун қушларининг қичқириғи эшитилди.

Асабларим зириллаб, тишларим такиллаб кетди.

Бир неча тундан бери шу алфоз умр кечиряпман: ЁЛҒИЗЛИК, СУКУНАТ, ДИЛҒАШЛИК.

Бош оғриғидан ўзимни чалғитай, деб китоб ўқишга тутинаман. Ўқийвериб чарчоқ босиб қолади.

Миям яна сим-сим этиб, ҳарфлар бир-бирига чаплашиб кетди. Иттифоқо китобнинг саҳифаларидан яна Унинг мудҳиш чеҳраси кўрина бошлайди. Унинг турқу таровати шунчалар совуқки, юрагим орқага тортиб кетади. Нима экан ёки ким экан У менинг бемор ҳаётим харобаларига бевақт осилиб олган махлуқ, дейман-да, кўзимни маҳкам юмиб оламан. Дунё чархпалакдай айлана бошлайди. Унинг турқу таровати шунчалар совуқки, юрагим орқага тортиб кетади. Дафъатан кўнглимда мавҳумдан-да мавҳум нидо садоланади.

Қулоқларим том битиб қолади. ...Нимадир гумбурлаб, чўчиб уйғониб кетаман...

Мен кўзимни очганимда ёнимда паришон ҳолимдан хавотирланган азалий дўстларим СУКУНАТ, ЁЛҒИЗЛИК ва БЕМОРЛИК қараб туришарди.

"Менга нима бўлди?!"

"Қоронғулик босиб ётган бу дунёда нималар бўляпти?"

"Наҳотки туш ичида туш кўриб ётган бўлсам?.."

"Бу мудҳиш хаёлотнинг, мавҳумлик қутуриб ётган воқеликнинг чеку чегараси бормикан?.."

Ҳаммадан илгари қуруқ саволларимга ЁЛҒИЗЛИК жавоб айтди: - "Нега бўлиши мумкин эмас? Ахир яшаётган умр йўлларинг ўзи мавҳум-ку..."

ЁЛҒИЗЛИКнинг совуқ сўзларини эшитиш ҳамоно БЕМОРЛИК менга янада яқинроқ келиб тўхтади, юрагимда ғашлик қўзғатиб, ғимирлай бошлади...

СУКУНАТ ҳаммасини бирдан бағрига ютиб, юрагим У ташлаб кетган макондай ҳувиллаб қолди.

Мен ундан - бошқа дўстларимдан СУКУНАТга илтижо қилиб, уларни хонамдан ҳайдашни сўрадим.

"Агар, - деди СУКУНАТ, - ЁЛҒИЗЛИК билан БЕМОРЛИКни қувсанг, менга не ҳожат қолади?"

Шу зум СУКУНАТ соясидаги ЁЛҒИЗЛИК менинг мадорсиз сўзларимдан қаҳқаҳа отиб кулди.

Бугун ҳам уни қишлоқдаги дўстлари келиб олиб кетишди. "Ўтирасанми шу  тор кулбада қисилиб",  деб қистаб-сиқтаб судраб кетишган эди. Мен ҳам шунча айтишларига қарамай, у ёки бу китобни ўқиш кераклигини рўкач қилиб бормадим.

"Хўш, - деди ЁЛҒИЗЛИК, - мен кетсам агар СУКУНАТнинг овозини қаердан топасан ёки унинг ортидан соядай эргашиб кетишинга ақлим етмайди?!

"Сен қайси маконда яшаётганлигингни биласанми?!" - дейди у ана шу оҳангда.

"ЁЛҒИЗЛИК сен турган МАВҲУМЛИК қафасини синдиролмаслигини ҳам биласанми? Аслида ЁЛҒИЗЛИКнинг ҳеч нимага, СУКУНАТ ва БЕМОРЛИКдан бўлак нарсага кучи етмаслигини менчалик тушунсанг эди".  Аввали сен ўзинг ёлғизсан. Мен эса, танҳолик уйдирмаси. Эшитяпсанми, мен СЕН. Сен эса, МЕН. Орамизда ҳеч қандай хитой девори...

"Мен - сен", "Мен - сен", "Мен - сен".

"Эшитяпсанми?!" "Эшитяпсанми?!"  "Эшитяпсанми?!."

- Эшитяпсанми? Э, шоввоз, турсангчи. Соат тўққиз бўляпти. Ишга бормайсанми? Мен дарсга кетаяпман. Тур тезроқ. Хола саҳар билан қаергадир кетибдилар. Ма, ол...

- Соат неча дединг? - дедим унга яхшироқ тикиларканман, кўзларимни ишқаб. - Қачон келдинг қишлоқдан? Мунча барвақт. Нима билан?..

У менга қараб турди-ю шарақлаб кулиб юборди.

- Э, Кафка, Франц  Кафка... Айтдиму камроқ ўқиш керак ана унақа ажина девлар ҳақидаги китобларни, ҳеч қанақа қишлоққа кетганим йўқ-ку.

Қишлоқдан саҳарлаб келиб бўлмайди-ку, шоввоз, ха-ха-ха... Кеча кечқурун Олимларникига "денрождение"га  кетяпмиз, дедим. Шунча ёлворсак ҳам бормадингиз. ха-ха-ха... Қишлоққа денг. Э, Кафкавой-е, тезроқ туринг, мен кетдим. Энди муродга етибсиз. Ҳақиқий дарвиш бўлиб қолибсиз. Битта йиртиқ-ямоқ тўн кийиб, бошга бир жанда илиб, кўчага чиқсангиз, вассалом, қип-қизил дарвишсиз. Ха-ха-ха.... - у кулгидан ўзини зўрға тияр экан, кўз ёшларини артган бўлиб эшикни тақ этиб ёпиб чиқиб кетди. Анчагача қулоғимда унинг шарақлаб кулган  товуши силкиниб турди.

У чиқиб кета туриб эшикни эмас, менинг оғриқдан ёрилаётган миямга "шақ" этиб ургандек бўлди.

Миям баттар оғирлашиб кетди.

Хонанинг у ёқ - бу ёғини чала чулпа тузатиб, тобора оғирлашиб бораётган оёқларимни судраб ишга жўнадим.

Кета кетгунча миямга қўрғошиндай ўрнашиб қолган мавҳумлик, мудҳиш хаёлот, кузак осмонида хаста руҳлардай сарсон-саргардон учиб юрган мезонлар, айқаш-уйқаш бўлиб бир-бирига уйқашиб кетган азалий дўстларим, СУКУНАТ, ЁЛҒИЗЛИК ва БЕМОРЛИК  тўғрисида ўйлай кетдим.

Бошим ари  уясидай ғувиллайди.

Миямда яна ўша, тунда юрагимга бир ҳовуч қўрқув сепиб кетган мавҳум хаёллар оғир кезинади.

- Нима бўляпти ўзи менга?! - дейман  ўзимга ўзим тундагиларни  эслаб.

Бир неча кундан бери ўзи шундай: на юришим, на туришимда ҳаловат бор. Назаримда бугун-эрта нимадир ўзгариб қолаётгандай, ҳаётимда нимадир содир бўлаётгандай.

Йўлда кетаётиб, эрта саҳардан муштлашиб, ҳангоматалаб оломонни тўплаб олган безориларни кўриб, яна асабийлашиб кетдим.

"Менга нимадир бўлган  десам, одамларга нима бўлган?!"

Нега бу лаҳзалик оқибатсиз дунёда одамлар бир-бирларини бунчалар қадрсиз буюмдай қадрсизлаб боришаяпти? Ачинмайдилар. Нега?!! Ўлганнинг устига чиқиб тепадилар. Нима учун?!!

...Инсон умри... Увол кунлар бағрида учган дилхаста юрак. Эсиз одамлар...

Хаёлимда қаҳрли саволлар оч бўридай изғийди.

Юрагимда ҳиссиз, навосиз туйғулар тўзон кўтаради.

Нега кунларим паришон?

Нега тунларим беором? Руҳим синиқ, нега?

Бошим сим-сим оғрийди.

Андуҳлар бошим узра  кузги хазонлардай бунчалар тўзғиб учмаса?..

Дунё беморликдан ингранади...

Нега?!!

- Нега?!!  - дедим унга илтижоли тикилиб.

Гапимни кўзларини бир нуқтага ғуссали, ўйчан қадаб ўтирган шоир Абдулло Зуҳур ҳар куни, вақти келганда, ҳар лаҳза эринмасдан бирор одам яшашиданми, уйидаги мувозанатнинг бузилганиданми ёки борингки дунёдан кўнгли совуб кетиб, дилини ёрганда қайта-қайта, бот-бот такрорлайдиган гапини бугун биринчи бўлиб менга айтди:

- Оғир бўлинг. Ҳаммаси яхши бўлиб кетади. Оғир бўлинг...

Бир неча кун "оғир бўлиб" юрдим.

Халқ қатори тириклик насибасини истаб жимгина ишга қатнаб турдим.

Бироқ... Ҳар тун кўзим илиниши ҳамоно вужудимдаги оғир зарбдан силкиниб кетаман... сесканиб кетаман.

Унинг руҳини қақшатганим учун юки босяпти, дейман қўрқиб-қўрқиб...

...Ниҳоят, вақт етиб келганга ўхшайди. Агар бугун ҳам у ҳақда нимадир битмасам руҳимда қўзғалган ёввойи ғалаён мени маҳв этиб қўяди, дедим-да, дўстимни қишлоққа - уйга жўнатиб юбордим.

Бу тун ҳам мен ёлғиз қолдим.

Ўзимни тунги дил суронларига кўниктириш учун то шомга қадар дўстимнинг бир дафтар дид билан чизилган нофармон гулларини томоша қилиб ўтирдим.

Ташқарига чиқиб чўққилари оппоқ-оппоқ тоғларга , кунботарга учаётган қушларнинг сўнгги галаларига боқдим.

Яна нимадир қилишим керак, кеч бўлсин. Чунки олдимда катта оламга ўралган ДАРВИШЛИК туни уйғониб келарди.

Дарвишлик туни...

Мени йилу асрлар оша қолиб кетган бегуноҳ умримни ғафлатлардан мангу бедор этадиган, руҳлари қаҳрли дарвишлик туни...

 

Ёқубжон АбдуманонЗОДА.

Joomla блог